Табиат — улуғ ижодкор

Гул ва чечакларга бурканган боғни, айниқса, навбаҳорнию ўрик гулини яхши кўрарди Ҳамид Олимжон. Шу боис суюкли ёри Зулфияхоним муҳаббат ва уйғониш фасли келиши билан қўлига қалам олар, юрагида бир соғинч билан баҳор манзараларини чизар эди.

Ҳиротдаги хушманзара Унсия ижод аҳлининг боғи бўлган. Ҳазрат Навоий Унсияга ўз қўли билан мевали дарахт ва гуллар эккани ҳақида маълумотлар мавжуд. Жомий ва Навоий адабий мактаблари ҳам Унсияда жойлашганди. Бу мактабда қанчадан-қанча истеъдодлар тарбия топганди.

Мирзо Бобурнинг Кобулда ўнта боғ барпо этганлиги манбаларда қайд этилган. “Шаҳроро боғ” шулар жумласидандир. У “Бобурнома”да ўзи бунёд этган боғларнинг манзарасини тасвирлайди. Дашти Шайх қирлари этагида ўсадиган лоланинг 33 хилини қаламга олади. Ҳиндистондаги Жамна дарёси соҳилида “Рам боғ”ини барпо этди. Мевали дарахтлар билан бирга, оқ ёсуман, самбитгул, жосун каби гуллар, манзарали дарахтлар эктиради. Ҳиндистондаги “Боғи Бобурий” ҳануз барқарор. Маҳаллий халқ хушбўй атиргулни Ҳиндистонга биринчи бўлиб Бобур келтирганини ҳали-ҳали таъкидлайди.

Қалам аҳли боғи

Замондошлари академик шоир Ғафур Ғуломнинг “боғбоннамо” сиймосини бот-бот эслайдилар. Тошкентнинг Арпапоя маҳалласидаги ҳовлиси чаманзор гўшасини эслатарди.

Абдулла Қаҳҳор ҳам наботот дунёсининг яқин дўсти эди. Уй-музейини зиёрат қилиб, бир замонлар у эккан мевали дарахтга кўзимиз тушган. Азамат дарахт соясида нафас ростладим. Яхшидан боғ, деган нақл хаёлимдан кечганди.

Улуғ шоир Ҳамид Олимжон 1944 йилнинг 3 июлида автоҳалокат сабаб оламдан ўтди. Фожиа содир бўлган куни қоронғу тушгунга қадар Дўрмондаги боғ ҳовлисида жисмоний меҳнат билан машғул бўлгани адабий давраларда айтилади.

Гул ва чечакларга бурканган боғни, айниқса, навбаҳорнию ўрик гулини яхши кўрарди Ҳамид Олимжон. Шу боис суюкли ёри Зулфияхоним муҳаббат ва уйғониш фасли келиши билан қўлига қалам олар, юрагида бир соғинч билан баҳор манзараларини чизар эди. “Ҳаммаёқ янгилана бошлади. Зилол, оқ, пушти ранглар Тошкентнинг ичкари ҳовлиларига ҳам кириб, гул сочиб юрибди. Биринчи баҳор… Ҳар новда, ҳар майса ўзича уйғониб, баҳор келди — менинг дарду армоним ошгандан ошиб кетди. Яна қоғозга мук тушдим…

Ҳа, Зулфиянинг “Баҳор келди сени сўроқлаб” шеъри шу тарзда дунёга келганди.

Бир пайтлар буюк адиб Ойбек домла Тахтапул ва Юнусобод мавзелари ўртасидаги Оқтепа маҳалласидан боғ-ҳовли сотиб олган. Рафиқаси Зарифахоним билан ёзни шу боғда ўтказарди. Шу ерда ёзилган “Қутлуғ қон” романида айнан ўша жаннатмонанд боғнинг ажойиб манзарасини — гўзал тасвирини кўрамиз.

