“Иннанкейин-чи?..” ёки бугунги “шумбола”ларнинг шумлигидан кимга наф?

Машҳур турк ёзувчиси Азиз Несиннинг “Демократия шунқори” номли асари бор. Ҳеч қандай маълумоти йўқ, аммо ёзишга ишқибоз чала мухбир тилидан ёзилган ғоят юморга бой ҳикоя. Ёзувчининг қаҳрамони отасидан мерос қолган дўкон иши билан машғул бўлса-да, кутилмаганда ёзиш-чизишга қизиқиб қолади. Пешонани қа­рангки, ёзган йигирма икки қоғозли мақоласидан бор-йўғи беш-олти сатри газетада чоп этилади-ю, у ўзини кўпнинг оғзига тушган даҳодек санай бошлайди ва шундан сўнг ёзишга муккасидан кетган бошловчи мухбир “ижод” намуналарини пешма-пеш нашрларга жўнатаверади. Аммо ҳеч бири босилмайди.

Тақдир ҳазилини қарангки, унга яқинда ташкил этилган газета таҳририятидан “бизга ноёб хабарлар юбориб туринг”, деган мазмунда хат келади. Унда: “Беш киши бир кишини ўлдириши мумкин, бунга ишонса бўлади. Аммо бир киши бештасини ўлдирса-ю, кейин мурдаларни бир бошдан ея бошласа, бу ноёб хабар ҳисобланади. Яна бир гап: бирор футбол ўйини пайтида ишқибозлар судьяни тутиб урадиган бўлса, қўяверинг, бу бўладиган гап, лекин ишқибозлар судьядан калтак еган бўлса, бундай хабарни жон деб босамиз”, дейилади.

Омади чопган чала мухбир бундай тўқима хабарлар режасини дўндириб бажаради. Бир гал янги қўзилаган қўйлар ва сал нарида юрган эшакни кўриб қолиб, “Эшак қўзи туғди” сарлавҳали мақола жўнатади. Ҳаял ўтмай, газетанинг учинчи бетида босилиб чиққан мақола шундай бошланади: “Мухбиримиз хабар қилади: кеча бизнинг шаҳарда қирқ бешга кирган эшак иккита қўзи туғди”…

Кейинги пайтларда дунёда ахборот оламини ҳайрат ва ларзага соладиган ярим-ёрти ва аксарият бетайин хабарларнинг шиддат билан кўпайиб бораётгани ўша “Демократия шунқори”ни эслатади. Майда-чуйда маиший муаммолар, ким кимни уриб-сўкканидан тортиб, айрим қўшма, ясама гаплар интернет оламини босиб кетди. Блогерларнинг ҳаммаси ҳам бежама хабар тарқатмайди, албатта. Уларнинг орасида олий маълумотли, ўқимишли, ўз фикрига эга, даражаси журналистга яқинлари талайгина. Аммо ижтимоий тармоқларда ҳозирча тарқамаган хабарлардан фақатгина “эшак эгиз қўзи туққани” қолди.

Айниқса, мажбурий меҳнатга жалб этиш ҳақидаги гаплар аксарият сайтлар, уддабурон блогерлар томонидан сақич каби чайналдики, “маза-матра”сига путур ета бошлади. Ҳатто халқимиз қадрияти ҳисобланган ҳашарни ҳам мажбурий меҳнат дейишди. Мисол учун, жорий йил таълим даргоҳларида ўқув йили бошланишидан аввал сайтлардан бирида «мактаб ўқитувчилари мажбурий меҳнатга жалб қилингани» ҳақида кетма-кет ёзилди. Бу қандай меҳнат эди дейсизми? Бор-йўғи бир мактабнинг ўқитувчилари ўзлари меҳнат қилаётган мактаб ҳовлисидаги ерни юмшатиб, атрофни бироз тартибга келтиришгани, ўзлари ишлайдиган муассасани ободонлаштиришда қатнашгани экан. Ахир, бундай ҳашарлар азалдан бор-ку! Ҳаммамиз мактабда ўқиганмиз, нафақат ўқитувчи, ҳатто катта синф ўқувчилари ҳам мактаб ҳовлисини, синфхоналарнинг озодалигига жавобгар эди. Ерни юмшатиш, дарахт­ларни оқлаш, ортиқча ўтларни юлиш каби енгил юмушларни ўзимиз ҳам бажарганмиз. Атроф тоза, сўлим бўлса, билим олгани келган нафақат ўқувчиларнинг, таълим-тарбия берувчи ўқитувчилару, таълим даргоҳига келадиган барча-барчанинг баҳри-дили яйрамайдими? Қолаверса, тозалик соғлом ҳаёт гарови эканини боғча боласи ҳам билади. Наҳотки, шу юмушлар ҳам “мажбурий меҳнат” бўлса?! Ўз ҳовлингдаги ерни биров келиб тозалаб бермайди-ку!

