Ўзбекистон Экологик партияси: Биз — Соғлом ҳаёт учун!

Она Табиатни ўз Ватанини севгандек севган, азиз деб билган, уни ардоқлаган ҳар бир Инсон бизни қўллаб-қувватлайди.

Инсонни комил қиладиган ҳам мана шу Она юртига, Она табиатига муҳаббат, уни асраш ва керак бўлса, ҳимоя қилиш фазилатидир.

Ўтмишда атроф-муҳитга эътиборсиз муносабатда бўлиш, табиий ресурслардан меъёридан ортиқ фойдаланиш ва экологик талабларни менсимаслик Орол денгизининг қуриши, чўлланиш, ер ва сув ресурсларининг таназзули, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси генофондининг ёмонлашуви, биологик хилмахилликнинг қисқариши, кўп миқдордаги саноат, маиший ва бошқа чиқиндиларнинг ҳосил бўлиши каби қатор глобал ва минтақавий экологик муаммоларнинг пайдо бўлишига олиб келди. Ушбу муаммолар иқлим ўзгариши содир бўлаётган шароитларда янада яққолроқ ва кучлироқ намоён бўлиб, замонавий Ўзбекистон учун ҳам атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва уни соғломлаштириш масалаларини янада долзарб қилиб қўйди.

Албатта, мамлакатимизда экологик барқарорликни таъминлаш, муаммоларни бартараф қилиш ва салбий оқибатларининг олдини олиш борасида жамиятнинг турли қатламларига мансуб фуқароларнинг фаол қатнашиши талаб этилади.

Шу нуқтаи назардан олиб қараганда, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва аҳоли саломатлигини сақлаш соҳасида фаолият юритаётган миллий ҳамда чет эл жамоат ташкилотлари ва ҳаракатларининг ижобий тажрибаларини ўзлаштирган сиёсий куч — партия бундай муҳим мақсад ҳамда вазифаларни бажаришга қодир эканлигини эътироф этиш зарур.

Президентимизнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасидаги ғоялар ҳамда мамлакатда давлат ва жамият қурилиши соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар йўлидаги кейинги қадам сифатида мамлакат сиёсий майдонида янги — Ўзбекистон Экологик партияси ташкил этилди. Экологик пар­тиянинг тузилиши Ўзбекистон тарихида алоҳида саҳифа бўлиб, мамлакатда амалга оширилаётган стратегиянинг яққол ҳосиласидир. Аҳоли билан мулоқотлар жараёнида партиянинг вужудга келиши нафақат экологлар, балки кенг жамоатчиликнинг ушалган орзуси эканлиги эътироф этилмоқда. Бу партиянинг ташкил этилиши юртимизнинг жаҳон ҳамжамияти олдидаги нуфузини, имижини ошириш учун муҳим омил бўлди. Бу мамлакатимизда экологик масалаларга юксак эътибор қаратилаётганлигининг бир намунаси ва халқаро майдонда Ўзбекистоннинг бренди бўлди, десак, асло хато қилмаймиз.

Маълумки, Экоҳаракат Олий Мажлис Қонунчилик палатасида квота асосида депутатлик ўринларига эга эди. Квотадан воз кечилиши Ўзбекистон Экологик пар­тияси учун янги имкониятлар эшигини очиб берди.

Квоталаш институти бизнинг имкониятларимизни маълум бир даражада чегаралаб қўйган, маҳаллий Кенгашларда депутатларимиз йўқ эди. Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига бўлиб ўтадиган сайловларда иштирок эта олмасдик. Бу эса ўз навбатида, вертикал тизимда ишлашга, маҳаллий экологик муаммоларни ўз вакилларимиз орқали жойларда ҳал этиш имконини бермас эди. Бундан ташқари, Экоҳаракатда бошқа сиёсий партиялар сингари барқарор молиялаштириш манбаси ва рўйхатга олинган ўз электорати йўқ эди.

Шу маънода, Ўзбекистон Экологик партиясининг ташкил қилиниши ва унинг сайловларда иштирок этиш имкониятига эга бўлиши юқорида кўрсатилган муаммоларга ечим топишга хизмат қилади.

Бизнинг асосий мақсадимиз:

Биринчидан, давлат сиёсатида экологик сиёсатнинг устуворлигига эришиш.

Иккинчидан, мавжуд муаммоларнинг нафақат экологик, балки барча соҳадаги муаммоларнинг оқибатлари билан эмас, уларнинг келиб чиқиш сабабларини аниқлаб, ечимини топиш.

Учинчидан, атроф-муҳитни муҳофаза қилишда барчани бирлаштириш, экологик масъулиятни ошириб экологик барқарор жамият қуришдан иборат.