Абдулла Қодирийнинг ҳам катта боғи бўлган, тўғрироғи, у падари бузруквори Қодир бобо барпо этган боғ ичида ўсиб-улғайди. Бир куни боғ дарчасини кимдир тақиллатди. Жулқунбой бориб дарчани очгач, салом-аликдан сўнг, Абдулла Қодирийни зиёрат қилмоқчийдим, деди келган одам. У улуғ ёзувчини боғбон ё уй хизматчиси деб ўйлаган экан-да.

1933 йилнинг баҳор ойлари рус ёзувчиси Алексей Толстой рафиқаси билан Абдулла Қодирий уйида меҳмон бўлади. Сершаҳд узумлардан татиб кўргач, “қанийди, бизнинг ҳам боғимиз бўлса”, дейди Толстой рафиқасига юзланиб. Энди боғимиз, узумзоримиз бўлади, дейди турмуш ўртоғи табассум билан ва Ҳабибулла Қодирий (А.Қодирийнинг ўғли)дан бир неча ток новдаларидан олиб беришини сўрайди. Хоҳиши бажарилгач, новдаларни зонтик ўрнида бошига тутиб, миннатдор ҳолда, жўнаб кетишади.

Табиат, ўз навбатида, улуғ ижодкор. Унинг нимага қодирлиги фақат уйғониш фаслидамас, йилнинг тўрт фаслида яққол намоён бўлади. Табиат ва қўли гул инсон ҳаракатининг бирлашуви ҳақиқий мўъжиза ярата олади. Бугун шундай мўъжизани Миллий боғ ҳудудидаги муҳташам Адиблар хиё­бонида ҳам кўришимиз мумкин.

Севимли адибларимиздан бирининг: “Боғ ҳақида муҳтарам Президентимизнинг сўзларини эшитарканман, хаёлимда Алишер Навоий таваллуд топган Ҳирот, у ердаги Унсия боғи жонланди”, деб таъкидлашида жон бор, албатта.

2017 йили ижод аҳли учун ҳам унутилмас воқеаларга бой бўлди. Апрель ойининг 18 санасида Президентимизнинг “Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғи ҳудудида Адиблар хиёбонини барпо этиш тўғрисида”ги қарори эълон қилинди. 2017 йил 23 декабр­да муҳтарам Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев Адиблар хиёбони билан танишиш мақсадида Миллий боғга ташриф буюрди. Биз дои­мо зиёлиларни, ижодкорларни қўллаб-қувватлашимиз керак, деди мамлакатимиз раҳбари бир гуруҳ ёзувчилар билан учрашувда.

Боғ ичидаги Мир Алишер Навоийнинг муҳташам ҳайкали — барҳаёт шеъриятнинг муаззам мужассамаси эди. Адиблар хиёбонига қўйилган Саид Аҳмад ва Саида Зуннунова, Ҳамид Олимжон ва Зулфияхоним, Абдулла Қодирий, Абдулла Қаҳҳор, Ойбек, Ғафур Ғулом, Озод Шарафутдинов, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Муҳаммад Юсуфларнинг жонажон халқи ва Ватанига бўлган меҳр ва садоқат тимсоли ҳайкаллари ҳам бамисоли асарлари сингари ўзбек адабиёти бўстонини безаб турибди.

Хиёбондан ёшлар қадами узилмайди — бу ерда навниҳол боғбон меҳрини туйиб ва тафаккур дунёсидан баҳра топиб, ўзи учун бир умрга унутилмас сабоқ олади. Чаманзорнинг беғубор ҳавоси ҳисларнинг кўнгилдан қоғозга тўкилишига сабаб бўлади. Бу маскан ёш ижодкор учун маҳорат, меҳнат, яратувчанлик оламидир. Адабиёт боғида янги дунёлар очилиб, шеърият ва ижодга меҳри ошади, сеҳрли оламга интилиш иштиёқи ортиб бораверади…

Муҳаммад Шодий,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

eight + eleven =