Ватан – мадҳинг янграсин токи бор жаҳон!

Бир неча кундирки, юртимизда ғурур ва ифтихоримиз,  ишончу таянчимиз бўлган саналар байрам қилинмоқда. Бош Қомусимиз — Конституциямиз қабул қилинганлигининг 27 йиллиги шодиёналарига ҳамоҳанг кеча — 10 декабрь Давлат  мадҳияси тўғрисидаги қонун қабул қилинганлиги кенг нишонланди.

Миллий озодликни қўлга киритган, миллий тараққиётнинг тарихий босқичига қадам қўйган ҳар бир халқ ўзи учун Ватанининг шонли тарихи, бугуни ва келажаги, орзу-интилишларини мужассам этган давлат рамзларини қабул қилади. Бу рамзлар давлат суверенитетининг ўзига хос шаҳодатномасидир.

Мадҳия — миллатни ҳамиша ўз озодлик йўли, аҳдида собит тутиб турувчи руҳий қувват манбаи ҳамдир. У миллатни, халқни бирлаштирадиган, юксалтирадиган, енгилмас кучга, юксак ирода ва жасорат тимсолига айлантира оладиган қўшиқдир.

1992 йил 10 декабрда Ўзбекис­тон Республикаси Олий Кенгашининг ўн биринчи сессиясида “Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси” тўғрисидаги қонун қабул қилинган кунни ёши улуғлар ҳаяжон билан эслайди.

Бу эрксизлик, ҳуқуқсизлик, камситиш ва таҳқ­ирлашлар ичра яшаб келган халқнинг 130 йил орзиқиб кутган ҳаяжони эди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг мамлакатимиз ва хорижий давлатлардаги олий даражадаги учрашувларида, юртимиз вакиллари иштирок этадиган халқаро миқёсдаги сиёсий, иқтисодий, маданий-маърифий йўналишдаги нуфузли анжуманлар, спорт мусобақаларида Давлат байроғи баланд кўтарилиб, мадҳиямиз тантанавор оҳанги таралганда қалбларимиз фахру ифтихорга тўлади. У бу ёруғ дунёда Ўзбекистон деган қутлуғ давлат борлигининг нишонаси бўлиб жаранг­лайди.

“Серқуёш ҳур ўлкам,

элга бахт, нажот,”

У Ҳақ томонидан офтоб, нур ила сийланган халққа бахт-нажот берган ўлка — Ўзбекистон деб аталмиш, илдизлари неча минг-минг йилларга бориб туташган Ватан ҳақидаги мангу баётдир.

“Сен ўзинг дўстларга йўлдош, меҳрибон!”

У аввало Ҳақни, оламни, башариятни ўзига дўст деб билган, меҳри ўзидан улуғ элнинг ихтиёрномасидир.

“Яшнагай то абад илму фан, ижод,”

У азалдан абад қадар илму маърифат карвонлари тиним билмайдиган, ижод олами ёруғ нур сочиб турган мангу яшил бўстон Ўзбекистон ҳақидаги саодатномадир.

“Шуҳратинг порласин токи бор жаҳон!”

У ўз шуҳрати билан жаҳон ичра жаҳоний юксаклик топган диёр ҳақидаги, миллий давлатчилик, илму заковат бобида аждодлари оламни маҳлиё этган, эзгуликка мударрислик қилган маърифатли халқ ҳақидаги муаззам жаҳонномадир.

“Олтин бу водийлар – жон Ўзбекистон,”

У тупроғи зар, водийлари олтиндан-да бебаҳо, ҳар бир гиёҳи жонга малҳам, оламларга жон бўлгулик эл ҳақидаги мадҳномадир.

“Аждодлар мардона руҳи сенга ёр!”

У Широғу Тўмарис, Спитамену Маҳмуд Торобий, Жалолиддин Мангубердию Темур Малик, Амир Темуру темурийлар, бобурийлар каби мардона аждодлари руҳи ҳар қадамда буюкликдан сўйлаётган эл ҳақидаги шижоатномадир.

“Улуғ халқ қудрати жўш урган замон,”

У бугун қўлида мустақиллик яловини баланд кўтариб шижоатли раҳнамоси бошчилигида тараққиётнинг янги даврига қадам қўйган, “Миллий тикланишдан миллий юксалиш сари” дадил ва қатъият билан одимлаб бораётган, кўксида тоғлар яралаётган улуғ халқ қудрати, бунёдкорлиги, илму ижоди жўш ураётган, дунё эҳтиром этаётган давлат ҳақидаги боқий шижоатномадир.

“Оламни маҳлиё айлаган диёр!”

У азму шижоати, шиддати билан оламни маҳлиё айлаётган, олам эътироф этаётган янги уйғониш даврига қадам қўйган миллат ҳақидаги шаҳодатномадир.

“Бағри кенг Ўзбекнинг ўчмас иймони,”

У қалби иймон ирфон қуёшига уфқу осмон бўлган Бухорийлар, Кубролар, Термизийлар, Нақшбандийлар камол топган, бағридаги 130 дан зиёд миллатлар ҳамжиҳатлигида якдиллик билан меҳр боғини яратган боғбон эл ҳақидаги эътирофномадир.

“Эркин, ёш авлодлар сенга зўр қанот!”

У ҳар бир фарзанди қалбида Ибн Синолар, Муҳаммад Хоразмий, Абу Наср Форобий, Беруний, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоийлар шивирлаб турган, бугун улуғ Ватан қанот бахш этиб янги уйғониш даври сари йўллаётган эл жигарбандлари орзулари ҳақидаги умидномадир.

“Истиқлол машъали тинчлик посбони,”

У ҳар сўзини тинчлик ҳақидаги ният билан бошлаб, тинчлик ҳақидаги тилак билан якунлайдиган, тонгдан оқшом қадар бани одаму оламга тинчлик тилайдиган, эзгуликка посбон, жаҳолат оловини маърифат найсонлари билан ўчирадиган қалби уйғоқ миллатга бахшномадир.

“Ҳақсевар, она юрт, мангу бўл омон!”

У бунёду яратиғи, адлу инсофу шукронаси билан Ҳақни севган, Ҳаққа-да севимли бўлган, мангулик оламидаги одамий эл ҳақидаги асл таърифномадир.

Эл ва Ҳақ муҳаббатига қовушган устозлар Абдулла Орипов, Мутал Бурҳоновлар бу заминдаги тоғларнинг улуғворлиги, беқиёс неъмат тутаётган замин меҳру саховати, Аму ва Сир дарёларининг туғёнли тўлқинларидан руҳланиб, ҳар заррасида қуёш ўйнаган Қизилқум шивирига қулоқ тутиб, буюк аждодлар нияту мақсадларини дилга кўчирди. Она замин нафаси ила ёзилган бахтнома яратди.

Шукрки, ҳар тонгни осуда осмон остида мадҳиямиз садолари билан қарши оламиз. Қалбимизда янги кунга, истиқлолга ва бугунги тинч-осойишта ҳаётимизга шукроналик, келажакка қатъий ишонч туйғуси жўш уради.

Минҳожиддин Мирзо,

Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари.

ЎзА

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

5 × 2 =