Ўзбекистон Экологик партияси сиёсий ташкилот сифатида жамиятни ижтимоий гуруҳларга ажратмаган ҳолда, ҳозирги ва келгуси авлодларга мусаффо табиатни, санитария-эпидемиологик осойишталикни, фуқароларнинг қулай атроф-муҳитга бўлган конституциявий ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатларини амалга оширишда жамиятнинг бор куч-салоҳиятини бирлаштиришга ва сафарбар қилишга интилади.

Партия электорати атроф-муҳитни ва аҳоли соғлиғини муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш бўйича демократик жамиятнинг таянчи, соҳадаги жадал ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини тарғиб этувчи ва амалга оширувчи асосий куч бўлган, сиёсий-ижтимоий жиҳатдан энг фаол, жонкуяр инсонлардан иборатдир. Улар атроф-муҳит муҳофазасига бефарқ бўлмаган, юртимиз ва халқимизнинг бугунги ва келажак тақдирини она табиат мусаффолигисиз тасаввур этолмайдиган, жамиятнинг барқарор ривожланиши — табиий ресурслардан оқилона фойдаланишда деб биладиган инсонлардир.

Ўзбекистон Экологик партияси мамлакатимиздаги мавжуд сиёсий партияларнинг қарашлари ҳамда мақсад ва вазифаларини инкор этмаган ҳолда, барча сиёсий, мафкуравий кучларни она табиатни асраб-авайлаш, Ватанимизнинг табиат неъматларини келажак авлодларга етказишдек буюк ғоя атрофида бирлашишга чақиради.

Партия ўз дастурий вазифаларини, сайловолди сиёсий позициясини амалга оширишда, дастурий мақсад ва ғояларимизни қўллаб-қувватлайдиган, фаоллиги билан Ватанимиз манфаатларига садоқат билан хизмат қиладиган, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза этиш ҳамда аҳолининг соғлиғини сақлаш, санитария-эпидемиологик осойишталикни таъминлаш борасида амалга оширилаётган туб ислоҳотларни тушуниб етган, ташкилотчилик тажрибасига эга, бу борада мустақил қарор қабул қила оладиган фуқароларга таянади.

“Биз келажак учун жавобгармиз!” ғояси остида ҳозирги ва келгуси авлоднинг қулай атроф-муҳитга эга бўлиш ҳуқуқларини таъминлаш, экологик барқарорликка эришиш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш йўлида жамиятни ижтимоий гуруҳларга ажратмаган ҳолда, унинг барча куч-салоҳиятини бирлаштириш партиямизнинг асосий мафкурасидир.

Белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, фаолиятни ташкил этиш бўйича пухта ўйланган чора-тадбирларни қамраб олган ҳолда, партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий ташкилотлари ҳамда 201 туман ва шаҳарда бўлимлари ташкил этилди ва фаолияти йўлга қўйилди. Бугунги кунга келиб, бошланғич партия ташкилотлари сони 1000 дан ошди. Амалга оширилган тарғибот-ташвиқот ишлари натижасида партия аъзолари сони 250 минг нафарга яқинни ташкил этмоқда, шундан 95 минг нафардан ортиғи, яъни 39 фоизи хотин-қизлардан иборат.

Партиямиз томонидан юртимизнинг барча туман ва шаҳарлардаги экологик, ижтимоий ва иқтисодий муаммолар инвентаризация қилиниб, уларнинг тўлиқ рўйхати шакл­лантирилди. Оролбўйида ўрмонзорлар барпо этиш бўйича амалга оширилаётган ишларга кўмаклашиш мақсадида партия фаоллари томонидан “Оролга мадад” шиори остида саксовул уруғларини йиғиш бўйича хайрия ҳашарлари ташкил этилди. Фаолият давомида амалий тадбирларга, шу жумладан, дарахтлар экиш акциялари, экологик ҳашарлар ўтказишга жиддий эътибор қаратилди. Хоразм вилоятининг Боғот, Шовот, Янгиариқ туманларидаги таълим муассасаларига соа­тига 500 литр сувни тозалайдиган сув тозалаш ускуналари ўрнатилди, ушбу ҳудудларда “Дўстлик боғлари”га асос солинди.

