“Кўршапалак уяси” минг дардга давоми? ёки фирибгарнинг янги найранги

Бугун атрофимизга қарасак, ёшларнинг илм-ҳунар ўрганиши, ўз иқтидорини намоён этиши учун етарлича имконият бор. Шундан фойдаланиб, ўз танлаган касби, қизиққан соҳасида катта муваффақиятларга эришаётганлари ҳам талайгина. Минг афсуски, улар қатори қайта-қайта жиноят содир этиш, шароити етарли бўлатуриб, оғир жиноятларга қўл уришни одатга айлантирганлар ҳам бор. Бу ношукурлик, тўқликка шўхлик эмасми?

Қўқон шаҳрида яшовчи Ш.Мирзарахимов ҳам шундайлардан бўлиб чиқди. Ҳали 30 ёшга тўлмаган бўлса-да, суднинг қора курсисига 7 марта ўтириб улгурган “уддабурон” йигитлардан. 2012 йилдан буён шу аҳвол давом этиб келяпти. Бешинчи-олтинчи марта судланиб, 4-5 йил озодликдан маҳрум бўлгач, “Энди қилган ишларимдан хулоса чиқариб олдим. Халққа фойдам тегадиган инсон бўламан” деб ЖИЭМ ходимларига ваъда бериб, қамоқдан чиққан. Ўталмай қолган 3 йилу 8 ой 13 кунлик озодликдан маҳрум этиш жазоси ахлоқ тузатиш ишлари билан алмаштирилган. Афсуски, тарки одат амри маҳол деганлари рост экан. Ота-онаси, қариндошларининг ўгитларига қулоқ солмасдан у яна жиноят содир этиш йўлига кирди. Отаси уни уйлантириш ҳаракатида эканини айтиб, бир неча бор танбеҳ берди. Бари бефойда бўлиб чиқди. Ш.М.нинг табиатидаги ишёқмаслик, ҳалол меҳнат билан рўзғор тебратишига “халал” берди. Бутун фикру хаёли осонгина бойиб кетиш, жон койитмасдан топилган пулга кўнгилхушлик қилиб юришдан иборат бўлди.

Бир куни Ш.М. “Ютуб” ва “Телеграмм” каналлари орқали келаётган кўршапалак уяси ҳақидаги видеороликларни кўриб, жиноий режа тузади. Яъни, кўршапалак уяси тайёрлаб сотишни мўлжаллайди. Шу ният билан юрган кунлари (ўтган йил октябрь ойи ўрталарида) Учкўприк тумани Ёйилма қишлоғи ҳудудида Бахром Маҳкамов билан учрашиб қолади. Унга Наманган вилояти, Поп туманидаги тоғли ҳудудларда кўршапалак уяси борлигини, бу нарса саратон касаллигига даво бўлишини айтади. Б.Маҳкамов бу гапларга ишонади. Ш.М. эса “кўршапалак уяси”ни 23.300 АҚШ долларига сотмоқчилигини айтиб, қармоқдаги одамни уни олишга кўндиради.

Бу устамон цемент, оҳак, алебастер ва тупроқ қўшиб олдиндан ясаб қўйилган ноксимон шакл­даги қоришмани мана шу “кўршапалак уяси” деб кўрсатади. Яна, кўршапалак уясига тилла буюмлар худди магнит сингари ёпишиши, фақат саримсоқдан қочиши ҳақида аввалдан тайёрланган сохта видеороликни ҳам кўрсатади. Ниҳоят харидор топилгач, “ишбилармон” Б. Маҳкамовнинг яшаш манзили – Учкўприк тумани, Ёйилма қишлоғи 269-уй томон йўл олади. Ҳар эҳтимолга қарши “кўршапалак уяси”ни 5 литрлик баклажкага жойлаштириб, атрофини ялтироқ қоғоз, пахта билан ўралган ҳолатда олиб келиб беради ва ҳозирча очмаслигини тайинлайди. Бу гапга лаққа тушган харидор “уя”ни 15.300 АҚШ доллари (125.583.012 сўм)га сотиб олади. Афсуски, у ўзининг алданганини билганида кеч бўлган эди. Тезда тегишли органларга мурожаат қилади. Терговга қадар текширув даврида фуқаро Б.Маҳкамовдан ўша сохта кўршапалак уяси далилий ашё тариқасида олиниб, экспертизага топширилди. Х.С.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертиза марказининг 13110/20-сонли хулосасига кўра, ушбу жисмнинг устки қавати цемент, ўрта қавати оҳак ва остки қавати тупроқ экани исботини топди.

Буни қарангки, терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилаётган бир вақтда, 2018 йилнинг 10 декабрь куни “ишбилармон” қаҳрамонимиз яна бир ишга қўл уришга улгурибди. Унинг шиори қалбаки нарсаларни пуллаш экан, шекилли, бу гал сифатсиз, қалбакилаштирилган дори воситаларини ўтказмоқчи бўлди. Унга бу масалада жиноий шериклари Аҳрор Саидов ва Қирғизистон Республикаси фуқароси Акбар Худойқулов ёрдам берган. 393 та касетадаги “Лирика” дори воситасини Қўқон шаҳар, Авғонбоғ кўчаси чорраҳасига ўтказиш учун ташиб келган. Шундан 121 касетада бўлган худди шу дори воситасини харидор Х. Юлдашевага 3200 АҚШ долларига сотган вақтида тадбир иштирокчилари томонидан ушланган.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги “Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш” ДУКнинг 2018 йил, 26 декабрдаги 29/09-4938-сонли хулосасига кўра, Ш.Мирзарахимов ва бошқалардан далилий ашё тариқасида олинган “LYRICA 300 мг №14” дори воситаси ёрлиқлаш кўрсаткичлари бўйича талабга жавоб бермайди. Бунинг устига Республика сертификатлаштириш идоралари томонидан мувофиқлик сертификати расмийлаштирилмагани, сифатсиз ва яроқсизлиги, тиббиёт амалиётида қўллашга рухсат этилмаслиги аниқланган.

Бу қилмишлари учун Ш.М. тегишли жазога тортилди. Бундан буён у қандай йўл тутиб, нима хулосага келаркин? “Кўршапалак уяси” турфа хасталикларга, хусусан, саратонга даъво деб эшитган ва товламачи алдовига чув тушган юрт­дошимизга, қолаверса, ана шундай ким нима деса эргашиб кетаверадиган одамларга айтмоқчи бўлганимиз эса шу: ўйлаб кўринг, мабодо чиндан ҳам кўршапалак уяси бебаҳо малҳам ёки дори бўлганида уни ҳозирги кунда ўлган одамга жон баҳш этадиган доридан бошқаси топиладиган дорихонларда сотишмасмиди?!

Нодиржон Шамсиддинов,

Фарғона вилояти Учкўприк тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими бошлиғи, майор.

Javob qoldiring

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

twenty − four =