Янгиликлар. Хабарлар. Воқеалар

Миллатлараро муносабатлар янада яхшиланади

Тошкент. “Миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Президент фармони қабул қилинди.

Ҳужжатга кўра, мамлакатимизнинг ушбу соҳадаги сиёсатининг асосий йўналишлари белгиланди. Миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати концепцияси ҳамда уни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланди.

18 та ҳамкорлик битими

Қорақалпоғистон. Нукус шаҳрида “International Investment Forum Karakalpakstan” халқаро инвестиция форуми бўлиб ўтди.

Икки кун давом этган форумда Жанубий Корея, Россия Федерацияси, Хитой Халқ Республикаси, Сау­дия Арабистони, Покистон, Афғонистон, Қозоғистон, Озарбайжон каби ўндан ортиқ давлатдан хал­қаро ташкилотлар вакиллари ҳамда ишбилармонлар иштирок этди.

Форум якунлари бўйича 313 миллион доллар миқдоридаги 18 та ҳамкорликдаги савдо-иқтисодий битимларга эришилди.

Йўл хавфсизлиги — барча учун!

Сурхондарё. Термизда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг Сурхондарё вилояти бошқармаси ҳамда вилоят ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ҳамкорлигида матбуот анжумани ўтказилди.

Тадбирда пиёдалар йўлакчаларида тартиб бузарликларнинг, йўллардаги тирбандликларнинг олдини олиш, аҳоли гавжум ҳудудларда транспорт воситалари ноқонуний тўхташ ҳолатларига чек қўйиш, ходимнинг ахлоқ-одоб қоидалари ва ҳайдовчилар билан ўзаро муносабатларида хушмуомалаликни таъминлаш каби масалалар атрофлича муҳокама этилиб, тегишли таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Ҳарбийлар тактик машғулотларга тайёрми?

Жиззах. Мудофаа вазирлигига қарашли “Фориш” тоғ полигонида Ўзбекистон ва Қозоғис­тон ҳарбий хизматчилари ҳамкорлигида амалий ва тактик машғулотлар ўтказилди.

Беш кун давом этган машғулотда ҳарбий хизматчилар қозоғистонлик ҳамкасблари билан биргаликда тоғ шароитида қутқарув ишлари, жанговар қуроллар билан қояга кўтарилиш ва тушиш, тунги шароитда нишонларга аниқ ўқ отиш, шартли душман гуруҳини қуршовга олиш ва йўқ қилиш каби турли вазифаларни бажаришди.

Ўз мухбирларимиз.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

nine − 7 =