Аёл — жамият мезонини белгиловчи куч

Дунёда давлат ва жамиятнинг нуфузи, онгу тафаккури, маданий даражасини кўрсатадиган мезонлар кўп. Лекин ҳар қайси миллат ва халқнинг маънавий камолотини белгиловчи, таълим-тарбиясини такомиллаштирувчи бу — аёлдир. Хотин-қизларга бўлган муносабат, ҳурмат-эҳтиромни давлатнинг уларга бўладиган муносабатида белгилаш мумкин. Шу нуқтаи назардан қаралса, аёлларни улуғлаб, ардоқлаб, бошига кўтариб яшайдиган халқ ўзининг юксак маданияти ва олижаноб қадриятларини амалда намоён қиладиган миллат сифатида ҳурмат қозонади.

Нигора Турдиева,

“Оила” илмий-амалий маркази Иштихон туман бўлими раҳбари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод:

— Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири Абдулла Орипов шундай дейди: “Номус, ор, садоқат, вафо, муҳаббат каби муқаддас туйғуларнинг тимсоли Аёлдир”.

А.Орипов бу тимсолнинг яна бир буюк хизматини эътироф этади: “Жамиятнинг, миллатнинг беқиёс ривожи, юртнинг гуллаб-яшнаши Аёлнинг эътиқоди, диёнати, ахлоқ-одоби, ҳалоллигига жуда-жуда боғлиқ”.

Шу сабаб, Шарқда, хусусан, юртимизда аёллар азалдан улуғлаб келинган. Унинг тенгсиз латофат ва нафосат соҳибаси, эзгулик, фидойилик рамзи, хонадонларимизнинг фариштаси экани тўғрисида буюк мутафаккирлар, шоир ҳамда алломалар манбаларда ёзиб қолдирган, мадҳ этган.

Ҳадиси шарифда: “Жаннат оналарнинг оёғи остидадир” деган Пайғамбаримиз. Зеро, меҳрибон, муқаддас Она сиймоси олдида барчамиз бош эгиб, таъзим қиламиз.

Аёл — ана шундай улуғ зот, муқаддас сиймо.

Аёлга нисбатан онгу шууримизда, қалбимизда пайдо бўлган чексиз меҳр-муҳаббат, эҳтиром туйғулари, қадриятга айланган қарашлар оиламизда, жамиятимизда ва ўз-ўзидан давлатимизда ҳам мустаҳкам намоён бўлиб, қарор топмоқда.

Шу боис, Ўзбекистонда аёлларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг жамият ҳаётида фаол иштирокини таъминлаш борасида ҳамма чоралар кўрилган, ша­роитлар яратилган. Хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларнинг турли соҳа ва тармоқларда ўз қобилият ҳамда имкониятларини рўёбга чиқариши учун муносиб шарт-шароит яратиш, қонуний манфаатларига сўзсиз риоя қилинишига эришиш, оналик ва болаликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, шунингдек, оила инс­титутини мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Насиба Абраева,

Чироқчи тумани халқ таълими бўлими мудири, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод:

— Бугун хотин-қизларимизнинг қадами тегмаган жой, улар эгалламаган соҳа қолмади ҳисоб. Улар ўқитувчилик, хусусий тадбиркорлик, фермерлик, ҳарбийлик, умуман, ижтимоий соҳадан тортиб, иқтисодиёт, саноат, давлат ва жамият қурилиши соҳасида фаоллик кўрсатяпти. Қанчадан-қанча соҳа ва тармоқларда раҳбарлик лавозимларини эгаллаётган хотин-қизлар сони мунтазам равишда ортиб боряпти.

Эсимда бор, ўтган йили Президентимиз Шавкат Мирзиёев Халқаро хотин-қизлар байрамига бағишланган учрашувдаги нутқида бир ажойиб рақамни келтириб ўтган эдилар. Давлатимиз раҳбари ҳозирги вақтда мамлакатимизда турли соҳа ва тармоқларда меҳнат қилаётган ишчи ва хизматчиларнинг 45 фоизини хотин-қизлар ташкил этишини таъкидлаган эдилар. Жумладан, давлат ва жамоат ташкилотлари тизимида 1 минг 400 га яқин опа-сингилларимиз раҳбарлик лавозимларида меҳнат қилмоқда. Сенаторлар, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ҳамда халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари таркибида ҳам юзлаб хотин-қиз фаолият юритмоқда.

Кўплаб опа-сингилларимиз «Ўзбекистон Қаҳрамони», «Ўзбекистон фан арбоби», «Ўзбекистон халқ ўқитувчиси», «Ўзбекистон халқ шоири», «Ўзбекистон халқ артисти» сингари давлатимизнинг юксак фахрий унвонларига, орден ва медалларига сазовор бўлган. Уларнинг орасида 500 нафардан зиёд фан доктори ва академиклар, минглаб фан номзодлари ўз билими ҳамда истеъдоди билан Ватанимиз равнақи йўлида сидқидилдан хизмат қилаяпти.