Ўзбекистон Экологик партияси қаттиқ маиший чиқиндиларни қайта ишлаш билан боғлиқ вазиятни ўрганиб чиқди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, мамлакатимиз ҳудудида қалинлиги 40 микрондан кам полимер плёнкали пакетлар (экспорт учун ишлаб чиқарилган, тутқичсиз ишлаб чиқарилган ва ички фойдаланиш учун рулонларда сотиладиган товарларнинг ажралмас қисми бўлган полимер плёнкали пакетлар, шунингдек, биологик парчаланадиган полимер материаллар бундан мустасно)ни ишлаб чиқариш тақиқланган. Бироқ бугунги кунда бундай пакетларни ишлаб чиқариш ва ундан фойдаланиш ҳамон давом этмоқда. Ушбу пластик пакетлар парчаланиши учун 200 йилдан кўпроқ вақт талаб этилади. Боз устига, чиқинди полигонларида тўпланиб қолган пакетлар атроф-муҳитга зарар етказмоқда. Бундан ташқари, Ўзбекистон Экологик партияси ҳукуматга амалдаги полиэтилен пакетлар ўрнига биологик парчаланадиган пакетлардан фойдаланиш бўйича таклиф билан чиқди. Партиямиз “ECO PACK” МЧЖ мутахассисларини жалб қилган ҳолда, атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатмайдиган биологик парчаланадиган муқобил пакетлар намуналарини ишлаб чиқди.

Ушбу пакетларга Буюк Британия таниқли лабораториясининг ижобий сертификати тақдим этилди. Оддий шароитда ушбу пакетнинг биологик парчаланиш даври тахминан 8 ойга тенгдир. Бундан таш­қари, парчаланиш жараёни ҳаво, қуёш нури ва табиий муҳит таъсирида бошланади. Парчаланишнинг якуний натижаси, бу ўсимлик учун ўғитга айланадиган биомассадир.

Шулардан келиб чиқиб, партиямиз анъанавий полиэтилен пакетларни сифат жиҳатидан кам бўлмаган, турли ўлчам ва қалинликда тайёрланиши мумкин бўлган, биологик парчаланадиган пакетларга алмаштиришни таклиф этмоқда. Таклиф қилинадиган биологик парчаланадиган пакетларнинг нархи (оммавий ишлаб чиқариш шароитида) 230 — 240 сўмдан ошмайди.

Бугунги кунда мамлакатимизда маиший ва қурилиш чиқиндилари муаммосидан ташқари, саноат чиқиндиси билан боғлиқ муаммо ҳам мавжуд. Республикамизда ҳозир кимё саноатида ҳосил бўлган фосфогипс чиқиндиси қарийб 80 млн. тонна, шу жумладан, Тошкент вилоятида 67 млн. тонна ва Самарқанд вилоятида 14 млн. тоннани ташкил этади.

Ўзбекистон Экологик партиясининг ташаббуси билан Ўзбекистонда биринчи марта 25 октябрь куни Нукус шаҳрида бўлиб ўтган юқори даражадаги Орол конференциясида “Биз келажак учун жавобгармиз!” шиори остида “Aral marathon” халқаро экологик марафони ўтказилди. Бу марафон Ўзбекистоннинг 6 та жо­йида, яъни Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Урганч, Нукус ва Мўйноқда 30 минг киши иштирокида бўлиб ўтди.

Марафоннинг асосий мақсади — Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Оролбўйи минтақасининг экологик инновациялар ва технологиялар зонаси, деб эълон қилинишига, Орол фожиаси, ҳақиқатан ҳам, глобал миқёсдаги муаммо эканлигига жамоатчилик эътиборини жалб қилиш, аҳоли ўртасида соғ­лом турмуш тарзини кенг тар­ғиб қилишдан иборат бўлди.

Экопартия қошида ташкил этилган “Ишонч телефони”га келиб тушаётган мурожаатлар асосида саноат корхоналарида жамоатчилик эшитувларини ўтказиш тизимли йўлга қўйилди. Бугунги кунга қадар 7 та йирик саноат корхонасида жамоатчилик эшитувлари ташкил этилди. Бу эшитувларни юқори савияда ташкил қилиш ва уларнинг самарадорлигига эришиш, қолаверса, вазиятни холис баҳолаш учун корхоналарга туташ ҳудудларда истиқомат қилувчи аҳоли ўртасида ижтимоий сўровномалар ўтказиш амалиёти жорий этилди.

Жамоатчилик эшитувлари якунида иштирокчилар томонидан билдирилган фикр-мулоҳазалар ва таклифлар асосида экологик ҳолатни яхшилаш ва корхоналар фаолиятининг атроф-муҳит ва аҳоли саломатлигига таъсирини камайтириш ҳамда ишлаб чиқаришни модернизация қилиш бўйича мажмуавий тадбирларни ўз ичига олган тавсиялар ишлаб чиқилди ва тегишли ташкилот ва муассасаларга тақдим этилди. Бугунги кунда уларнинг назорати амалга оширилмоқда.