… матбуотга алоқаси йўқ, хабар тарқатиш ваколатига эга бўлмаган,  “саводи ғовлаб кетган ишбилармон”ларнинг бунчалик ҳовлиқиб кетишига катта-кичик раҳбарларнинг ҳам ҳиссаси бордек туюлади. Тадбирларда айрим блогерлар берадиган эзма саволларга улар қўрқа-писа жавоб беради, эҳтиёт бўламан деб баъзида “қовун тушириб қўяди”, орада ножўя гаплар ҳам келиб чиқади. Қарабсизки, уддабуронлар ўша ножўя гапни юлиб олиб тармоқда эълон қилади. Оқибатда масъул шахслар ноқулай аҳволга тушиб қоляпти, ишдан олинаяпти. Бунга ҳисса қўшган блогер эса ғалаба мен томонда деб ўйлаяпти. Энг ёмони, бу гаплар “эшик”дан ташқарига чиқиб, ватанимиз, миллатимиз шаънига доғ бўлиб тушаётганидир.

Қолаверса, ўсмир-ёшларни атроф- муҳит тозалигига риоя қилишга, унинг неъматларига эҳтиёткорона муносабатда бўлишга ўргатиш таълим даргоҳларининг ҳам иши ҳисобланади. Албатта, бунда ўқувчиларга ўқитувчиларнинг ўзлари ҳам ўрнак бўлиши лозим.

Президентимизнинг қатъий талаби билан бу йил давлат муассасалари ишчи-хизматчилари, талаба-ёшлар пахта теримига жалб қилинмади. Бу албатта, ҳар томонлама тўғри қарор бўлди. Аммо маҳаллаларда иш қидириб юрган ёки даромади камлигидан оиласини боқишга қийналаётганлар камми? Бўш вақтини телефону компью­терда ўтказиш, фойдасидан зарари кўпроқ виртуал оламнинг ҳар турли туйнукларида “сайр қилиш” билан умрини кетказаётган ёшлар ҳам талайгина.

Шундай экан, уларни пахта йиғимига жалб этиб, кунлик даромад топишга даъват этиш ҳеч қандай зиён қилмайди, аксинча… Таассуфки, ижтимоий тармоқлардаги “лайк” йиғишга ишқибоз айрим ҳовлиқма блогерлар учқундан ўт чиқариб, бу ҳолатни-да “мажбурий меҳнат”га йўйишди. Бир шоира опамиз “Ҳатто келинларимизга кўчани супур, дейишгаям қўрқиб қолдик. Буни ҳам мажбурий меҳнат дейишдан тоймайди булар”, деб ҳақли эътироз билдирган эди.

“Элдан чиқиб, кимга эл бўласан”, дейди кексаларимиз. Эл ичида яшагач, ён-атрофдагиларнинг иссиқ-совуғидан хабардор, ёрдам керак вазиятларда қўл-қанот бўлиш инсоний бурч эмасми? Афсуски, ўзини тезкор хабаркаш қилиб кўрсатаётган баъзи кимсалар одамларга яхши кўриниш, ўзларини “халқпарвар, элпарвар, адолатпарвар ва яна неча хил “парвар”лар сифатида намойиш қилиб, нуқул  ҳаётдан кир қидириш билан машғул бўлишмоқда.

Лекин бундан кимга наф? Юртимизгами? Одамларгами?

Қўлингдан келса, савоб ва яхшилик қил, келмаса ҳеч бўлмаса, ёмонлик қилма дейдилар.

Яна шуни алоҳида таъкидлаш жоиз­ки, пала-партиш, ёлғон-яшиқ хабарларни ёзиш билан ҳеч ким шу пайтгача обрў топган эмас.

Албатта, матбуот тезкор бўлгани яхши. Аммо бу тўғри келган кўчадаги гапни текширмасдан, аниқлигини ўзи ҳам билмасдан элу юртга жар солиш дегани эмас-да!

