Матбаачилар ва ноширларни тайёрлайдиган муҳим маскан

Куни кеча, аниқроғи 5 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги тасарруфидаги Ноширлик яъни матбаа соҳасида мутахассисларни тайёрлаш коллежининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

— Бугун Агентлигимиз тасарруфидаги Ноширлик коллежи биноси ўқувчилар учун фойдаланишга топширилмоқда. Коллеж келгусида етук матбаачилар ва ноширларни тайёрлайдиган муҳим масканга айланади, деб ишонаман, — деди тадбирда сўз олган Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Бош директори Комил Алламжонов.

Муассаса 540 ўқувчига мўлжалланган бўлиб, бинолар тўлиқ капитал таъмирдан чиқарилди. Хал­қаро таълим стандартларига мос шарт-шароитлар яратилди. Ахборот-ресурс маркази, дарсхоналар ва ўқув лабораториялари ҳамда спорт  зали замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланди.

— Ушбу даргоҳ келажакда ёшларнинг дунё стандартлари даражасида илм олиши ва етук мутахассис бўлиб етишиши учун энг илғор технологиялар билан таъминланди ҳамда улар ўта замонавий ўқув услуби асосида билим олиш имконига эга бўлишади, — деди Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва омма­вий коммуникациялар агент­лиги директори ўринбосари ­Саида Мирзиёева.

Эндиликда “Ўзбекистон”, “Ўқитувчи”, Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйлари ҳамда “Шарқ” нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси мазкур ўқув муассасанинг ҳамкорлари этиб белгиланди. Энг муҳими, ушбу коллежда таълим ва ҳунар ўрганувчи ёшлар назарий билимларини юқоридаги корхоналарда амалиётда синаб кўришади.

Ўз мухбиримиз.

Javob qoldiring

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

4 × 1 =