Дарёдек уйғоқ шоир

Чиндан ҳам Ҳамид Олимжон ўзининг қисқа умрида дарёдек тўлиб, ҳайқириб, тўлқинланиб, Ватанига талпиниб яшади ва ижод қилди. У ўз шеърларининг ритмини, оҳангини, ифода усулларини белгилашда ҳам дарёдан улгу олди.

ХХ аср ўзбек адабиётининг атоқли вакили, хассос лирик шоир Ҳамид Олимжон лирикасининг бадиий гўзаллигини таъминловчи поэтик образлар ғоят кўп ва ранг-барангдир. Шоирнинг адабиётшунослигимизда аллақачонлар тан олинган Бахт, Шодлик, Толе, Ватан, Гул образлари қаторига Олов, Қуёш, Нур, Аланга, Машъал, Оташ, Тонг, Тун каби янги поэтик образларни бемалол қўшиш мумкин.

Шуниси борки, оташнафас шоирнинг лирик мероси юқорида санаб ўтилган поэтик образлар билангина чекланиб қолмайди. Ҳамид Олимжоннинг ижод кошонасини баркамол қилган, унинг гўзаллигини таъминлаган муҳим образлардан яна бири дарёдир. “Дарё” ўз мазмун-моҳияти, бадиий эстетик вазифасининг қамрови, ғоявий юкининг салмоғи билан Ватан, Бахт, Шодлик, Гул образларидан қолишмайди. Дарё шоирнинг талай шеърлари, балладалари, достонлари, драмалари, ҳатто мақолаларида ҳам кўп учрайди. Улар бир-бирини тўлдиради, бойитади ва махсус тизимни ташкил этади. Айни чоғда “дарё” образ сифатида ҳар бир асарда ўзига хос вазифани адо этиб, эҳтиросли шоирнинг ёниқ, уйғоқ, тошқин қалби, ўткир нигоҳи, умидбахш тилаклари, она юрти гўзаллигининг рамзи сифатида намоён бўлади.

“Дарё” Ҳамид Олимжоннинг илк шеър­лариданоқ кўзга ташланади. У шоирга қудратли куч, жўшқин кайфият, тизгинсиз ҳайрат, йўлидаги тўсиқларни қўпориб ташловчи шиддатли оқим тимсоли бўлиб кўринади. Шоир учун гўё “Шағирларди осмон ва ҳаво, Шағирларди бутун коинот, Шағирларди бетиним дарё, Шағирларди дарёда ҳаёт…” (Шу ва бундан кейинги мисоллар Ҳ.Олимжоннинг 10 жилдлик “МАТ”нинг 1-жилдидан олинди). Бу образ унинг ёшлигида кўрганларини, жамиятда кечаётган янгиланиш жараёнини образли ифодалашнинг энг қулай воситаси сифатида кириб келди. Дарё Ҳамид Олимжон шеърларидаги лирик қаҳрамоннинг Ватанга бўлган буюк ва ўлмас муҳаббатини ифодаловчи тимсол сифатида намоён бўлади. Чунки дарё Ватан бағрида оқиб, уни суғормоқда, атрофини обод қиляпти, керак бўлса, юртни «электрик дарё» бўлиб ёритмоқда, тиним билмай хизматини қилиб, ҳар доим уйғоқ бўлиб турибди. Дарёнинг бу фазилатларига ҳавас билан қараган шоир ўзи ҳам мудом “Дарёдек уйғоқ” ўтишга, “Наҳрлардай тўлиб” яшаш ҳамда ижод қилишга уринди. Масалан, бу тилагини «Ўлка» номли шеърида қу­йидагича образли баён қилади:

Қулоғимга номинг кирганда

Қумлоқ каби ташна боқурман.

Сенинг жаннат водийларингдан

Наҳрлардай тўлиб оқурман.

Чиндан ҳам Ҳамид Олимжон ўзининг қисқа умрида дарёдек тўлиб, ҳайқириб, тўлқинланиб, Ватанига талпиниб яшади ва ижод қилди. У ўз шеърларининг ритмини, оҳангини, ифода усулларини белгилашда ҳам дарёдан улгу олди. Масалан, шоирнинг эркин вазнда яратган шеърларидаги мисралар, туроқлар ва ибораларнинг жойлашуви, танланган сўзларнинг оҳанги худди дарё тўлқинларига ўхшайди. Улар гўё қувалашиб, бир-бирига мингашиб бораётгандек таассурот қолдиради. Дарё образи шоир «мен»ининг ўзига хос қирраларини, поэтик тафаккурининг кенглиги ва чуқурлигини кўрсатишга хизмат қилади. Ҳамид Олимжоннинг бутун ижоди худди шоирнинг ўзи меҳр қўйган дарёлар сувидан, унинг шиддати ва тўлқинидан баҳраманд бўлгандек туюлади. Масалан, шоир «Чирчиқ бўйларида» сайр қилар экан (1940), баланд қорли тоғлардан узоқ йўл босиб халқ хизматига ошиқаётган дарёга қараб:

Чирчиқ бўйларида ёнар чироқлар,

Қаршимда зўр дарё очади чирой.

Қалбимда оқмоқда бир дарё қўшиқ,

Қор босган тоғларнинг тепасида ой… — дея куйлайди. Ҳамид Олимжон назарида Дарё ҳам шоир, у ўзининг «… ипак рўмоли билан буралиб, эркалаб хаёли инжа бир шеър бўлиб» оқади (58-бет). Ёки Нева дарёсига мурожаат қилиб, «Сен — ҳаёт шоири, асрларнинг Сирларини шеър ила яратгансан» деса ўқувчига эриш туюлмайди. Шоир фикрини давом эттириб, дарё юзасида пайдо бўлган майда тўлқинлар ҳаракатини «Бу табиат-да бир чевар шоир» бўлиб, «ҳар нафас юзларингга кашта тикар» тарзидаги оригинал метафорик ибора билан тасвирлайди (61-бет).

Хуллас, ўзининг туганмас муҳаббати ва улуғ ниятларини дарё тўлқинлари, жимжимадорлиги, латофати, тўлалиги, сероблиги зиммасига юклайди. Шунинг учун ҳам ўлмас санъаткор Ҳамид Олимжон ўзининг «Дарёдек тиниқ, осмондек беғубор» шеърларида уйғоқ ижодкор сифатида мангу яшайверади.

Йўлдош Солижонов,

филология фанлари доктори,

профессор.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

seventeen − three =