Адиб илтижоси

12 декабрь – Чингиз Айтматов таваллуд топган кун

Туркий халқларда ўғил бола етти ота-бобоси ким бўлгани, эл-юртда улар тўғрисида қандай хотира қолганини билиши, яхши ишларини эслаб юриши қатъий одат бўлган. Оқсоқоллар кўчада нотаниш болани кўриб қолишса, “Қани, ботир бола, кимнинг ўғлисан, отангнинг отаси ким, бобонгнинг бобоси ким бўлган?” деб сўрашган. Бола ўзининг сулоласини билмаса, “Ўғлига боболари кимлигини ўргатмаган бу қандай ота бўлди?” дея афсусланишган.

“Мен ўзим ҳақимда ёзаётганимда, гапни бугун “феодал ўтмиш” деб аталаётган ўтмиш ҳаётимдан бошлашим мумкин, — дейди Чингиз Айтматов. — Мен шекер уруғиданман. Бу уруғ шажарамизнинг боши. Отамнинг исми Тўрақул, унинг отаси Айтмат, Айтматнинг отаси Кимбилди, Кимбилдининг отаси Қўнжижўқ…”

Таниқли қирғиз олими Ўсмонохун Ибраимовнинг Чингиз Айтматовга бағишланган китобида ёзувчининг олис авлодлари ҳақида ғоят қизиқарли маълумотлар келтирилган. Уларга кўра, Чингиз оға туғилган Шекер овули шу ном билан аталувчи қирғиз уруғи номидан олинган бўлиб, “қитай” уруғининг чап қанотидан тарқаган. Ёзувчининг синглиси Роза (Розалия) Айтматованинг хотираларида келтирилишича, “қитай” уруғининг тарихи қуйидагича: “Бир гал уруғнинг асосчиси бўлмиш Кубанинг набираси Қаранай қўшни ҳудудларда жойлашган хитой қабилалари билан жангда ғолиб келиб, овулига ўлжа билан қайтаётганида чопарлар унга ўғиллик бўлганини хабар қилишади. Ўша тунда осмонда янги ой кўринади. Чақалоққа “қутлуғ” ва “ой” сўзларидан келиб чиқиб, “Қут-ой” деган исм беришади. Кейинчалик бу исм “қитай” (қирғизча ёзилиши “қытай”) тарзида қўлланилиб, йирик сулолага асос бўлади.

Чингиз Айтматов бир гал суҳбатдошларининг кўп такрорланадиган саволига жавоб бериб, “Мен Хитой императорлари уруғиданман” деган экан. Ў.Ибраимов “Ўшанда аввалига ҳаммамиз ҳайрон бўлганмиз, кейин адибнинг бу ҳазилидан мириқиб кулганмиз. Чунки, қитай уруғининг бугунги этник хитойларга мутлақо алоқаси йўқ. Аммо… кейинчалик бу жавоб ҳазил эмасдир, деб ҳам ўйлаганмиз”, дейди. Бунда у адибнинг қуйидаги ҳикоясини назарда тутгани аниқ.

Қадимда қирғиз қабилалари қўшни ҳудудларда яшайдиган хитойлар устига тез-тез бостириб бориб, уларнинг мол-мулкини аёвсиз талашар экан. Хитойлар бос­қинчиларни тинчитиш, қўлга тушганларини жазолашга ҳар қанча уринишмасин, уларнинг бу ҳаракатлари натижа бермаган. Чунки, қирғизлар зудлик билан орқага қайтиб, баланд тоғ чўққилари орасида ғойиб бўлишар экан. Хитойлар улар яшаётган ҳудудларгача келсалар-да, талончиларни топа олмай, сарсон бўлиб орқаларига қайтиб кетишаркан.

Хитой императори талончиларнинг қилмишларидан хуноб бўлиб, бир куни яқинларини ёнига чорлабди-да, уларга қирғиз хони билан учрашув уюштиришни буюрибди. Учрашув пайти томонлар муросага келишибди: қирғизлар талончиликни бас қилишади, Хитой императори эса ўзининг суюкли қизларидан бирини хонга тортиқ қилади. Орадан бир йил ўтгач, хитойлик келин ўғил туғади. Чақалоқни бошқа хотинлардан туғилган болалардан фарқлаш учун аввалига “Хитой келиннинг ўғли”, кейин “Қитай бола”, бора-бора “Қитай” деб атайдиган бўлишибди (Қаранг: Айтматова Р. Белые страницы истории. Бишкек, 2013. С.44).

