Бир соат ичида…

1 соат…

60 дақиқа…

3600 сония…

Муқаддас китобларда бир соатлик илм олиш, юз кунлик тоат-ибодатдан афзалдир, дейилган.

Шу вақт – 60 дақиқа мобайнида билим олиш мумкин. Бош­қача айтганда, бу вақт оралиғида ўқувчилар мактабда муаллимнинг бир дарсида янги мавзуни ўқиб, уқиб, иккинчи соат дарсларини бошлашади.

Агар илҳом парилари “шоири даврон”ни қуршаб олган бўлса, шу муддат ичида ажиб шеър тугул, бутун бошли қасида дунёга келиши ҳам эҳтимолдан холи эмас.

Қарангки, неча-неча йиллардан буён бир тенгламанинг жавоби кўйида андармон юрган олим ҳам шу вақт давомида ечимни топиши-ю, фанда янгилик яратиши, алалоқибат эса неча минглаб, балки миллионлаб инсонларнинг мушкулини осон, ҳожатини равон қилиши мумкин.

Шифокор-чи?! Масалан, оддий бир жарроҳ. Одатий битта енгилроқ жарроҳлик амалиёти учун  (албатта 6-8 соатлаб чўзиладиганлари ҳам бор дейишади, Худо асрасин!) ўттиз-қирқ беш дақиқа вақт сарф этса, камида иккита операцияни тугаллаши ҳеч гап эмас. Бу шундай деганики, икки инсоннинг ҳаёти сақлаб қолинди.

Хотин-қизлар қўмитаси раиси уч минг олти юз сонияда энг ками билан бир оилага тотувлик ва аҳилликни қайтара олиши турган гап.

Профилактика нозири эса ҳеч қандай гумонсиз бирор жиноятнинг олдини ола билади бу вақтда.

Раҳбар одам-чи?! Эҳ-ҳе-е-е… Қанча мурожаатни ҳал қилмайди дейсиз, олтмиш дақиқада.

Пахтазордаги бир теримчи эса бу вақтда бемалол бир этак пахтани хирмонга жўнатиб, иккинчи этакни тўлдиришга унаган бўлади.

Ҳаммаси ҳам майлику-я, бир соат ичида 25-30 саҳифа китобни ёки бирор кунлик газетани ўқиб, битириш турган гап.

Дарвоқе, бир соат, яъни 3600 сония мобайнида биронта «каттакон»ни кутиш ҳам мумкин.

Санчарбек

«Қумовул» маданият ва аҳоли дам олиш марказининг

мажлислар залида 1 соатга қолмай битилди.

Javob qoldiring

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

fourteen + 14 =