Номзодлар аниқ, навбат ташвиқотга

Сайловолди тадбирларни қаерда ўтказиш мумкин?

Сайловчилар билан учрашувлар қайси тартибда ўтади?

Номзодларнинг сайловолди дастурлари мавжудми?

Ташвиқотнинг янги шакллари борми?

Шу каби саволлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашларига шу йил 22 декабрда бўлиб ўтадиган сайловларда иштирок этиш учун сиёсат майдонида “от сураётган” бешта сиёсий партиянинг раҳбарлари ва номзодларининг фикрини жамлашга, халқ ишончини қозониш учун янгича ёндашишга ундаши керак.

Марказий сайлов комиссияси ўзининг  нав­батдаги кенгайтирилган мажлисида партияларнинг номзодларини расман рўйхатга олди. Видеоконференция шаклида ўтказилган йиғинда округ сайлов комиссиялари раҳбарлари, тегишли вазирлик ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши,  барча вилоятлар ҳокимликлари, жамоат ташкилотлари, жумладан,  сиёсий пар­тия­лар, оммавий ахборот воситалари  вакиллари иштирок этди.

Марказий сайлов комиссияси Раиси М.Абдусаломов  бўлажак  сайловларга тайёргарлик ишлари  Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари сайловларига тайёргарлик кўриш бўйича асосий тадбирлар дастури”га биноан изчиллик билан давом эттирилаётганини алоҳида таъкидлади. Бунда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалар муҳим омил бўлаётир.

Шунингдек, ўтган қисқа даврда бешта сиёсий партия қонунда белгиланган муддатларда ўзининг қурултой ва съездларини ўтказди. Мазкур тадбирларда партиялар томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги 150 депутатлик ўрни учун 150 номзод кўрсатилди.

Таъкидландики, сиёсий партиялар томонидан Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодларни кўрсатиш бўйича барча тадбирлар қонунчилик талабларига қатъий мувофиқ ҳолда, ошкоралик ва очиқлик муҳитида амалга оширилган.

Ҳар бир партиядан рўйхатга олинган 150 нафар, жами 750 номзоднинг барчаси олий маълумотли. Шулардан 310 нафари ёки 41,3 фоизи хотин-қизлардир. Бу — 2014 йилнинг декабрида ўтган сўнгги парламент сайловларидагидан қарийб 10 фоиз (31,8) кўпдир. Номзодлар орасида ҳуқуқшунослар — 6,9, иқтисодчилар — 19,1, шифокорлар — 12,4 фоизни ташкил қилади. Депутатлик мандати учун бир академик, 22 фан доктори ва 52 фан номзоди кураш олиб боради.

Ҳар бир партиядан рўйхатга олинган 150 нафар, жами 750 номзоднинг барчаси олий маълумотли. Шулардан 310 нафари ёки 41,3 фоизи хотин-қизлардир. Бу — 2014 йилнинг декабрида ўтган сўнгги парламент сайловларидагидан қарийб 10 фоиз (31,8) кўпдир. Номзодлар орасида ҳуқуқшунослар — 6,9, иқтисодчилар — 19,1, шифокорлар — 12,4 фоизни ташкил қилади. Депутатлик мандати учун бир академик, 22 фан доктори ва 52 фан номзоди кураш олиб боради. Номзодлар сафида навқирон авлод вакиллари илгаригига нисбатан сезиларли даражада кўпайган. 25-40 ёшлар орасидагилар  — 32,2  фоизни ташкил қилади.

Мамлакатимиз сайлов қонунчилигига биноан сайловолди ташвиқотини олиб бориш учун барча шарт-шароитлар таъминланган. Сиёсий партияларга, депутатликка номзодларга сайловолди ташвиқоти даврида сиё­сий партиялар ўзининг истиқболдаги фаолият дастурини тарғиб қилиш ҳуқуқини таъминлаш мақсадида, уларнинг оммавий ахборот воситаларидаги чиқишлари қонунчиликда назарда тутилган тартибда белгилаб қўйилди.

