Газета — тарих яратувчиси

Газетанинг бундай беқиёс имкониятларидан фарзандларимизнинг унумли фойдаланишига ёрдам кўрсатиш, биринчи навбатда, ўқитувчининг зиммасида. Албатта, ўсмир-ёшлар телевизорнинг, интернетнинг жозибадорлигига маҳлиё бўлиб, газетага чап кўзи билан қараса, кейинчалик пушаймон бўлади. Бундай жараён куча­йиб кетганида эса бутун халқ, миллат кўп нарсани бой бериб қўяди.

Газета, шубҳасиз, инсоният яратган буюк кашфиёт, маънавият сарчашмасидир. Замонлар, даврлар оша ўз қадрини йўқотмай, керакли бўлиб келаётган газетачилик соҳаси, гарчи бугунги кунда маълум қийинчиликларни бошидан кечираётган бўлса­­-да, барибир, ҳозирги пайтда ҳам беқиёс аҳамиятга, ўз ўрнига моликдир. Буни ҳеч ким инкор қила олмайди.

Аввало, газета маънавият кишисининг яқин ҳамроҳи эканлигини айтсам, истеъдодлар учун эса илк эшик ва мактаб, ўзига хос илҳом манбаи вазифасини ўтайди. Ёзувчи, шоир, олим, журналистнинг катта қисми адабиётга, илм-фанга, публицистикага газеталар орқали кириб келган. Чунки уларнинг илк бадиий машқ­лари, мақолалари газеталарда чоп этилган.

Кўпчилик таниқли шахслар ўз мухлислари билан давр силсилалари ва миллий адабиётимиз муаммолари, келгусида бажарилиши лозим бўлган долзарб масалалар хусусида газета орқали мулоҳаза юритади. Қалами матбуотда чархланиб, кейинчалик таниқли ёзувчи, шоир ёки журналист сифатида танилади. Китоблари севиб ўқилаётган адабиёт дарғалари ҳам газетада илк кўриниш қилганлар.

Аксарият китобхонлар эса газеталардаги мақолалар, турли журналлардаги ижод намуналардан баҳраманд бўлиб, бора-бора бадиий асарларнинг ҳақиқий мухлисига айланадилар.

Ўқитувчининг кўмакчиси

Ўқитувчи ўз шогирдлари орасида ёзиш қобилияти бор ўқувчини пай­қаса нима қилади? У, албатта, газета таҳририятига етаклаб келади. Бу ерда ёш истеъдодга илк маслаҳатлар берилади. Мабодо ёзганлари газетада чоп этилса борми, ўқувчи қанот боғлайди, ижод сари учади. Ўқишга, изланишга бўлган рағбати кучаяди.

Бундай ўқувчилар катта ҳаётда тезда ўз ўрнини топиб кетишади. Элда ҳурмат, обрў-эътиборга сазовор бўлишади. Китоб, газета ва журналларни ўқиш ҳаётининг мазмунига айланади.

Худди, шунингдек, ўқувчининг бошқа соҳаларга — масалан, рассомчиликка, мусиқага ёки бирон-бир фанга қизиқиши тенгқурларининг илк ютуқлари газетада эълон қилинганида ортганини кузатганмиз.

Газетанинг бундай беқиёс имкониятларидан фарзандларимизнинг унумли фойдаланишига ёрдам кўрсатиш, биринчи навбатда, ўқитувчининг зиммасида. Албатта, ўсмир-ёшлар телевизорнинг, интернетнинг жозибадорлигига маҳлиё бўлиб, газетага чап кўзи билан қараса, кейинчалик пушаймон бўлади. Бундай жараён кучайиб кетганида эса бутун халқ, миллат кўп нарсани бой бериб қўяди.

Тафаккур ялқов бўлиб қолмасин

Телевидениенинг тезкорлик, жозибадорлик борасидаги устунлигини инкор қилмаган ҳолда газетанинг ўта фойдали томонларидан воз кечиб бўлмайди. Агар синаб кўрмоқчи бўлсангиз, телевизорда бир воқеани томоша қилингда, уни газета орқали ўқиб кўринг, ўзингиз ишонч ҳосил қиласиз.

Сиз воқеа тафсилоти билан танишар экансиз, сўзларнинг қандай ёзилишини, қаерда нуқта, вергул, сўроқ, ундов сингари белгиларнинг қўйилишини, хат боши нима эканлигини, бош ҳарф, кичик ҳарфнинг ўрни қаердалигини ўрганиб борасиз.

Мабодо, бу борада билимингиз етарли бўлса, янада мустаҳкамлашга эришасиз. Мақолани ўқиб, воқеани фикрингизда жонлантирасиз. Бу билан сиздаги ҳужайралар ҳаракатга келади. Ҳаракат эса билим ва тафаккурнинг янги уфқларини очади.