Зулайхо Раҳимова,

Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани тиббиёт бирлашмаси шифокори, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод:

— Хотин-қизлар ўзининг билим ва тажрибаси, профессионал малакаси ва маҳорати билан кўпгина жабҳаларда илғор, ҳатто етакчи мавқеларни эгаллаяпти. Ҳаётимизда тобора катта ўрин олаётган фермерлик ҳаракати, бизнес, юқори технологияларга асосланган замонавий тармоқлар, илм-фан, тиббиёт, таълим-тарбия, маданият ва санъат каби соҳа ҳамда тармоқлар тараққиётини аёлларнинг иштирокисиз, ақл-заковатисиз тасаввур этиб бўлмай қолди.

Шулар ҳақида, умуман, жамиятимизда аёлларга муносабат, унинг қадр-қиммати, юрт ҳаётида тутган ўрни борасида ўйлар эканман, бир ҳақиқатни англайман: Ўзбек аёлининг шону шавкати ҳам, қадр-қиммати ҳам худди халқимизнинг қадди сингари мустақиллик йилларидагина тикланди!

Мустақиллик шарофати билан аёллари қўлларидаги қадоқдан халос бўлди, елкасига офтоб нури тушди, эҳтиромга бурканди, эъзоз топди, жамиятда мавқега эришиб, ўзлигини намоён этиш имконини қўлга киритди.

Гулчеҳра Турлибекова,

Арнасой тумани 5-мактаб директори, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод:

— Дарҳақиқат, юртимиз мустақилликка эришганидан сўнг аёллар учун нимаики зарур бўлса, барчасини муҳайё қилишга, нозик елкасидаги оғир юклардан халос этишга, умуман, барча ислоҳотларнинг марказида аёллар ва болалар туриши, уларга ҳар томонлама ғамхўрлик кўрсатишни таъминлашга катта эътибор қаратилди.

Айниқса, Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида кейинги уч йил ичида хотин-қизларга қаратилаётган улкан эътибор, кўрсатилаётган эҳтиром ва ғамхўрликлар жамиятимизда аёлларнинг мавқеини янада юксалтиришга хизмат қилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 2 февралда қабул қилган «Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони бу борада, айниқса, улкан ўзгаришларга пойдевор бўладиган катта воқелик бўлди.

Озода Хайруллаева,

Поп тумани мактабгача таълим бўлими мудири, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод:

— Ўтган қисқа даврда юқоридаги Фармон доирасида Президентимизнинг яна 1 та Фармони, 2 та Қарори, шунингдек, ҳукуматимизнинг 6 та қарори ва 4 та фармойиши қабул қилинди.

Юртбошимизнинг мазкур Фармонида аёлларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини кучайтириш, уларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, қобилият ва салоҳиятини рўёбга чиқариш, оила институтини мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни ишончли муҳофазалашга қаратилган кўплаб муҳим чора-тадбирлар белгиланиб, амалиётга жорий этилди.

Белгиланган вазифаларнинг ижроси сабаб, Ўзбекистон Хотин-қизлари қўмитаси ва унинг ҳудудий бўлинмаларининг янгиланган тузилмалари тасдиқланиб, штат бирликлари ҳамда ходимларининг ойлик иш ҳақи оширилди. Хотин-қизлар қўмитасининг ҳудудий бўлимлари қошида “Ҳуқуқшунос аёллар”, “Илм-фан ва аёл”, “Ижодкор аёллар”, “Ташаббускор аёллар”, “Аёл ва саломатлик”, “Фахрий аёллар” жамоатчилик уюшмалари ташкил этилди. Қўшимча ваколат ва имкониятлар берилиб, самарали фаолият юритиши учун зарур шароитлар яратилгани Хотин-қизлар қўмитасининг сезиларли даражада жонланишига, шу орқали, унинг жамиятда аёллар манфаатларини ҳимоя қилишдаги роли ва иштирокининг кенгайишга хизмат қилмоқда.

Фармон билан фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассис лавозими жорий этилгани ҳам муҳим янгиликлардан бири бўлди.

Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази ва унинг ҳудудий бўлинмалари ташкил қилинди.

Мамлакатимиз раҳбарининг юқоридаги Фармонига асосан Хотин-қизларни ва оилани ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш жамоат фонди тузилиб, фаолиятини самарали ташкил этиш учун дастлабки 300 миллиард сўм маблағ ажратилди.