Қитайдан туғилган болага Тулку деб исм қўйишади. Тулкудан Байтике, Буудай ва Богожуу туғилади. Байтикенинг фарзандлари Тонтогор ва Қийра. Тонтогорнинг ўғли Шакер. Шакернинг ўғли Қудайназар. Қудайназарнинг ўғиллари Асан-Усен. Асеннинг ўғли Табилди. Табилдининг ўғиллари Қонжужоқ ва Танабой. Қонжужоқнинг ўғиллари Жанали ва Тинали. Тиналининг ўғли Кимбилди. Кимбилдининг ўғиллари Биримқул ва Айт­мат.

Биримқул (Айтматнинг акаси) икки хотиндан учта фарзанд кўради: Алимқул, Озубек, Керимбек. Айтмат ва Ойимхондан беш фарзанд туғилган: Айимгул, Тўрақул, Қорақиз, Гулойим ва Рисқулбек. Тўрақул эса тўрт фарзанднинг отаси бўлган: Чингиз, Илгиз, Люция (Люся) ва Розалия (Роза).

Роза Айтматованинг хотираларига қайтамиз. “Бизнинг шажарамиз она томондан Х1Х асрда Ўрта Осиёга кўчиб келган мусулмон татарларга бориб тақалади. Қариндошларимизнинг айтишларича, онамизнинг авлодлари илм-маърифатли ўқитувчилар, коммерсант­лар, диний арбоблар бўлишган. Бобомиз Ҳамза Абдувалиев 2-гилдияли рус савдогари, таниқли мулк­дор бўлиб, ҳомийлик ишлари билан ном қозонган. Унинг қалин қор тагида қолиб, ем-хашакдан қийналаётган чорвадорларга ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги мурожаати босилиб чиққан маҳаллий газета сақланиб қолган.

Ёзувчининг онаси Нагима Ҳамзаевна Айтматова (Абдувалиева) қалбан гўзал, ўз даврининг илғор ғоялари билан қуролланган маърифатли, турмуш ўртоғи Тўрақулга садоқатли аёл бўлган. Ўғли Чингизнинг тақдирида унинг тарбияси ва беадоқ меҳри муҳим аҳамият касб этган, энг оғир пайтларда, масалан, эри қамоққа олиниб, рўзғор ташвишларидан қадди букилганида ҳам болалари тўғрисида ғамхўрлик қилишдан тўхтамайди.

Бир гал Нагима фолбин аёлга учраб, ундан турмуш ўртоғининг тақдири тўғрисида сўрайди. Фолбин Тўрақул тўғрисида ҳеч нима демайди, аммо “Болаларингдан бири дунё танийдиган одам бўлади”, дейди.

Абдувалиевлар оиласининг шажараси қуйидагича: Йосиф — Халил — Габдрашит — Гайса — Габделвали (1800) — Ҳасан-Ҳамза (1850-1932) — Нагима (1904). Шажарада Абдувалиев ва Утямишевлар сулоласи Татаристонда таниқли Ишманлар сулоласининг ёнма-ён икки новдаси дейилади. Роза Айтматова бу сулоладан икки юзга яқин таниқли кишилар етишиб чиққани тўғрисида ёзма ҳужжатлар борлигини айтади.

Шу ўринда бир мулоҳаза. Қир­ғизлар бобо ва буви (момо)ни “Тай ата”, “Тай эне” (“Катта ота”, “Катта буви”) дейишади. Водийда эндигина йўлга кирган болани “Той бола” деб эркалатиш одат. Қадимги хитой юришлари Фарғона водийсида бўлганини эсласак, Ў. Ибраимовнинг иккиланишида жон борга ўхшайди. У адиб шажараси ҳақидаги фикрини шундай якунлайди: “Айтматовнинг томирларида қандай қон оқишидан қатъи назар, Ўлжас Сулаймонов ҳақ гапни лўнда қилиб айтиб қўйган: “Чингиз — руҳнинг хоқони, сўзнинг подшоси”. Бу мартаба императорликдан баланд”.