Қонунчилик палатаси сайловларида иштирок этаётган сиёсий партияларга сайловолди ташвиқоти даврида бир ҳафтада Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг телеканалларида 10 соат ва радиоканалларида 6 соат эфир вақти бепул ажратилади. Бу умумий номзодларнинг сайловолди ташвиқоти давом этадиган беш ҳафта мобайнида 50 соатни, радиода эса 30 соатни ташкил этади.

“Партияларнинг газеталардаги чиқишлари қандай тартибда ўтказилади?” Марказий сайлов комиссиясининг матбуот хизматидан маълум қилишларича, сайловолди ташвиқоти даврида “Халқ сўзи”, Народное слово” ва “Правда Востока” газеталарида бепул тақдим этиладиган нашр майдони ҳам тенг — ҳафта давомида ҳар бир сиёсий партияга бир саҳифадан. “Овози тожик” ва “Нурлы жол” газеталарида эса нашр майдони ярим саҳифани ташкил қилади.

Таъкидлаш керакки, бепул ажратиладиган эфир вақти ва нашр майдонидан фойдаланиш турлари, шакллари ва усулларини сиёсий партиялар мустақил белгилайдилар. Шунингдек, улар бепул ажратилган эфир вақтидан ва чоп этиш майдонидан воз кечишга ҳақли.

Мажлисда Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Р.Давлетовнинг вазирлик томонидан Сайлов қонунчилиги тарғиботи ойлиги доирасида мамлакатимизда амалга оширилаётган ишлар тўғрисидаги ахбороти тингланди.

Ўзбекистонда биринчи марта кенг кўлам ва юксак уюш­қоқлик билан ўтказилаётган Сайлов қонунчилиги тарғиботи ойлиги тадбирлари  самарали бўлаётгани алоҳида таъкидланди. Бунда, аввало, фуқароларни ўзларининг муҳим ҳуқуқларидан бири – сайловларда овоз бериш ҳуқуқидан фаол фойдаланишга жалб этишга муҳим эътибор қаратилмоқда.

Шу мақсадда вазирлик тизимида “Адлия чорлови” мавзуидаги лойиҳанинг амалга оширилиши алоҳида аҳамият касб этмоқда. Бунда аҳоли гавжум жойлар ва оммавий ахборот воситалари имкониятларидан, сайловга чорловчи ижтимоий рекламалар, баннерлар ва билборд­лардан кенг фойдаланилади. Айни пайтда вазирликнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари ва “Ҳуқуқий ахборот” телеграмм канали орқали “Сайлов алифбоси” рукни ташкил этилиб, сайловга оид тушунчалар изоҳининг содда, лўнда ва тушунарли тарзда мунтазам бериб борилиши ҳам самарали ҳисобланади.

454 нафар адлия ходими мазкур йўналишдаги ишларга сафарбар этилган. Аҳоли ўртасида сайлов қонунчилигини тар­ғиб қилиш “Республика-вилоят-туман-маҳалла-хонадон” тамо­йили асосида ташкил этилгани туфайли олти мингдан ортиқ тар­ғибот тадбири ўтказилди. Марказий сайлов комиссияси билан ҳамкорликда “Янги Ўзбекистон. Янги сайловлар” мавзуида кўплаб матбуот анжуманлари, мамлакатимизнинг барча ҳудудларини қамраб олган ҳолда, учрашувлар ва семинарлар ўтказилмоқда. Бу борадаги ишлар сайлов кунигача изчил давом эттирилади.

Қайд этилганидек, халқаро жамоатчилик шу йил 22 декабр­да Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган сайловларга катта қизиқиш билан қарамоқда. Қатор халқаро ташкилотлар ва хорижий мамлакатларнинг кўплаб кузатувчилари сайловларда иштирок этиш истагини билдирган. Марказий сайлов комиссияси томонидан хорижий ва миллий омма­вий ахборот воситалари вакиллари аккредитациядан ўтказилмоқда.

Юсуф Жўраев,

“Hurriyat” мухбири.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

one × 1 =