Ушбу маблағлар ҳисобидан хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, меҳнат шароитларини яхшилаш, айниқса, қишлоқ жойлардаги ёш қизларни оилавий ва хусусий тадбиркорликка, ҳунармандликка кенг жалб этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мазкур соҳадаги саъй-ҳаракатлар фаол тадбиркорликни ривожлантириш, аёлларнинг оиладан, фарзанд тарбиясидан ажралмаган ҳолда касаначилик, томорқачилик билан шуғулланиши учун қулай шароит, зарур имконият яратаяпти. Кам таъминланган, шахсий уй-жойга муҳтож оилаларга уй-жой олиш учун ажратиладиган кредитларнинг бошланғич бадалларини тўлаб беришда ҳам мазкур фонд маблағларидан фойдаланиш белгилангани рўзғори ночор, қўли калта аёлларимизни қўллаб-қувватлаш, уларга ғамхўрлик кўрсатишда муҳим омил бўлмоқда.

Нодира Джанибекова,

Сирдарё вилояти қирғиз миллий маданият маркази раҳбари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод:

— Ўзбекистон — истеъдодлар юрти. Бешикдан қабргача илм изла, деган ҳикматга асосланиб улғаядиган ёшларимиз орасида ҳар соҳада юқори натижаларга эришаётган қизлар ҳам жуда кўп.

Ана шундай ёш қизларимизни рағбатлантириш, юксак ютуқлар сари ил­ҳомлантиришда Зулфия номидаги Давлат мукофоти катта ўрин тутади. Яхши биласиз, илгари ушбу мукофотни қўлга киритиш учун ёш чегараси анча кичик, ғолиблар сони ҳам чекланган эди.

Диққатга молик жиҳати, эндиликда мазкур мукофот таълим, фан, адабиёт, маданият, санъат, спорт ва жамоатчилик фаолиятида алоҳида ютуқларга эришган ўн тўрт ёшга тўлган ва ўттиз ёшдан ошмаган иқтидорли қизларга ҳар йили Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан икки нафар талабгорларга бериладиган бўлди. Бу ҳам ўз соҳаси ва йўналишида улкан ютуқларга эришаётган қизларимизга катта имконият яратмоқда, иқтидорли қизларимиз сафини янада кенгайтиришга хизмат қилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, мамлакат ва жамият ҳаётида фаоллик ҳамда ташаббускорлик кўрсатган, ўзининг самарали меҳнати билан оиланинг шаклланиши, фаровонлиги мустаҳкамланишига, оналик ва болалик муҳофазасига муносиб ҳисса қўшган оддий хотин-қизларимиз ҳам ҳеч қачон эътибордан четда қолаётгани йўқ. Бундай хотин-қизларимиз учун «Мўътабар аёл» кўкрак нишони таъсис этилгани, “Йил аёли”, “Ибратли оила” танловлари ўтказилаётгани юртимизда аёлга нақадар катта ҳурмат ва эҳтиром кўрсатилаётганининг яна бир тасдиғидир. Энг асосийси, амалга оширилаётган муҳим чора-тадбирлар бугун ўз самарасини бермоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 7 мартдаги “Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори, шубҳасиз, мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига сўзсиз риоя этилишини таъминлаш, меҳнат ҳуқуқини кафолатлаш ва аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар кўламини янада кенгайтириб юборди.

Мазкур қарорда аёлларнинг меҳнат ва пенсия соҳасидаги ҳуқуқлари, гендер тенглигини таъминлаш бўйича мутлақо янги кафолатлар белгилаб берилди. Аёлларга ўз бизнесини ташкил этиш, бизнес ғояларини тайёрлашда ёрдам бериш, узоқ вақт давомида бола тарбияси билан банд бўлган, оғир иқтисодий аҳволга тушиб қолган аёлларни талаб катта бўлган касбга тайёрлаш ва ишга жойлашиш учун уларга кўмаклашиш мақсадида Хотин-қизлар тадбиркорлик марказлари ташкил этилдики, бу ўз самарасини бермоқда.

Мавлудахон Адҳамжонова,

Андижон тумани кўп тармоқли марказий поликлиникаси мудираси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод:

— Аёлларга яратилаётган шароит ва имкониятларнинг санаб адоғига етиш қийин. Аммо яна бир жиҳат борки, у ҳақда тўхталиб ўтмаслик мумкин эмас. Бу — миллатимиз келажаги, наслимиз тозалигининг муҳим омили бўлган саломатлик билан боғлиқдир.

“Фақат соғлом онадан соғлом фарзанд туғилади”. Аслида ҳам тўғри айтилган гап. Боиси, руҳияти соғлом, ақл-заковатли, маърифатли оналаргина комил фарзандларни тарбиялашга қодир бўлади. Ана шу ҳақиқатни чуқур англаган ҳолда, юртимизда хотин-қизларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, жисмоний ва маънавий жиҳатдан етук ёш авлодни вояга етказишга қаратилган, узоқни ўйлаб, пухта ишлаб чиқилган чора-тадбирлар дастури ҳаётга изчил жорий этилаётир.

