Аёллар қачонгача “мардикор бозори”га чиқишади?

Аёлларнинг таълим олиши, меҳнат қилиши ва жамиятда ўз ўрнини топиши учун барча шароитлар етарли. Аммо, беш қўл баробар эмас-да, ҳамон ўз ўрнини топа олмаган хотин-қизлар ҳам кам эмас.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ижросига бағишланган матбуот анжумани куни-кеча Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ва “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази мутасаддилари иштирок этди.

Матбуот анжуманида айтилишича, жорий йилнинг ўтган 9 ойида 250 мингдан ортиқ ишсиз хотин-қизлар ишга жойлаштирилган.

Шунингдек, ногиронлиги бўлган 5 мингдан ортиқ хотин-қизга Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағлари ҳисобидан ногиронлик аравачалари ва бош­қа реабилитация воситалари олиб берилди. Тадбирда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Зулайҳо Маҳкамова бу борада амалга оширилаётган ишлар билан журналистларни таништириб, учраётган муаммоларни ҳам санаб ўтди:

— Қўмитага келиб тушаётган шикоятларнинг кўпи аёлларнинг уй-жой, оилавий муаммолар, бандлик, кредит олиш ҳамда зўравонлик масалаларида бўлмоқда. Қолаверса, айрим ҳудудлар бўйича хотин-қизларнинг ҳуқуқлари поймол этилаётгани айтилмоқда. Гоҳида аксарият аёлларнинг ишхонасидан ноҳақ бўшатишларини ҳам эшитамиз. Ўрганишлар натижасида шу нарса маълум бўлдики, шу пайтгача 2 мингга яқин иш берувчилар хотин-қизларнинг ҳуқуқларини бузган. Уларнинг аксарияти бизнинг саъй-ҳаракатимиз натижасида ҳал этилди.

Ўзингизга аён, аёлларнинг бир кунлик ёлланма меҳнат билан шуғулланиши жамиятда кўп муҳокама қилинди. Аммо ҳануз бу борада тизимли ишлар амалга оширилмади. Бозорлар ва одам қатнови кўп бўлган катта йўллар атрофида аёлларнинг тўпланиб, “мардикор бозори”га чиқаётгани жа­миятимизнинг энг оғриқли нуқтаси ҳисобланади.

Гулдек нозик жуссаси билан оғир ишларга ҳам тирикчилик туфайли кўнган аёлларнинг қисмати ҳақида Хотин-қизлар қўмитаси раисининг ўринбосари Мукаррама Нурматова қуйидагиларни маълум қилди:

— Сир эмаски, аёлларнинг барчаси ҳам тўлиқ иш билан таъминланмаган. Бу эса бизнинг олдимиздаги энг муҳим вазифа бўлиб турибди. Фарзандлари билан боқувчисиз қолган аёл кунлик иш билан шуғулланишига тўғри келмоқда. Бунга кўз юмиб бўлмайди. Оиласига моддий ёрдам кўрсатиб, уйига қайтариб олиб борган вақтларимиз бўлган, аммо “Қўлдан берганга қуш тўймайди”, деган нақл бор. Улар яна пул топиш учун мардикорчиликка чиқади. Ҳалол пул топиш айб­мас, лекин уларни “мардикор бозори”да кўриш Хотин-қизлар қўмитаси учун оғир масала, аёлларни ишга жойлаштириш борасида режаларимиз бор. Тушунамиз, аёлга қийин, қандай одамнинг уйига ишга кетаётганини билмайди ва айрим пайтларда салбий ҳолатларга ҳам дуч келади.

Яқинда тадбиркор юртдошларимиздан бири Германия ва Корея давлатларининг тажрибасини ўрганиб, янги лойиҳа таклиф қилаяпти. Албатта, лойиҳа учун яхшигина маблағ зарур бўлади. Мазкур масала юзасидан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги мутасаддилари билан меморандум имзолаш, лойиҳани амалга ошириш юзасидан томонларнинг вазифа ва мажбуриятлари борасида келишиб олиш тараддудидамиз, — деди М.Нурматова.

Феруза Раҳимова,

«Hurriyat» мухбири.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

sixteen − 16 =