Конституциямиз — бахтимиз қомуси

Тошкент шаҳридаги Яшнобод тумани халқ таълими бўлимига қарашли 156-умумтаълим мактабида ўтган навбатдаги ҳуқуқий-маърифий учрашув ана шундай – “Конституциямиз — бахтимиз қомуси” деб аталди.

Халқ таълими фахрийлари, педагоглар, ўқувчи-ёшлар, уларнинг ота-оналари, устоз-мураббийлар иштирок этган тадбирда мазкур мактаб директори Муборак Ҳамдамова, ўқув тарбиявий ишлари бўйича директор ўринбосари Бахтиёр Арслонов, “Миллий истиқлол ғояси ва давлат ва хуқуқ асослари” фани ўқитувчиси Ширин Милибоева ва бошқа иштирокчилар мамлакатимиз Конституцияси — тарихий ҳужжат, халқимиз сиёсий-ҳуқуқий тафаккурининг юксак намунаси эканини алоҳида таъкидлади. Асосий қонунимиз — истиқлолимиз ва мустақил Ўзбекистонимиз рамзи, ғурур-ифтихори, шу заминда истиқомат қилаётган, миллати, дини, ирқи, тилидан қатъи назар, барча учун мустаҳкам ҳимоя, фуқаролик жамияти истиқболини аниқлаб берувчи дастуриламалдир. Бош қомусимизда ёшларнинг илм олиш ҳуқуқи ҳар томонлама кафолатланган. Мамлакатимизда замонавий ўқув ва ишлаб чиқариш ускуналари билан жиҳозланган умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар, ихтисослашган махсус мактаб-интернатлар, мактабдан ташқари ва мактабгача таълим муассасаларининг бунёд этилгани ёшларнинг юксак салоҳиятли инсонлар бўлиб камол топишига, Ватанимиз тараққиётининг янада юксалишига хизмат қилмоқда

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ишлаб чиқилган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг беш устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегиясида юртимизда таълимни ривожлантириш, ёшларнинг билим олиши, касб-ҳунар эгаллаши учун барча шароитларни яратиш борасида кенг кўламли вазифалар белгилаб берилган.

Учрашувда Конституциямизнинг яратилиш тарихи, унинг демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш ва инсон манфаатларини таъминлашдаги аҳамияти, халқчиллиги, халқаро ҳуқуқ нормаларига мослиги ҳақида атрофлича маълумот берилди. “Конституция — ҳуқуқ ва эркинликларимиз, фаровонлигимиз кафолати”, “Ўзбекистон Конституцияси — барқарор ҳужжат” мавзуларида маърузалар тингланди. Ўқувчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олдилар.

— Бош қомусимиз инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, жамият ҳаётининг барча соҳаларини изчил либераллаштириш ва модернизация қилиш, таълим, фан, маданият ҳамда маънавият ривожида муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётир, — дейди “Миллий истиқлол ғояси ва давлат ва ҳуқуқ асослари” фани ўқитувчиси Изаура Сеибуллаева

Мактабнинг юқори синф ўқувчилари Конституциямизнинг 27 йиллигига бағишлаб саҳналаштирган ёрқин мусиқали дастур тадбир иштирокчиларида катта таассурот қолдирди.

Юсуф Жўраев.

Javob qoldiring

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

3 × two =