Жорий йилнинг 22 декабрь куни бўлиб ўтадиган сайловларга пухта тайёргарлик кўриш партия томонидан халқимиз орасида обрў-эътиборга сазовор бўлган, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида муайян тажриба тўплаган, сиёсий жараённи англаб етадиган, давлат ва жамоат ишларида фаоллик кўрсатаётган, партиянинг билимли фаолларидан Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий Кенгашлар депутатлигига номзодлар захирасини шакллантириш ишлари амалга оширилди. Бунда хотин-қизлар ва ёшларга алоҳида эътибор қаратилди.

Номзодларни танлашда партия мафкураси ва дастурий мақсадларни тарғиб қила олиш кўникмасининг мавжудлиги, кенг дунёқарашга эга ва мустақил фикрлайдиган бўлиши, ўз соҳасини ва партия ташкилотлари ишини яхши билиши, республикада амалга оширилаётган ислоҳотлар мазмун-мо­ҳиятини англаши ва партия аъзоларига етказа олиши, партиявий манфаатларни ҳимоя қила олиш, ғоявий ишончнинг мустаҳкамлиги, ўзига юқори даражада талабчанлик ва ишчанлик, ташкилотчилик ва етакчилик қобилиятларига эгалик, ҳуқуқий онги ва сиёсий-ҳуқуқий маданиятининг яхши шаклланганлиги, ватанпарварлик ва инсонийлик хислатларининг устуворлиги каби жиҳатларига алоҳида эътибор берилди. Шунингдек, номзоднинг лавозимга қанчалик мос келишини, назарда тутилаётган лавозим учун талаб этиладиган билим ва касбий кўникмалари, хулқи, муомала лаёқати ҳам диққат марказимизда бўлди.

Партияларнинг ҳар бири ўз йўналиши, жамиятдаги муайян ижтимоий интилишлари, қизиқишларидан келиб чиққан ҳолда, яъни уларнинг манфаатларини ифодалаган ва ҳимоя қилган ҳолда ўз дастурини ишлаб чиқиши зарур.

Ўзбекистон Экологик партияси 2025 йилга қадар қуйидагиларни амалга оширишни режалаштирган:

— мамлакатимизнинг йирик ва саноати ривожланган шаҳарларида атмосфера ҳавосига чиқарилаётган углерод, азот бирикмалари, метан ва бошқа газлар чиқарилишини ҳамда чанг миқдорини 1,5 баробар камайтириш орқали атмосфера ҳавоси сифат кўрсаткичларини белгиланган меъёрлар даражасига келтириш ва уларнинг аҳолига салбий таъсирини камайтириш;

— республикамизда йилига атмосфера ҳавосига қарийб 2,5 млн. тонна ифлослантирувчи турли моддалар тарқалади. Шундан 63 фоизи транспорт воситалари улушига тўғри келади. Тошкент шаҳрида эса бу кўрсаткич 80 фоиздан юқорини ташкил этади.

Таклиф сифатида келгуси йилдан бошлаб мамлакатимизда экологик мақбул ҳисобланган элек­тромобиллардан кенг фойдаланишни жорий этиш, ёқилғининг юқори талабларга жавоб берадиган турларидан фойдаланишни йўлга қўйишга эришиш;

— иқтисодиётнинг барча тармоғида сувни тежайдиган, шу жумладан, томчилатиб суғориш технологияларидан кенг фойдаланишга қаратилган лойиҳаларнинг амалиётга татбиқ этилиши ҳисобига сув сарфини камайтиришга эришиш ҳамда суғориладиган ерларнинг 25 фоизигача майдонида сув тежовчи самарали технологиялар жорий этилишини таъминлаш;

— шаҳар ва қишлоқ аҳоли пункт­ларида сизот сувлари сатҳи кўтарилишининг олдини олиш, суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш мақсадида ирригация ва мелиорация объект­ларини қуриш ҳамда реконструкция қилиш ва таъмирлаш-тиклаш ишлари амалга оширилиши устидан парламент ва жамоатчиликнинг самарали назоратини ўрнатиш;

— Оролбўйи ҳудудига Амударёнинг юқори қисмидан йилига камида 5-6 куб. км. ҳажмда сув юборилишини таъминлаш ҳамда Орол денгизининг қуриган тубида ўрмон-мелиоратив ишларини амалга ошириш йўли билан Оролбўйини экологик жиҳатдан соғломлаштириш ҳамда 1,5 млн. гектар ер майдонини ўрмон билан қоплаш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш;

