Давлат тили масаласи мавсумий иш эмас

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси медиа марказида Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ҳамда «Нотиқлик санъати академияси» нодавлат таълим муассасаси билан ҳамкорликда  “Телерадио бошловчилик маҳорати мезонлари, бу борада юзага келган муаммолар ва уларнинг ечимлари”  мавзуида ўтказилган семинар-тренинг Давлат тили масаласига бағишланди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 21 октябрдаги «Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонида белгиланган вазифаларни мамлакатимиз оммавий ахборот воситалари, хусусан, телерадиоканалларда таъминлаш хусусида ўзаро фикр алмашилди.

Унда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Саъдулла Ҳакимов, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси раиси  Алишер Хаджаев, “Нотиқлик санъати академияси” нодавлат таълим муассасаси  бош директори Раҳимбой Жуманиёзов ва бош­қалар сўзга чиқишди.

Маълумки, жорий йилда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг 30 йиллиги кенг нишонланди. Унда тарихда илк маротаба давлат раҳбари иштирок этди ва нутқ сўзлади. Давлатимиз раҳбари ўз нутқида тилимиз софлигини асраш ва уни келажак авлодга бус-бутун етказишга алоҳида эътибор қаратди. Шунингдек, мазкур фармонни қабул қилишга бўлган эҳтиёж ҳақида сўз юритди. Ушбу фармон билан Вазирлар Маҳкамаси Давлат тилини ривожлантириш департаменти ташкил этилди. Департаментнинг асосий вазифалари давлат тилини ривожлантириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан мониторингни амалга ошириш, ушбу соҳада жамоатчилик назоратининг самарали шаклларини жорий этиш ҳисобланади.

Семинар-тренингда давлатимиз раҳбарининг маърузаси ва Фармонда белгиланган вазифаларни ҳаётга татбиқ этишда телерадиоканалларнинг ўрни муҳим эканлиги алоҳида таъкидланди. Телерадио ижодкорлари нотиқлик санъатидан ўта нозиклик билан фойдаланишлари ва адабий тил меъёрларига  қатъий риоя этишлари шарт. Айрим теле ва радиоканалларда бошловчиларнинг шевада гапиришлари ва адабий тил қоидаларини бузиш ҳолатлари учраётгани хусусида тан­қидий фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Қайд этилганидек, бугунги кунда телерадиоканаллар орқали эфирга узатилаётган  кўрсатув ва радиоэшиттиришларда бошловчилар, сухандонлар ва журналистлар томонидан қўлланилаётган ҳар бир сўз ва ибора аҳоли ўртасида тез  «истеъмол»га киради.

— Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига бу йил ўттиз йил тўлди. Лекин ўтган ўттиз йил мобайнида  мазкур сана катта байрам қилинмаган. Бу йил ушбу сана ўзгача кайфиятда ўтказилди, — деди Раҳимбой Жуманиёзов. —  Аслида тил масалали мавсумий  иш эмас. Ўзбек тили билан ҳар куни нафас олишимиз, яшашимиз керак. Биринчи нав­батда, бу ақида фаолияти тил билан боғлиқ жур­налист­лар ва сухандонларга тегишли. Телебошловчилар, сухандонлар ва журналистлар  кўпроқ нутқнинг аниқлигига эътибор қаратишлари керак. Тилнинг адабий меъёрларига амал қилиши шарт. Бунинг учун улар ҳар куни китоб ва газета ўқиши жоиз. Нотиқлиқ санъатидан устозлар маҳоратларини ўрганиш ҳам фойдадан холи бўлмайди. Яна бир гап, нотиқлик дарс эмас, бу муолажа. Тилдаги нуқсонларни даволаш муолажаси. Нотиқ бўлиш учун бир ёки ўн йил кифоя қилмайди. Бутун умр уни ўрганишимиз лозим бўлади.

Йиғилиш якуни бўйича, иштирокчиларнинг фикр-мулоҳазалардан келиб чиқиб таклиф ва тавсияларни умумлаштиришга келишиб олинди.

Жобир Хўжақулов.

Javob qoldiring

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

eighteen + fifteen =