Қарз қиёматга қолмасин… Ёки интизор кўзларни йиғлатманг!

Рўзигул опа оддийгина ўқитувчи эди. Бошланғич синфга дарс берар, эртадан кечгача мактабда куймаланарди. Тўладан келган, боқибеғам аёл, умрида бировга озор бермаган, ҳар бир гапни ҳазилга олиб, йўқ ердан хурсандчилик яратар эди.

Ёлғиз ўғлининг фармацевт бўлишини истар, унинг келажагини порлоқ кўрарди. Фарзанди ҳам тиришқоқ эканми, бюджетга ўқишга кирди. «Тошкенту азимни кўриб келамиз энди», деб опа роса севинди, боласи қишлоққа қайтганида ёғли патирлар ёпди, унга атаб тотли таомлар тайёрлади. Рўзғордан орттирган бир, икки сўмини ҳам талаба ўғлига илинар эди. Лекин фарзанд ота-онам топганини ейман, дейдиган хилидан чиқмади. Иложи борича оиласидан пул олмас, тушликкача ўқиб, ундан сўнг усталарга қўшилиб одамларнинг уйини таъмирлаб даромад топарди. Ўзини ўққа­-чўққа уриб юрган шундай кунларда бошини шамоллатиб қўйди. Ёш-да, касалликни жиддий қабул қилмаган. Бироқ беэътиборлик йигитчага қимматга тушди. Бошида ҳеч кимга билдирмай, ўзича даволаниб юрди, лекин бора-бора дард асорати кучайгач, уйдагиларга хабар берилди. Рўзигул опанинг ўша пайтлардаги изтироблари, у касалхонадан бу касалхонага ўғлини олиб югурганлари, салкам жиннига айланиб қолгани эсимда. Афсуски, баъзида ҳаёт шу қадар бешафқат бўладики, унинг «кўнгли»ни юмшатиш учун жонингдан кечсанг ҳам фойдаси йўқ. Бечора аёл танаси совуб қолган фарзандини қўлига олганда кўнглидан қандай азобларни кечиргани ёлғиз Худога маълум. Бош­қаларга аён ҳам бўлмасин…

Шундан кейин у бетоқат бўлиб қолди. Қизилтепадан тез-тез Навоий шаҳрига келар, бизникида меҳмон бўлар, яна тезлик билан ортига қайтиб кетар, бошқа гапларни гапириб чалғитсак ҳам мавзу бориб ўғлига тақалар эди.

— Гапирманг, бўлди, эсламанг, — дея шўрликнинг ёзғиришига йўл қўймас эдик. Бу овутишнинг энг ялқов усули экан…

Қиш кунлари, совуқ, изғирин… Юрак етишмовчилиги… шунақа эди унга қўйилган ташхис… 50 га кирдими, кирмадими… Ҳаёт бунча тез тусини ўзгартирмаса, ахир, кечагина ҳаммаси ўз ўрнида эди-ку, энди эса бу ўринлар бўш…

Инсон қадр-қиммати ҳақида кўп гапирамиз… Аслида, бунинг бир қонун-қоидаси йўқ, шунчаки, ёнимиздаги биз меҳр беришни унутганларни эсламоқдан бошланади одамийлик…

Майли, қайғуларингизни гапиринг, узоқ-узоқ ҳикоя қилинг, нима қийнаяпти сизни, азизим инсон? Менинг ишларим кутиб туради, ҳаммаси чала қолишга арзийди, сиз ахир ҳар қандай ишимдан юксаксиз, қадрлисиз, дейдиган одам бўлса қандай яхши… Афсуски, баъзида, тўлиб кетган юраклар қаерга тўкилишни билмай ёлғизликдан ёрилади, не-не азим чинорлар қаровсизликдан қулайди… Уларни асраб қолиш мумкин эди-ку… Биргина сўз ҳам тиргак бўлишга, суяшга қодир эди-ку…

Қўлларимиз ҳар куни ўнлаб жиҳозларни ушлайди, коса-товоқлар, ручка, мебеллар, супурги, машина рули, эшик тут­қичи ва ҳоказолар. Лекин изтироб чекаётган одамнинг бошини силашга етмайди, бефарқликдан калталик қилади… Ҳар куни қанчалар сўзларни сўзлаймиз, росту ёлғон, керак, кераксиз. Бироқ далдага зор кимсалардан бир оғиз ширин сўзни қизғанамиз. Ишдан чарчаб қайтганда телефондан танишларимизнинг рақами чиқади, оилавий ташвишлар бошдан ошиб ётибди, хуллас, уларнинг интизорлигига жавоб бермаймиз, кейинроқ бир баҳона топилар… Шу тариқа умр шиддат билан ўтаётгани, ғанимат дийдорнинг қарзи бўйнимизда қолиб кетаётганини унутамиз.

Ана шундай биз майда санаган, аслида катта гуноҳларимиз, эътиборсизликларимиз, тошбағирликларимиз, эринчоқликларимизнинг жавоби, яқинларимиздан меҳр қарзимиз бизни унутармикан?… Қарз қиёматга қолмасин, дейдилар. Бу фақат пулга ё мол-дунёга берилган нисбат эмас. Инсоннинг бўйнидаги маънавий қарзлари моддийидан кўп. Ота-она, қариндош-уруғ, дўсту таниш учун лозим бўлган меҳру оқибат, садоқат, яхшиликнинг ҳам сўроқлари бор, унутмайлик!

Ҳилола Исматова.

Javob qoldiring

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

three × three =