Телевизорда бу масала тайёр ошдай гап. Сиз тайёр тасвирни кўришга доимий одатланар экансиз, менимча, хаёл экранингиз дангаса бўлиб қолиши мумкин. Чунки сиз тайёр тасвирни қабул қилаяпсиз. Воқеани тафаккурингизда ўзингиз тўлиқ жонлантирмаяпсиз.

Газетада чоп этилган мақолани истаган вақтингиз қайта-қайта ўқиб, мағзини чақиб, шундан сўнггина керакли хулосалар чиқариш мумкин. Телевизорда бундай имконият йўқ. Телевизор ва интернет хаёл экрани қуёшдек порлаган буюк шахсларнинг ихтироси эканлигини унутмайлик. Бошқача айтганда, телевизор ва интернетнинг илдизи китоб, газета ва журналдир. Энди илдизидан маҳрум этилган нарсани ўзингиз тасаввур қилаверинг. Ўз олдига улуғ мақсадларни қўйган шахс, албатта, тинмай китоб, газета, журнал ўқиши керак.

Баҳсга чорлайди

Даврада қаердадир рўй берган воқеа, янгилик ҳақида суҳбат бўларди. Биров у деди, биров бу деди. Суҳбат шу даражага етдики, икки киши ҳам ўз фикрининг тўғрилигини исботлашга интилиб, аввал овозини баландлатди. Кейин кўзларини чақчайтириб, бир-бирига хезлана бошлади. Ўртада жанжал чиқиб кетиши, кўп дилхираликлар бўлишига сал қолди.

Шунда даврадагилардан бири босиқлик билан сўзлаб, масалага ойдинлик киритди. У фикрларини газетада чоп этилган мақола билан исботлаб берганида ҳамма жим қулоқ солди. Шу билан икки ўртадаги жанжалнинг олди олинди.

Раҳматли устоз Алибой Эргашев газетанинг фойдаси билан боғлиқ бир воқеа­ни сўзлаб берганди. У киши айтгандики, бир одамнинг бошига кулфат тушади. Энди унинг тақдири ҳуқуқ-тартибот идорасидаги масъул шахснинг сўнгги хулосаси билан боғлиқ эди. У кишининг ҳимоячиси ҳаётда амалга оширган турли хайрли ишларини далил сифатида келтиради. Аммо узил-кесил ҳимоя учун далил камлик қилди.

Шунда бирдан хаёлига ўзи ҳақида газетада ёритилган мақола келади. Шу мақола ҳал қилувчи далил бўлади ва бошида айланиб турган “қора булут”лар тар­қаб кетади.

Ҳа, ҳаётда газетанинг шундай фойдаси ҳам бўлиб туради.

Она тилимиз ҳимоячиси

Ҳурматли Президентимиз Шавкат Мирзиёев шу йил 21 октябрда “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонни имзолади.

Бу ҳужжатнинг қабул қилинганлиги барчамизни беҳад мамнун қилмоқда. Чунки ўзбек тили, таъбир жоиз бўлса, миллий истиқлол ғоясининг ўзак қисмини, ажратиб бўлмас, ўта муҳим бўлагини ташкил этади. Она тилимизга эътибор — ўзбек миллатига, Ўзбекистон халқига, ўзбек давлатчилигининг тараққиётига эътибордир.

Президентимиз олдимизга қўйган бундай ўта муҳим вазифаларни газета ўқимасдан уддалай олмаймиз. Чунки кўчалар, хиё­бонлар ва майдонлардаги рекламаларда, эълонларда, шиорларда ўзбек тили қоидалари бузилганлигини кўп кузатмоқдамиз. Оддий кишиларга тушунарсиз бўлган ажнабий ном ва ёзувларнинг болалаши эса ўзини ватанпарвар деб ҳисоблайдиган кишиларнинг ғашига тегмоқда.

Бизнингча, газета билан дўст бўлган киши бундай камчиликларга йўл қўймайди, мабодо муаммо пайдо бўлса, газетада чиқиш қилиб осонгина ҳал қилиши мумкин.

Юрак қўри

Албатта, газеталар ўқимишли бўлиши керак. Бунинг учун таҳририятга салоҳиятли журналистлар жамланиши, зарур.

Журналист юрак қўри билан ёзсагина, мақоласи бошқа юракларга етиб боради, ёзганини ўқувчи излаб, севиб ўқийди. Мақоладан қониққан, ундаги тафаккур жилолари руҳият ташналигини қондирган, қалбнинг қоронғу бурчакларини ёритиб юборган ўқувчи обуна учун сарфлаган пулига ачинмайди.

Газетанинг ўқимишлилиги — энг яхши ташвиқот. Энг яхши реклама ҳам шундан иборатдир. Бунга меҳнат, меҳнат ва яна меҳнат билангина эришилади.

Товбой Хўжамбердиев,

фахрий журналист.

Ғаллаорол тумани.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

14 + 5 =