Йигирма мингга яқин шахснинг ҳуқуқи тикланган

Ички ишлар вазирлиги таркибий ва ҳудудий бўлинмаларига жорий йилнинг ўн ойи мобайнида Президентнинг виртуал ҳамда Халқ қабулхоналари орқали 79 775 та мурожаат келиб тушган. Шундан 76 фоизи қаноатлантирилган, 19 021 нафар шахснинг ҳуқуқлари тикланиши таъминланган.

Жамиятимиздаги ўзгаришлар одамлар онгида ҳам акс-садо беряпти. Ўз ҳақ-ҳуқуқини танийдиган, кимдан нима сўраб, қаерга мурожаат қилишни биладиган фуқароларимиз кўпаймоқда.

Биргина Ички ишлар вазирлиги таркибий ва ҳудудий бўлинмаларига жорий йилнинг ўн ойи мобайнида Президентнинг виртуал ҳамда Халқ қабулхоналари орқали 79 775 та мурожаат келиб тушган. Шундан 76 фоизи қаноатлантирилган, 19 021 нафар шахснинг ҳуқуқлари тикланиши таъминланган.

Хўш, юқоридаги рақамларда, асосан, қайси йўналишдаги мурожаатлар акс этган? Булар — фуқаролик, паспорт ва виза масалалари, жазони ижро этаётган маҳбуслар томонидан афв этишни сўраб ёзилган, мол-мулк ва пул маблағларини ундириш, тергов ва суриштирув органларига доир, йўл ҳаракати хавфсизлиги, ички ишлар тизимига ишга жойлашиш ёки собиқ ички ишлар ходимларининг ишга тикланиши билан боғлиқ мурожаатларни ташкил этади.

— Аҳолининг мавжуд муаммоларини ўрганиш мақсадида мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш даражаси паст, энг олис, чекка ва тоғли туманлари ҳамда чегара ҳудудларида жойлашган аҳоли пунктларида оммавий сайёр қабуллар ўтказиб келяпмиз, — дейди ИИВ Ташкилий департаменти мурожаатлар билан ишлаш бошқармаси бошлиғи, подполковник Озодбек Жўрабоев. — Шу йилнинг ўтган вақти давомида 136 марта сайёр қабул ўтказилган бўлса, жараёнда 7296 та турли мазмундаги мурожаатлар келиб тушган. Улардан 2786 таси (32 фоизи) ижобий ҳал этилган. 35,6 фоизи бўйича малакали ҳуқуқий тушунтиришлар берилди, 162 таси қонуний асосларга кўра рад этилган. 17,5 фоизи тегишлилиги бўйича вазирлик ва идораларга юборилди. Ушбу қабулларда келиб тушаётган мурожаатлар кўпроқ уй-жой ва моддий ёрдам ажратиш, ички ишлар органлари хизматига қайта тиклаш ва ишга кириш, Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини қабул қилиш, суриштирув ва тергов ҳаракатлари, амнистия ва афв этиш каби масалаларга қаратилган. Сайёр қабуллар тасдиқланган режа асосида ташкил этилади. Уларнинг шаффофлигини таъминлаш ва аҳолини олдиндан хабардор қилиш мақсадида ўтказилиши режалаштирилган қабулларнинг вақти ва жойи тўғрисидаги маълумотларни камида икки-уч кун аввал сайтимизда, маҳаллий ва марказий матбуотда бериб борамиз. Унда ҳар бир фуқаро қатнашиш ҳуқуқига эга.

Дарвоқе, турли сабаблар билан асоссиз жавобгарликка тортилган деб топилиб, улар бўйича оқлов ҳукмлари чиқарилган ва ҳозирги вақтда ички ишлар органлари олдига қўйилган вазифаларни бажара олиши мумкин, дея ҳисобланган собиқ ходимларнинг 200 нафарга яқини ишга қайта тикланган.

Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида бўлиб ўтган матбуот анжуманида шулар хусусида сўз борди ва юқоридаги масалаларга оид кўплаб саволларга ойдинлик киритилди.

Х. Аҳмаджонова

Javob qoldiring

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

eight − 3 =