Гуруч курмаксиз бўлмайдими?

Ислоҳотлар жараёнидаги ўзгаришларга қарамай, соҳада ҳали амалга оширилиши зарур бўлган ишлар талайгина. Айрим туманлар маъмурий судлар судьялари томонидан ҳеч бир қолипга сиғмайдиган (вафот этган одамнинг гувоҳлиги каби)  қарорлар чиқарилаётгани ва бундай ҳолатлар аҳолининг норозилигига сабаб бўлаётгани қайд этилди.

Жамиятда ижтимоий адолатни таъминлаш суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар самарасига боғлиқлигини ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди. Бугун суд ҳокимияти мустақиллигини яратиш, нуфузини ошириш, уни илгариги жазоловчи органдан инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоялайдиган институтга айлантиришга ҳаракат қилинаётир. Айни пайтда фуқаролик, жиноий, иқтисодий ва маъмурий судлар фаолият олиб боряпти ва бу, албатта, сезиларли натижа бермоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида бўлиб ўтган матбуот анжуманида маъмурий суд соҳасидаги ислоҳотлар ҳамда юқоридаги каби масалаларга эътибор қаратилди.

— Ҳаракатлар стратегиясида маъмурий судларни ташкил этишнинг назарда тутилиши инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи судларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш, судда ишларни кўриш ва ҳал этишнинг сифатини ошириш, пировардида, фуқароларнинг ҳуқуқ-эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтиришни назарда тутади, — деди Олий суд раиси ўринбосари Бахтиёр Исаков. — Авваллари оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган маъмурий низолар фуқаролик ишлари бўйича судлар ва иқтисодий судларда, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар эса жиноят ишлари бўйича судда кўриб келинган. 2017 йил 1 июндан бошлаб ушбу ваколат янги ташкил этилган Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) маъмурий судларига берилди. Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекс қабул қилинди. Айни пайтда маъмурий судларга шу йилнинг тўққиз ойи мобайнида жами 12159 та ариза ва шикоятлар келиб тушган. Шундан қарийб 70 фоизи қаноатлантирилиб, фуқаролар ҳамда юридик шахсларнинг ҳақ-ҳуқуқлари тикланган…

Хўш, қайси бўғиндаги мансабдорлар устидан шикоят кўпроқ экан, дея маълумотларга кўз югуртирдик. Унга кўра, ФҲДЁ мутасаддилари биринчиликда турибди. Жорий йилнинг ўтган тўққиз ойида улар устидан  487 та ариза тушган. Шундан 395 таси қаноатлантирилган, 60 таси рад этилган, 24 таси тугатилган, 8 таси кўрмасдан қолдирилган.

Анжуманда таъкидланганидек, ислоҳотлар жараёнидаги ўзгаришларга қарамай, соҳада ҳали амалга оширилиши зарур бўлган ишлар талайгина. Айрим туманлар маъмурий судлар судьялари томонидан ҳеч бир қолипга сиғмайдиган (вафот этган одамнинг гувоҳлиги каби)  қарорлар чиқарилаётгани ва бундай ҳолатлар аҳолининг норозилигига сабаб бўлаётгани қайд этилди. Журналистларнинг бундай кадрлар тизимга бўлган ишончни йўқотмайдими, дея берган саволига Б. Исаков қуйидагича жавоб берди:

— Гуруч курмаксиз бўлмаганидек, шу каби ҳоллар ҳам учраб туради, тўғри. Айни пайтда судьяликка номзодларни Судьялар олий кенгаши кўриб чиқиб тайинламоқда. Иш кўриш жараёнида судья процессуал ва моддий ҳуқуқ нормаларини бузган ҳолатлар бўлса, унга нисбатан интизомий иш қўзғатилади, албатта. Аввал юристлар 25–30 ёшда ҳам судьяликка ўз номзодини қўйиш ҳуқуқига эга эди. Эндиликда “Судлар тўғрисида”ги қонунга ўзгартириш киритилиб, ёшга доир масала қайта кўриб чиқилди. Бундан буён 35 ёшга тўлган, беш йиллик тажрибага эга олий юридик маълумотли шахслар судьяликка ўз номзодини қўйиши мумкин. Илк муддатга тайинланадиган судьялар беш йил, кейинги муддат ўн йил, ундан кейингиси умрбод муддат бўлиб, босқичма-босқич ушбу жараёнга тайёрланиб борилади. Қўпол қонунбузилишларга йўл қўйган судьяларга эса тегишли чоралар кўриляпти — интизомий иш қўзғатилиб, ҳатто Судьялар Олий кенгаши қарори билан ўз ваколат муддати тугамасдан лавозимидан озод этилмоқда…

Фуқаролар бугун тўртта йўналишдаги суд қарорлари, суд амалиёти умумлашмаси, даъво аризани тўлдириш ва унга илова қилинадиган ҳужжатлар ҳақидаги тўлиқ маълумот билан олий суд веб-сайти орқали танишишлари мумкинлиги мутахассислар томонидан қайд этилди.

Тадбирда соҳага доир кўплаб ечимини кутаётган саволлар ўртага ташланди.

Х. Аҳмаджонова.

Javob qoldiring

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

fifteen − fourteen =