Ҳали кўп бўлгани йўқ, бир мамлакат президентини вафот этганга чиқариб юборишди. Бунга ишонган нуфузли одамлар ҳам ижтимоий тармоқлар орқали таъзия билдирди. Ваҳоланки, бу қип-қизил ёлғон эди. Бугун интернет тармоқлари мисоли бетартиб бозорга айланиб бормоқда. Бу бозорда сифатлисидан кўра, истеъмолга яроқсиз маҳсулот кўпайиб кетди. Мана шулар сабаб ҳозир аҳоли орасида ижтимоий тармоқларга ишонч кескин сусаймоқда.

Яна бир мисол. Уч-тўрт ой бурун “Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ишдан кетди”, деган ёлғон хабар ҳам бутун мусулмон оламини ўйлантириб қўйди. Хабарни тарқатган блогер ўзича “янги Америка кашф этдим”, деб қалпоғини осмонга отгандир. Бироқ, ёлғоннинг умри қисқа экани яна бир бора исботини топди. Қизиқ, нега баъзи одамлар халқчил ОАВлари, ташкилот ва идораларнинг ишонч­ли матбуот хизматлари турган жойда, кўча гапига ишонишади?

Ростини айтганда, матбуотга алоқаси йўқ, хабар тарқатиш ваколатига эга бўлмаган, “саводи ғовлаб кетган ишбилармон”ларнинг бунчалик ҳовлиқиб кетишига ҳозирги катта-кичик айрим раҳбарларнинг ҳам ҳиссаси бордек туюлади. Тадбирларда баъзи бир  блогерлар берадиган эзма ва чучмал саволларга улар қўрқа-писа жавоб беради, эҳтиёт бўламан деб баъзида “қовун тушириб қўяди”, орада ножўя гаплар ҳам келиб чиқади. Қарабсизки, “уддабуронлар” ўша ножўя гапни юлиб олиб тармоқда эълон қилади. Оқибатда масъул шахс­лар ноқулай аҳволга тушиб қоляпти, ҳатто ишдан олинаяпти. Бунга ҳисса қўшган блогер эса ғалаба мен томонда деб ўйлаяпти. Энг ёмони, бу гаплар “эшик”­дан ташқарига чиқиб, ватанимиз, миллатимиз шаънига доғ бўлиб тушаётганидадир.

Эътибор қилсангиз, шу жойда журналист билан блогернинг фарқи юзага чиқади, яъни журналистда жавобгарлик ҳисси бор, хато қилса, нохолис ахборот тарқатса, чора кўрилади. Ўзбекистон Республикасининг “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунида ҳуқуқларимиз билан бирга мажбуриятларимиз ҳам кўрсатиб ўтилган. Унда, жумладан, журналист “ўзи тайёрлаётган материалларининг тўғри ёки нотўғри эканлигини текшириши ва холис ахборот тақдим этиши” шарт­лиги қатъий белгиланган. Демак, ижтимоий тармоқлар ҳам ким нима деса дейдиган, оғзига келганини гапирадиган бепул карнай бўлмаслиги керак. Уларга ҳам қатъий жавобгарлик масаласи қўйиладиган вақт келмадимикан?

Шубҳасиз, жамиятда сўз эркинлиги зарур. Блогерлар, аслида, журналистларнинг яқин ёрдамчилари. Аммо минг афсуски, улар орасида ўзларини юқорида биз эслаган турк ёзувчисининг қаҳрамони сингари “демократия шунқори” деб биладиган, омма диққатини бўлар-бўлмасга ўзига қаратишга уринаётганлари борлиги чатоқ-да.

Очиқ гап, аксариятининг ёзган матн­ларини кўриб: “Ҳеч йўқса, мактабда ўқиганмикан, ўқиган бўлса, диктант, иншо ёзганмикин?” деб ўйлаб қоласиз. Имло хатоларининг ўзи ёзган хабарича бор. Зиммада масъулият бўлмагач, ачит­қи гаплар билан таниламан, дейдиганлар кўпайиши аниқ экан.

Дарвоқе, машҳур “Шум бола” кинофильмидаги бой ота сингари ким­нингдир қулоғини бураб, “Иннанке­йин-чи”, дея эзмалик қилиш, кимларнидир ёмон­отлиқ қилиш фикридан йироқмиз. Аксинча, ўз билими, салоҳияти билан халқимизга нафи тегадиган журналист-блогерлар кўпайишини истаймиз, холос…

Холида Файзиева,

“Hurriyat” мухбири.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

sixteen + 15 =