Яширин таҳдид

Бугун интернет тармоқларида 9 мингта сайт одамларни ўз жонига қасд қилишга тарғиб қилмоқда!

Бутун дунёда глобаллашув, маданиятлар аралашуви жараёни кечмоқда. Бу мураккаб жараён нафақат ёшларга, балки катталар дунёқарашига ҳам таъсир этмоқда. Бир томондан ахборот технологиялари кундалик ҳаётимизга шу қадар шиддат билан кириб келяптики, буни ҳеч қандай рақамларсиз ҳам кузатишимиз мумкин.

Ҳозирги кунда ёшларнинг ижтимоий ва меҳнат фаоллигини ошириш, бўлажак раҳбарларда жамиятни бошқаришда лидерлик, ижодкорлик сифатларидан фойдаланишнинг ижтимоий механизмларини ишлаб чиқиш, шахс манфаатларини ифодалаш ҳамда ҳимоя этишда ошкораликни таъминлаш долзарб масалалардан биридир. Бу ўзига хослик, яъни жа­моага қараб фикрлаш, қарор қилиш тамойилидан келиб чиқиб, ёшларда лидерлик қобилиятини шакллантириш ва бошқарув маҳоратини ривожлантириш зарурати туғилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида  Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси қошидаги Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институти ҳамкорлигида ўтган “Янгиланаётган жамиятда ёшларнинг ижтимоий фаоллиги: муаммо ва ечимлар” мавзуидаги республика илмий-амалий конференциясида шу масалага эътибор қаратилди.

Анжуман 3 та шўъбага бўлинган ҳолда олиб борилди. Уларда “Ёшларни тарбиялаш ва уларнинг тафаккурини кенгайтириш борасидаги 5 та муҳим ташаббус ўрни”, “Ёшларда инновацион потенциални шакллантириш имкониятлари”, “Лидерлик психо­логия­сининг замонавий муаммолари” каби масалалар муҳокама қилинди. Ёшларда лидерликни шакллантириш ҳамда уларда қарор қабул қилиш, ходимлар билан ишлаш, уларни бошқариш кўникмаларини ривожлантириш масалалари юзасидан таклифлар кўриб чиқилди.

Бутун дунёда глобаллашув, маданиятлар аралашуви жараёни кечмоқда. Бу мураккаб жараён нафақат ёшларга, балки катталар дунёқарашига ҳам таъсир этмоқда. Бир томондан ахборот технологиялари кундалик ҳаётимизга шу қадар шиддат билан кириб келяптики, буни ҳеч қандай рақамларсиз ҳам кузатишимиз мумкин.

— Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, ҳозирги кунда ёшларнинг 90 фоизи асосий ахборот манбаи сифатида интернетга мурожаат қилмоқда. Фойдаланилаётган ахборот воситаларининг катта қисми асосан “Twitter”, “Instagramm”, “Facebook”, “Odnok­lassniki” каби ижтимоий тармоқлар ва видео, аудио порталларга тўғри келса, маълум бир қисмигина зарарли таъсир этмайдиган, илмий, маданий ва маърифий сайтлардан иборатлигини кузатишимиз мумкин.

Халқаро экспертларнинг фикрича, айни вақтда  дунё миқёсида болалар ва ўсмирларнинг 42 фоизи порнография таъсирига бутунлай тобе бўлиб қолган. Дунё бўйича 38 фоиз бола зўравонлик руҳидаги сайтларга, 26 фоизи миллатчиликни тарғиб қилувчи веб-саҳифаларга мунтазам киради.

