“Электр тармоқлари” хоҳласа жавоб бермайди!

Депутат ҳудудларда мавжуд муаммоларни ўрганиш мақсадида ташриф буюрар экан, аҳоли манфаатлари йўлида хизмат қилиш унинг асосий вазифаси сифатида тилга олинади. Бугун жойларда ташкил этилаётган сайёр учрашувлардан асосий мақсад ҳам аҳоли мурожаатларини ижобий жиҳатдан ҳал этиб бериш ҳисобланади.

Ўзбекистон “Адолат” СДП Халқ депутатлари Бухоро шаҳар Кенгаши депутатлари ҳудудларда бўлиб, аҳоли муаммоларини ўрганишар экан, мурожаатлар асосида уларнинг амалий ечимларига эътибор қаратиб келади. Аммо бир мурожаатни жойида ҳал этиш биргина депутатга боғлиқ эмаслиги, масала ҳамкор ташкилотлар кўмагида амалга оширилиши барчага кундек равшан бўлса-да, баъзи мутасаддилар депутат сўровига нисбатан нотўғри жавобни йўлласа, бошқалари олди-қочди мужмал жавоблари билан депутатни алдашга уринади. Баъзиси эса умуман жавоб бермайди, муаммони ҳал этишга уринмайди. Гўё депутат ўзича ташкилот ходимларини безовта қилаётгандек…

Депутат Ориф Эгамов Бухоро шаҳрида жойлашган “Алишер Навоий” МФЙ ҳудудидаги “Мехтар амбар” кўчасида истиқомат қилувчи Нафиса Қодирова, Рейхан Ибрагимова ва Гулсара Қурбоновалар мурожаатларига асосан шаҳар Электр таъминотига жорий йилнинг 3 октябрь ойида сўров билан мурожаат қилганди. Унда юқорида номи келтирилган кўчада айрим симёғочларнинг носоз ҳолда эканлиги, ёритиш чироқларининг йўқлиги тўғрисидаги камчиликлар қайд этилганди.

Маълумки, “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутати мақоми тўғрисида”ги қонуннинг 8-моддасида муаммолар юзасидан ташкилотга йўлланган депутатлик сўровига ташкилот раҳбари ўн кун муддат ичида маълумот тақдим этиши лозим. Аммо…

Ёки “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий Жавобгарлик Тўғрисидаги Кодекс”нинг 26- “Бошқарувнинг белгиланган тартибига тажовуз қилувчи ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жавобгарлик” деб номланган бобининг 193-моддасида “Давлат органларининг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, мулкчилик шаклидан қатъи назар корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг мансабдор шахслари томонидан депутатлар ҳамда сенаторлар олдидаги ўз вазифаларини бажармаслик, уларнинг ишига тўсқинлик қилиш, уларга атайлаб сохта маълумот бериш, депутатлик ва сенаторлик фаолиятининг кафолатларини бузиш, худди шунингдек, мансабдор шахслар томонидан парламент сўровини, депутат, сенатор сўровини кўриб чиқмасдан қолдириш ёки уларни кўриб чиқиш муддатларини узрли сабабларсиз бузиш ёхуд улар юзасидан била туриб нотўғри маълумотларни қасддан тақдим этиш мансабдор шахс­ларга энг кам иш ҳақининг уч бараваридан етти бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади”, дея қайд этилган.

Бухоро шаҳар электр таъминоти мутасаддилари икки ҳуқуқий ҳужжатнинг моҳиятидан бехабар қолган чоғи, ўн кун, йигирма кун… хуллас, орадан бир ойдан ортиқ вақт ўтибди ҳамки, депутатнинг сўровига на жавоб йўллашган ва на масалани бориб ўрганишган.

Ўзимизча балким муаммони ҳал этиб берган-у, аммо депутат сўровига узрли сабабларга кўра жавоб йўллай олмаган дея, тахмин қилдик-да, ҳудудда истиқомат қилувчи фуқаро Гулсари Қурбонова билан боғландик:

— Симёғоч масаласини неча маротаба билдириб ўтганмиз, депутатлар ҳам келиб ўрганишди, уларнинг ташкилотга тақдим этган мурожаатлари асосида ҳам ҳеч ким келиб ўрганмади. Наҳотки, бизнинг кўчадан кунига минглаб чет эллик меҳмонлар ўтишини билишмаса, кўчаларимиз кечаси қоронғи, фарзандларимиз, шаҳримиз меҳмонлари учун қийшайиб турган симёғоч хавфли вазиятларни юзага келтириш мумкин, дея қайта ва қайта кўмак сўрадик. Ҳамма жим…

Мана сизга қадим Бухородек шаҳри азимда бугунги шаҳар мутасаддиларининг одамларга, элу халқ сайлаган депутатга бўлган муносабати ва “ҳурмат”и!

Моҳигул Абдуллаева,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Бухоро вилоят Кенгаши матбуот котиби.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

19 + twelve =