Ёзувчининг онаси Нагима Ҳамзаевна ҳақида кўп ёзилмаган. Аммо бу муштипар аёл бошига тушган азоб-уқубатлар озмунча эмас. Тўрақул билан танишгач, оила ҳаёти ҳавас қиларли даражада бошланади. Икки ёш самимий муҳаббат билан бир-бирларига суянадилар, фарзандлари улғайиб, ёнларига киришларини орзу қилишади. Аммо… бахтли онлар узоққа чўзилмайди. Тўрақул оиласи ва болаларини Москвадан поездга ўтказиб, юртга қайтараётганидаёқ Нагиманинг кўнглида машъум хавотир уйғонади. Ишидан хато топишган бўлса-чи? Ундай деса, хато қилганига, янглишганига ишониш қийин. Большевиклар ишига садоқатли, Ленин асарларини тинимсиз ўқиган, Москвада марксизм-ленинизм институтида, қизил профессура курсларида таълим олган, Қирғизистонда партия-совет идораларида юқори мансабларда ишлаган кишида қандай хато бўлиши мумкин?

“Отам ҳақида ўйласам, у кўз ўнгимда ҳамиша кўмирдек қоп-қора, бир жойида озроқ оқи бор қуюқ сочли, далада киядиган кўйлаги, қўнжли булғор этиги билан гавдаланади. У кўпинча қўш от қўшилган чарм ўриндиқли аравада юрар, олдинда эса аравакаш ўтирарди. Отамнинг қиёфаси билан бирга, Фарғона тарафдаги пахса ёки гувала билан ўралган томи текис, бир-бирига ўхшаб кетадиган пастқам уйларни ҳам эслайман. Фарғоналикларнинг туриш-турмуши ўзига яраша эди. Бу ерда одамлар аҳил-иноқ кун кечиришади. Қишлоқларда кексаларнинг ҳурматини жойига қўйишади. Оқсоқолларнинг гапи эркагу аёл, катта-ю кичик — ҳамма учун қонундай гап. Яхши кунда ҳам, ёмон кунда ҳам қишлоқдошлар бир-бирларини ёлғизлатиб қўйишмайди. Ўзбекистонда ҳозир ҳам шундай…”

Чингиз Айтматовнинг “Болалигим” хотира қиссасида қуйидагиларни ўқиймиз: “1937 йилнинг боши. Сиёсий таъқиблар кўплар қатори отамнинг ҳам гирибонидан тутиб, бўға бошлаган пайт эди… Отамнинг кўнгли бирон нохушлик бўлишини олдиндан сезгандек, бизни юртимизга қайтариб юборишга ҳаракат қила бошлади. Назаримда, у тақдири азалнинг ҳийла-найрангларидан, қисматдан қочиб қутуладиган йўл йўқлигига кўзи етиб, бундан бизни асраш зарурлигини ҳис қилганча оиласини шу тақдир гирдобидан узоқлаштиришни ўйларди… Кўнглим аллақандай нохушликни сезди. Буюмларимизни йиғиштираётган отам билан онамнинг қайғули чеҳралари, қўрқув тўла кўзлари бундан ишора бериб тургандай эди. Отам биз билан уйга қайтмоқчи эмасди. Унга иш жойидан рухсат беришмаганини билардим…”.

Нагима шубҳа-гумонлар гирдобига ғарқ бўлганча, турмуш ўртоғи билан поезд перронида хайрлашиб, болаларини бағрига босиб, уйга қайтади. Адибнинг укаси Рис­қулбекнинг уйида яшашади, Тўрақулнинг қайтиб келишини узоқ кутишади. Умид чироғи бир куни ёниб қолар, деб ўйлашади. Она топган бир бурда нонини тўрт боласи билан баҳам кўради. Очликка чидашдан кўра, “Халқ душманининг болалари” деган тамғага дош бериш қийин кечади. Нагиманинг буюк хизмати — болаларини ўкситмай катта қилгани, уларга муносиб таълим-тарбия бергани десак, хато бўлмайди.