— Маълумотларга қараганда, бугунги кунда интернет тармоғида ўз жонига қасд қилишнинг осон йўлларини тарғиб қилувчи 9 минг, шаҳвоний мазмундаги 4 минг­дан зиёд сайт мавжуд бўлса, 49 фоиз компьютер ўйинлари зўравонлик ва ёвузликни тарғиб қилади. Айни вақтда болалар ва ўсмирларнинг 42 фоизи онлайн тарзида тарқатиладиган порнография таъсирига бутунлай тобе бўлиб қолган. Халқаро экспертлар дунё миқёсида 38 фоиз бола зўравонлик руҳидаги сайтларга, 26 фоизи миллатчилик характеридаги веб-саҳифаларга мунтазам киришини тасдиқламоқда, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев. — Ҳақиқий лидерларни етиштириш ва ҳаққоний билимдонлар ўқишга кириши учун тест тизимидан бутунлай воз кечиб, абитуриентлар ўқишга фақат суҳбат, савол-жавоб асосида қабул қилиниши керак деб ҳисоблайман ва бу ўзини оқлайди. Бунинг учун абитуриент билан суҳбатлаша оладиган ҳалол, адолатли, коррупцияга йўл қўймайдиган мутахассислар керак, масала мана шу ерда. Тест тизими ҳеч қачон ўзини оқламайди деб ҳисоблайман.

Мазкур масала юзасидан Президент маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари, Ёшлар иттифоқи марказий кенгаши раиси Алишер Саъдуллаев ҳам ўз муносабатини билдириб ўтди.

— Хориж тажрибасини ўрганадиган бўлсак, GMAT, CAT, GRE деган алоҳида тест тизимлари бор. Бу тест тизимлари давлатдан мустақил равишда, асосан, хусусий сектор вакиллари томонидан бош­қарилиши кўзда тутилгани учун ҳам тест жараёнидаги ноҳақликларнинг, қанақадир тушунмовчиликларнинг олди олинган. Америка мактабларида CAT тестидан яхши баҳо олган бола автоматик равишда ўқишга киради. Янги нарсани кашф қилиш керакмас. Халқаро тажрибани ўрганиш керак. Давлат тест маркази томонидан CEFR тестини муваффақиятли топширганлар инглиз тили имтиҳонларидан озод қилиниши ҳам бу борадаги ижобий қадамлардан бири. Фикримча, бир йўналишга стандартлашган тест тизимига биз ҳам ўтсак керак. Чунки бу борада ҳам хусусийлаштиришга ўтилса, мақсадга мувофиқ бўларди. Фақат бизда тест тизимини сифатли амалга ошира оладиган кадрлар етармикан, деган савол очиқ қолади, — дейди Алишер Саъдуллаев.

Қайд этиб ўтилган масалалар бевосита ҳар бир ёшнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида ўз ўрнини эгаллаши, фуқаролик позициясини шакллантириш йўлидаги муаммолар қаторида турибди.

Ёшларда кучли фуқаролик позициясини шакллантиришда афсуски амалиётда қуйидаги муаммолар кўзга ташланмоқда:

Ота-она томонидан йўл қўйилаётган масъулиятсизлик. Афсуски, бугун айрим оилаларда ота ўз боласи учун идеал шахс сифатида гавдаланмай қўйган.

Мактаб таълим жараёнидаги муаммолар:

9 йиллик таълим, 12 йиллик таълим, 11 йиллик таълим, лотин ва кирилл алифбосидаги ўзаро мослашмаслик, таълимда экспериментларнинг муттасил ўтказилиши узлуксиз таълимда салбий асоратлар қолдирмоқда, авлодлар ўртасидаги тарихий билимларнинг ўзаро номувофиқ ҳолда шаклланишига олиб келмоқда.

Шу билан бирга таълим жараёнига жалб этилганларнинг ижтимоий ва моддий аҳволи етарли даражада қўллаб-қувватланмагани ҳам бу борада муҳим муаммолар қаторида турибди.

Афсуски, шу кунга қадар ёшларнинг психология билан ишлаш масаласи биринчи даражали масала сифатида кўрилмай, ортга сурилгани оқибатида турли руҳий босим ёки ҳаётга нотўғри қараш билан жамият­га кириб келаётган ёшларнинг кўпайиб бораётгани ҳам фуқаролик позициясини шакллантиришдаги муҳим тўсиқлардан бири бўлиб турибди.

Феруза Бердиева,

“Hurriyat” мухбири.

Javob qoldiring

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

nineteen + nineteen =