Халқаро ҳаёт шарҳини ким ёзади?

Дунёда ҳар сонияда қандайдир воқеа-ҳодисалар содир бўлмоқда. Бир сония ичида унинг хабари жаҳонга тарқаляпти. Ҳар қандай ахборотга ўз вақтида муносабат билдириш, уларнинг тўғри ёки нотўғрилиги ҳақида маълумотлар бериб бориш миллий оммавий ахборот воситалари, хусусан, халқаро шарҳловчиларнинг вазифаси бўлиши керак.

Бир неча йил аввал мамлакатимиз оммавий ахборот воситаларида халқ­аро шарҳловчилар мактаби шаклланган эди. Телевидение, радиоканаллар ҳамда матбуотда кунора халқаро воқеа-ҳодисаларга муносабатлар берилиб борилар эди. Айни пайтга келиб эса бу жараён анча оқсамоқда. Хусусан, матбуотда халқаро шарҳларни топиш жуда мушкул. Жаҳонда юз бераётган воқеалар деярли ёритилмаяпти. Берилаётгани эса қисқа сатр­ларда акс этмоқда. Шарҳлар деярли йўқ. Хал­қ­аро шарҳ ёзадиган журналистлар етишмовчилиги ҳам кундай равшан.

Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси қошидаги Халқаро шарҳловчилар кенгаши ҳамда университет ҳамкорлигида ўтказилган “ОАВда хал­қаро ҳаёт шар­ҳи: муаммо ва ечимлар” мавзуидаги давра суҳбатида ушбу муаммоларга эътибор қаратилди.

Дастлаб жаҳон ахборот майдонида мамлакатимиз имиджини мустаҳ-камлашда ОАВнинг ўрни ва халқаро тажриба, хал­қаро шарҳларни тайёрлашга қўйиладиган талаблар, уларнинг самарадорлиги, таъсирчанлиги-ни оширишнинг асосий омиллари борасида фикр алмашилди. Сўнгра халқаро алоқалар, ахборот-сиёсий технологияларни қўллаш, шу билан бирга, интернет тармоғида журна­листлар одоб-ахлоқ меъёрларига амал қилиш қоидаларига оид масалалар муҳокама этилди.

Унда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Саъдулла Ҳакимов, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги “Дунё” ахборот агентлиги директори вазифасини вақтинча бажарувчиси Садриддин Суяров, Ўзбекистон давлат Жаҳон тиллари университети халқаро журналистика факультети декани Амри­лло Каримов, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси қошидаги Халқаро шарҳловчилар кенгаши раиси Қобилбек Каримбеков, «Дунё бўйлаб» телеканали бош муҳаррири Ғофир Жамолов, «Ўзбекистон-24» радиоканали бош муҳаррири Шарофиддин Тўлаганов ва бошқа ижодкорлар сўзга чиқдилар.

— Дунё ҳамжамиятида мамлакатимиз халқаро муносабатларнинг тўла ҳуқуқли субъекти ҳисобланади, — деди Ғофир Жамолов. — Унинг ташқи сиёсати давлатларнинг суверен тенг­лиги, куч ишлатмаслик ёки куч билан таҳдид қилмаслик, чегараларнинг дахлсизлиги, низоларни тинч йўл билан ҳал этиш, бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик қоидаларига ва халқаро ҳуқуқнинг умум­эътироф этилган бош­қа қоидалари ва нормаларига асосланади. Мамлакатимиз оммавий ахборот воситалари ҳам халқаро шарҳларда ана шу омилларга амал қилишлари шарт. Халқаро шарҳловчи бўлиш учун бўлғуси журналистларда қизиқиш ва интилиш бўлиши керак. Доим ўқиш ва изланишда бўлган ёшлардан етук халқаро шарҳловчилар чиқади.

— Ўзбекистон ҳамкорликдан манфаатдор бўлган барча мамлакатлар билан дипломатия муносабатларини йўлга қўйган, қатор йирик давлатлар билан ўзаро муносабатларимиз стратегик шериклик даражасига кўтарилган, — дейди Садриддин Суяров. — АҚШ, Хитой, Япония, Жанубий Корея, Россия шулар жумласидан. Биз журналистлар, хусусан, халқаро шарҳловчиларнинг вазифаси хорижий давлатлар билан тенг ҳуқуқли, дўстона муносабатларнинг бугунги ҳолатини акс эттирган материаллар ёзишдан иборот. Афсуски, матбуотимизда бундай шарҳлар жуда кам. Бугунги кунда Ўзбекистоннинг ташқи сиё­сатда, хусусан, қўшни мамлакатлар билан иқтисодий-сиёсий, маданий-маърифий соҳадаги позициясини очиб берадиган шарҳ­ларни ёзадиган малакали, хорижий тилларни биладиган мутахассисларга катта эҳтиёж сезилаяпти. Ушбу масала ечимида халқаро журналист кадрлар тайёрловчи Ўзбекистон давлат Жаҳон тиллари университетининг халқаро журна­листика факультети муҳим ўрин тутади. «Дунё» ахборот агентлиги мазкур таълим даргоҳи билан ҳамкорлик ўрнатишга тайёр. Зеро, бундай амалиёт халқ­аро шарҳловчиларнинг янги авлоди етишиб чиқишига хизмат қилади. Яна бир гап, талабалар камида уч-тўртта тилни мукаммал ўрганишлари керак.

Анжуманда миллий омма­вий ахборот воситаларида халқаро шарҳловчилар мактабини шакллантириш ва шарҳлар сонини оширишга доир таклифлар ҳам муҳокама этилди.

Жобир Хўжақулов.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

one × 4 =