Адиб ўзининг шу асарида болалик йиллари отаси билан Фар­ғона ва Андижонга борганини эслайди. “Отам ҳақида ўйласам, у кўз ўнгимда ҳамиша кўмирдек қоп-қора, бир жойида озроқ оқи бор қуюқ сочли, далада киядиган кўйлаги, қўнжли булғор этиги билан гавдаланади. У кўпинча қўш от қўшилган чарм ўриндиқли аравада юрар, олдинда эса аравакаш ўтирарди. Отамнинг қиёфаси билан бирга, Фарғона тарафдаги пахса ёки гувала билан ўралган томи текис, бир-бирига ўхшаб кетадиган пастқам уйларни ҳам эслайман. Фарғоналикларнинг туриш-турмуши ўзига яраша эди. Бу ерда одамлар аҳил-иноқ кун кечиришади. Қишлоқларда кексаларнинг ҳурматини жойига қўйишади. Оқсоқолларнинг гапи эркагу аёл, катта-ю кичик — ҳамма учун қонундай гап. Яхши кунда ҳам, ёмон кунда ҳам қишлоқдошлар бир-бирларини ёлғизлатиб қўйишмайди. Ўзбекистонда ҳозир ҳам шундай…”.

Бу ва бошқа кўплаб ҳолатлар боис бўлажак адибнинг онг-шуурида ўзбек халқига ҳавас, ҳурмат-эҳтиром юзага келади, кейинчалик бу туйғу бадиий ва публицистик асарларига, таъсирчан маърузаларига кўчади, эл-юртимизнинг оқибатли дўсти, оғир дамларда ёнида тура оладиган қадрдонига айланади, кўплаб ижодкорлар учун устоз мақомига кўтарилади. Унинг юртимизга ҳар бир келиши адабиёт, санъат, театр соҳаси фидойилари учун чинакам байрамга айланарди. Буюк адиб билан ижодий мулоқотда бўлиш, унга сафардошлик қилиш бахтига муяссар бўлганлар оз эмас. Уларнинг ҳаммаси, ишончим комилки, адибнинг ҳаётда ўта камтар ва оддийлигига, суҳбатдоши ким бўлишидан қатъи назар, уларни эътибор билан тинглашига, баъзан, ноқулай вазият юз берганида ҳам ўзини босиқ ва ўйчан тутишига, ортиқча дабдаба, мақтов, ўринсиз мулозаматни ёқтирмаганига эътибор беришган, деб ўйлайман. Энг оғир пайтда ўзбек халқининг шаънини жасорат билан ҳимоя қилгани, халқимизнинг ўтмиш маданияти ва унинг минтақа халқлари маданияти ва турмуш тарзига таъсирини юксак баҳолагани, садоқатли сафдоши Одил Ёқубовга мактуб йўллаб, уни асоссиз айбловлардан сақлаб қолгани, “Адил, тарихий мавзуда роман ёзишда сен мендан ўтдинг” дейишининг ўзи, Пиримқул Қодировга ҳам зарур пайт­да елкасини тутгани бағрикенг ижодкор инсоннинг катта мукофоти эди.

Ўзбекистонлик бир гуруҳ ижодкорлар адиб таваллудининг 90 йиллиги муносабати билан Бишкек ва Чўлпон-отада ўтказилган форумда қатнашар эканмиз, “Ота-бейит”да мангу қўним топган Чингиз оға қабрини зиёрат қилдик. Олатоғ этакларида жойлашган бу зиёратгоҳда улуғ устоз бу ёруғ оламнинг не-не талотўпларига гувоҳ бўлган виқорли тоққа елкасини тутиб, бош­қа ҳеч қачон уруш бўлмасин, қиёмат қўпмасин, тоғлар қуламасин, одам боласи бир-бирига қурол ўқталмасин, бири-бирининг уйига ўт қўймасин, боласини ўлдирмасин, қарғалар жаҳаннам узра бошқа ҳеч қачон фарёд қилмасин, илдизи, тили ва дили бир эллар бир-бирларидан узоқлашмасин, бир-бирини танимай қолмасин, дея яратган Эгамга илтижо қилиб ётганга ўхшаб кетди.

Чингиз оға орамиздан кетганида дунё титраб кетмади. Чунки бу ёруғ олам бундан-да оғир йўқотишларни, заҳри асрларга етиб боргудек талотўпларни кўп кўрган. Дийдаси қотиб кетган. Аммо… орадан йигирма йил ўтгач, ўшанда биз кимдан ва нималардан жудо бўлганимизни англаб, мана энди, аста-секин ўзимизга келаётганга ўхшаймиз…

Аҳмаджон Мелибоев.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

17 − six =