— аҳоли, айниқса, қишлоқ жойларда яшовчиларнинг тоза ичимлик суви таъминотини 85 фоизгача етказишга эришиш;

— оқова сувларни тозалаш иншоотлари самарадорлиги паст бўлган ҳудудларда, жумладан, Анг­рен, Гулистон, Самарқанд, Жиззах, Урганч, Нукус, Андижон, Чирчиқ ва Тошкент шаҳарларидаги ҳамда туман марказларидаги оқова сувларни тозалаш иншоотларининг самарадорлигини санитария нормалари даражасига етказиш ҳамда оқова сув тармоқларини ривожлантириш;

— ер ости бойликларидан, фойдали қазилмалар жойлашган майдонлардан асоссиз равишда ва ўзбошимчалик билан фойдаланишнинг олдини олиш ҳамда уларни муҳофаза қилиш устидан самарали назорат ўрнатиш;

— барча турдаги чиқиндилардан оқилона фойдаланишга эришиш, маиший чиқиндиларни қайта ишлаш ва такрорий фойдаланиш бўйича чора-тадбирларни қабул қилиш орқали уларни қайта ишлаш ҳажмини 40 фоизга етказиш, ҳосил бўлаётган саноат чиқиндиларини қайта ишлаш миқдорини 20 фоизгача етказиш;

— шаҳарларни ва аҳоли яшаш пунктларини комплекс режалаштириш ва ривожлантириш, Тошкент, Нукус, Бухоро ва Термиз шаҳарлари атрофида “яшил қалқон­лар”­ни барпо этиш ҳамда дарахтларнинг кесилишига эълон қилинган мораторий талаблари бажарилишини қатъий назорат қилиш, велосипед йўлакчаларини барпо этиш;

— биологик хилмахилликни ва экотизимларни сақлаш ҳамда улардан оқилона фойдаланиш мақсадида молиялаштиришнинг барча манбаси маблағларининг тўлиқ мақсадли сарфланишига эришиш ҳамда муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар майдонини мамлакат ҳудудининг 12 фоизига етказиш, шу жумладан, Ўзбекистоннинг Қозоғистон, Қирғизистон ҳамда Туркманистонга туташ ҳудудларида трансчегаравий муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар ташкил қилиш чораларини кўриш;

— Қорақалпоғистон Республикасидаги Судочье кўлини, Навоий вилоятидаги Қуйимазор ва Тўдакўл сув омборларини хал­қаро аҳамиятга эга бўлган сувли-бот­қоқ ҳудудлар (Рамсар конвенцияси) рўйхатига киритишни таъминлаш ҳамда Қорақалпоғис­тон Республикаси ва вилоятларда ёввойи ҳайвонлар ва ўсимликлар турларини кўпайтиришга ихтисослаштирилган питомниклар ва кўчатхоналарни барпо этиш;

— мамлакат энергия балансида қайта тикланувчи энергия манбалари улушини 10 фоизгача етказишда бевосита қатнашиш;

— Иқтисодиёт тармоқлари ва секторларини ривожлантиришнинг миллий стратегиялари ҳамда дастурларини ишлаб чиқишда экотизимларни сақлаб қолиш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича чора-тадбирларни белгилаш, табиий ресурсларнинг қиймати ҳисобга олинишини таъминлаш;

— бошқарувнинг барча босқичида экологик масалалар юзасидан қарорларни тайёрлаш ва қабул қилиш жараёнида фуқаролар, тадбиркорлик субъектлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари иштирокини кенгайтириш, фуқароларнинг тоза атроф-муҳитга бўлган ҳуқуқини ҳимоя қилишни таъминлаш;

— экология соҳасида норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, мамлакатимиз томонидан қабул қилинган соҳага оид халқаро норма ва қоидаларга оғишмай риоя этилишини таъминлаш ҳамда мажмуавий ва тўғридан-тўғри амал қиладиган Ўзбекистон Республикасининг Экологик кодексини қабул қилиш;

— бунёд этилаётган уйларнинг энергия ва ресурсларни тежайдиган “яшил қурилиш” талаблари бўйича қурилишига эришиш.

Ўзбекистон Экологик партияси мамлакатимизнинг бебаҳо табиий бойликларини асраб-авайлаш ва фуқароларимизнинг соғлиғини сақлашдек юксак вазифаларни бажаришда фаол иштирок этишга чақиради.

Борий Алихонов,

Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгаши

Ижроия қўмитаси раиси.

Биз билан бир сафда бўлинг!

Ўзбекистон Экологик партиясидан кўрсатилган номзодларга овоз беринг!

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

3 × three =