Кучли парламент – демократия таянчи

Юртимизда 22 декабрь – Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий кенгашлар сайловига қизғин ҳозирлик кўрилмоқда. Ушбу муҳим сиёсий жараён арафасида АҚШнинг юртимиздаги фавқулодда ва мухтор элчиси Дэниел Розенблюм бу борадаги мулоҳазалари билан ўртоқлашди:

— Сайловолди жараёнларни диққат билан кузатиб бормоқдамиз. ЕХҲТнинг кузатувчилар миссияси таркибида ҳам АҚШ вакиллари бор. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис янада жонли фаолият кўрсатиши, жумладан, ижроия ҳокимиятини назорат қилиб бориши лозимлигини бот-бот таъкидламоқда.

Парламентарийларнинг ўзи ҳам эндиликда аввалгига нисбатан ўзгача ишлаш лозимлиги, бу борадаги залворли масъулиятни ҳис этаётганлари сезилмоқда.

Мен сайловда илк бор қатнашаётган бир неча номзод билан суҳбатлашдим. Улар яқинлашиб келаётган сайловда эҳтимол депутатликка сайланар, эҳтимол сайланмас. Аммо суҳбат асносида улар парламент аъзосининг вазифаси ўзи сайланган округни муносиб ўрганиши ҳам­да электорат манфаатларини рисоладагидек ҳимоя қилиш эканини теран англашларига ишонч ҳосил қилдим. Умид қиламизки, янги парламентдан ўрин оладиган депутатларнинг барчаси айни шу маслакка содиқ бўлади ҳамда Ўзбекистон Президентининг кучли қонун чиқарувчи ҳокимият борасидаги орзу-интилишларини рўёбга чиқаради. Зеро, кучли парламент ўзаро боғлиқлик ва қарама-қаршиликлар тизимининг ажралмас таркибий қисмидир.

Сайловдан сўнг фаолият бошлайдиган янги парламент аъзолари АҚШ Конгресси билан робиталарни кучайтириш, кўмак олиш ёки алмашувларни кенгайтириш истагини билдирса, биз бу борада ҳамкорликка тайёр эканимизни таъкидлашни истардим. Дарвоқе, мен мазкур масалада парламент раҳбарияти билан аллақачон бир неча бор музокара ўтказдим. Ўзбекистон парламентининг дунё мамлакатлари қонунчилик идоралари, жумладан, АҚШ Конгресси тажрибасини ўрганишга хайрихоҳ экани эътиборга моликдир.

Абдул Собир

ёзиб олди.

Javob qoldiring

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

five × 2 =