“Маҳси – жоннинг роҳати” – дейди фарғоналик косиб Маъмуржон Нурматов

Ҳар бир соҳанинг ўз фидойилари бўлади. Юртимизда ҳеч қандай манфаатни кўзламай, касби учун жонини беришга тайёр фидойи инсонлар борки, улар сабаб соҳалар ривожланади.

Тарихи неча асрларга бориб тақаладиган маҳсидўзлик ҳам шулардан бири. Кейинги вақт­ларда ота-боболаримиз кийган ва бизга мерос бўлиб келаётган маҳси-кавушларга эътибор бироз сусайгандек эди. Айни пайтда яна урфга кира бошлади. Маҳсининг инсон саломатлигига фойдаси катта. Унинг қадр-қимматини, айниқса, кексаларимиз яхши билишади. Улардан сўрасангиз, бундай оёқ кийими шамоллаш, ревматизм, варикоз сингари касалликларнинг олдини олишда ёрдам беради, дейдилар. Қанд­ли диабет билан оғриган беморларнинг ҳам маҳси ки­йиши мақсадга мувофиқ бўлар экан.

Маҳси ишлаб чиқаришнинг ҳам ўзига хос услублари бор. Ушбу маҳсулот қадимда асосан кийик терисидан тикилган. Ҳозирги кунда эса уни тикиш учун мол, қўй ва эчки териларидан фойдаланилмоқда.

— Кўнчилар, аввало, терини оҳакка солиб, яхшилаб ошлайдилар, — дейди катта тажрибага эга «Ёрқин ҳаёт» МЧЖ раҳбари Маъмуржон Нурматов. — Дорилаб, чўнг (ҳайвон жунини тўкиб олиш) солиб, терини обдон пиширадилар. Тайёр бўлган теридан энди маҳси тикилади. Аввало, керакли ўлчамлар кесиб олиниб, ярим тайёр ҳолга келтириш учун чоклари қўлда тикиб чиқилади. Сўнгра таглик қисми табиий сранчда (сранч асосан Қирғизистон тоғларида ўсадиган гиёҳ. Илдизини қуритиб, тегирмонда ун ҳолига келтириб оладилар) ёпиштириб чиқадилар. Қолиплангач, қуритишга қўядилар. Кейин қўшқаламда безак ишлари амалга оширилади. Терининг таранг­лашиб олиши учун маҳси ичига шон солиб, (шон — ёнғоқ дарахтидан тайёрланган махсус ёғоч) тахлаб қўйилади.

Айни вақтда Фарғона ви­лоятининг Марғилон шаҳрида жойлашган «Ёрқин ҳаёт» МЧЖга қарашли касаначи косиблар корхонаси орқали харидорга турли хилдаги маҳсилар етказиб бериляпти. 1989 йилдан буён Маъмуржон Нурматов бошчилик қилиб келаётган ушбу корхонада ҳозир 15 нафардан зиёд косиб фаолият юритмоқда. Бугун Муҳаммадтурсун Ҳошимов, Юнусали Умаров, Холмуҳаммад Абдураҳмонов, Каримжон Ҳамдамов, Абдуқаҳҳор Ёқубов ва Шукурилло Нурматов сингари касаначи косиблар тайёрлаган маҳси ва кавуш маҳсулотларининг бозори чаққон.

— Бу касб менга ота-боболаримдан мерос бўлиб келяпти, — дея суҳбатимизни давом эттиради 76 ёшли отахон. — Фарзандларимнинг ҳаммаси менинг изимдан бориб, шу ҳунар билан шуғулланяпти. Маҳси тайёрлашга ҳам маҳорат керак, ўзига яраша машаққатлари бор, албатта. Уни ки­йишнинг эса афзаллиги жуда кўп. Айниқса, намозхон кексаларга фойдали. Маҳси ки­йиб юрадиган киши ҳозирги сал­қин кунларда таҳорат вақтида оёқларини дам-бадам ювавермайди. Очиғи, одамлар яна аста-секин маҳсининг қулайлигини тушуниб етяптилар. Биз эса қўлимиздан келганча, ўз маҳсулотларимиз билан бозорларни тўлдириб, хал­қимиз корига ярашни мақсад қилганмиз…

Ҳа, отахоннинг гапларида жон бор. Ишлаб чиқарган маҳсулотинг ҳам фойдали, ҳам харидоргир бўлиши керак. Балки шунинг учун ушбу корхонада ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар айни вақтда Тожикистон, Қир­ғизистон ва Қозоғистон Республикаларига экспорт қилинаётгандир. Бу эса ҳам корхона, ҳам маҳаллий иқтисодиёт ҳамёнини тўлдиришга ҳисса бўлиб қўшилади.

Маруфа Солиева

Фарғона вилояти.

Javob qoldiring

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

three × four =