Ҳозирги пайтда барча ҳудудларимизда перинатал, скрининг, репродуктив саломатлик ва диагностика марказлари фаолият кўрсатмоқда. Туғуруқ бўлимлари, кўп тармоқли поликлиникалар ва қишлоқ оилавий поликлиникалари сони ортиб бормоқда. Ушбу тиббиёт масканларида аёллар ва қиз болалар йил давомида чуқурлаштирилган кўрикдан ўтказилиб, уларга доимий патронаж хизмати кўрсатилмоқда. Бу эса оналар ва болалар саломатлигини мустаҳкамлаш учун замин яратаётир. Хотин-қизларда учрайдиган касалликларни барвақт аниқлаш ва даволаш ишлари самарали ташкил этилаётгани туфайли аёллар ўртасида касалликлар қарийб 2 баробар, оналар ўлими 3 баробар, гўдаклар ўлими салкам 4 баробар камайгани бунинг яққол далилидир.

Гаухар Зарипова,

Қорақалпоғистон Республикаси ижтимоий суди судьяси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод:

— “Ер юзидаги ҳар қайси жамиятнинг маданий даражаси унинг аёлларга нисбатан муносабати билан белгиланади”, деган ҳикматли гапда катта маъно-мазмун бор. Юртимизда аёлларга қаратилаётган ана шундай улкан эътибор ва ғамхўрлик жамиятимизнинг маданий даражаси нақадар юқори эканидан далолатдир. Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2019 йил 21 июндаги Олий Мажлис Сенатининг йигирманчи ялпи мажлисидаги нутқида халқимиз азалдан хотин-қизларга доимо юксак эҳтиром кўрсатиб келиши, аёлга бўлган ҳурмат-эътибор — бу аввало оилага, жамият келажагига бўлган ҳурмат-эътибор ифодаси эканини алоҳида таъкидлаб ўтган эдилар.

Дарҳақиқат, ҳозирги глобаллашув даврида хотин-қизларни нафақат эъзозлаш, балки уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш янада долзарб аҳамият касб этмоқда.

Яқинда парламентимизда иккита муҳим ҳужжат — “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги ва “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинди.

Ўзбекистон тарихида биринчи марта қабул қилинган ушбу қонунлар жамият ҳаётининг барча соҳаларида аёллар учун эркаклар билан тенг ҳуқуқ ҳамда имконият яратишни таъминлашга, хотин-қизларни турмушда, иш жойларида, таълим муассасаларида ва бошқа жойларда тазйиқ ҳамда зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Дилрабо Халбаева,

“Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш” ННТ раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод:

— Ўзим аъзо бўлган — Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг сайловолди дастурида ҳамда партия томонидан амалга оширилаётган ишларда «Адолат — ҳаётимизнинг бош мезони, адолат — ҳар бир инсон учун» деган тамойил устувор қилиб белгиланган. Хотин-қизларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг ижтимоий ҳаётдаги ролини, сиёсий, ижтимоий мақомини янада ошириш, аёлларга тенг ҳуқуқ ва имкониятлар, адолатли меҳнат ша­роитлари яратиш, юқори малакали хотин-қизларни давлат бошқаруви ҳамда сиёсатга фаол жалб этиш устувор вазифа сифатида қаралмоқда.

Олдимизда жуда катта тадбир, муҳим сиёсий воқеа — Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига сайлов жараёнлари турибди. Парламент сайловига Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ҳам муносиб тайёргарлик кўряпти, пишиқ-пухта тайёрланган сайловолди дастури билан чиқяпти. Унда аёл бахт­ли бўлса — оила бахтли бўлади, оилалар бахтли бўлса — бутун жамият ва давлат мустаҳкам ва барқарордир тамойили асосида жамиятимизда хотин-қизларнинг ролини янада ошириш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли таъминлашга қаратилган улуғвор ғоя ҳамда мақсадлар мужассам эканлиги билан аҳамиятлидир.

“Ҳозирги вақтда мамлакатимиз аҳолисининг қарийб 50 фоизини хотин-қизлар ташкил этади, — дейди Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон хотин-қизларига йўллаган байрам табригида. — Лекин сизларнинг барча соҳалардаги самарали меҳнатингиз, фарзандлар тарбияси, оила ҳаётидаги улкан хизматларингизни ҳисобга олиб айтадиган бўлсак, жамиятдаги ўрнингиз, Ўзбекистонимиз эришаётган ютуқлардаги беқиёс ҳиссангизни ҳеч нарса билан ўлчаб, баҳолаб бўлмайди”.

Аёлнинг жамиятимизда тутган ўрни — бебаҳо! Доим шундай бўлиб қолсин. Зеро, Аёлга муносабатда миллат, эртанги кун ва келажак авлодга бўлган ҳурмат яққол намоён бўлади.

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси матбуот хизмати.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

1 × three =