Фирибгар ёхуд ҳожатбарорлик ниқоби остидаги “жилвакор” олам

Ҳар қандай ишни бисмиллоҳдан бошлаб, яхши ният қил, акс ҳолда шайтон аралашади, дейди кўпни кўрган кексалар. Бировнинг ҳақига хиёнат қилма, ҳалол луқма еганнинг ишида ҳам, умрида ҳам барака бор, дейдилар. Бугун бундай табаррук каломни айтиб, ёшларга ушбу ҳақиқатни эслатиб, англатиб турадиган тарбия мезонларига нима бўлди? Кексалар тилида тез-тез такрорланувчи шу сингари донишмандона фикрлар ноёблашгандек. Шунинг ҳисобига бўлса керак, шайтонга ҳам дарс берадиган товламачи, фирибгарлар кўпайиб бораётганига гувоҳ бўляпмиз. Таассуфки, атрофимизда бўлаётган воқеалар, тарқалаётган хабарлар, судларда кўрилаётган ишлар айнан шуни тасдиқламоқда.

…Бир қўшнимизнинг барваста, келишган ўғли бўларди. Кўпчилик шундай фарзанди, куёви бўлишини орзу ҳам қилган. Айтишларича, автомобиль олди-сотдиси билан шуғулланар экан. Аввалига юриш-туришидан ўта сипо, маданиятли кўринган бу азамат йигитнинг секин-аста миси чиқа бошлади. Қўлқоп каби алмаштириб минадиган машиналари, аслида, биров-ларнинг пули эвазига олинар экан. Худди Аҳмадбойнинг пирамидасидек ўзига “кичик корхона” очган, Али берган пулни Валига тутқазиб, шу билан  қарзлардан қутулиб юради дейишди. Ҳар қандай баланд чўққининг сўнгги нуқтаси, ҳар бир қудуқнинг туби кўрингани каби бундай пирамидаларнинг ҳам ниҳояси бор. Ана шу ниҳоя ё энг охирида пул тиккан одамни ёки унинг ташкилотчисини хонавайрон қилиши турган гап. Бизнинг “намунали” йигит ҳам урина-сурина ахийри сўнгги манзилга етиб келди. Остонасини чуқур қиладиганлар кўпайгандан-кўпайди. Бундан хавотирланган ота-она йигитни бир кечаси узоқроққа жўнатиб юбордилар. Сувлар тиниб, тўзон босилгач, уни йўқлаб борсалар, кимсасиз, қаровсиз бир жойда омонатини топширган экан. Ўзганинг ҳаққи, омонатга хиёнат оғир гуноҳ деб бежиз айтилмаган. Қолаверса, бандаларидан қочган билан Яратганнинг ҳукмидан қочиб бўлмаслиги яна бир бор тасдиғини топди.

Ижтимоий тармоқлар ҳам шу сингари фирибгарлик йўли билан “ризқ” топишга уринаётганлар ҳақидаги хабарлар билан тўла: “Тошкентда товламачилик билан шуғулланган шахс қўлга олинди”, “Фарғонада тадбиркордан 60000 АҚШ доллари талаб қилган аёл ушланди”, “Андижонда сохта ИИБ терговчиси қўлга олинди” ва ҳоказо. Ҳатто хорижликлар ҳам бундай “сийлов”дан бенасиб қолмаяпти: “Тошкентда ҳар қандай муаммони ҳал қилиб беришни ваъда қилиб хорижий компания вакилидан 300 минг АҚШ долларга яқин пул олган шахс ушланди”…

Яна бир мисол. Яқинда Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Тошкент шаҳар бошқармаси бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказган. Маҳкама матбуот хизмати хабарига қараганда, битта гуруҳга бирлашиб олган товламачилар фуқаро Б.С.нинг бир аёл билан ишқий муносабатда бўлган ҳолатини видеотасвирга олишган. Шуни иш жойинг ва оила аъзоларинга маълум қиламиз, деб қўрқитиб, ундан 50 минг АҚШ долларини талаб қилишган. Фирибгарлар ушбу маблағни олаётган вақтида ушланган.

Энди жорий йилнинг сентябр, октябрь, ноябрь ойларида жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туман судида кўрилган ишларга эътиборни қаратсак. Шаҳзод Дадахўжаев муқаддам уч марта судланган. У “SHOH MEGA INVESTOR” МЧЖ раҳбари эди. Ўз фаолияти давомида имзоларни қалбакилаштириш, алдаш, ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини қўлга киритиш унга чўт эмаслигини кўрсатди. “Давр банк” ХАТБ томонидан Ж. Нурматовнинг номига расмийлаштирилган 10 миллион сўм кредитни қўлга киритиб, ушбу маблағ эвазига берилиши лозим бўлган телевизор, кондиционер, музлатгични бошқа шахсга сотиб юборган. Пулларни эса ўз эҳтиёжига сарфлаган.

Минг афсуски, авваллари бир оғиз ёлғон гапирса, изза бўладиган ўзбек аёли бугун фирибгарлик, товламачиликда эркакларни йўлда қолдириб кетяпти. Раъно Аҳророва ҳам шулардан бири. У Шайхонтоҳур туман Ш.Абзалов кўчасида яшовчи Н.Ибрагимовага чет элдан арзон нархда шакар олиб келишни ваъда қилиб, ундан 4400 АҚШ долларини олгану ғойиб бўлган. Ёмони шуки, бундай кимсалар текин луқманинг таъмини тотишгач, бир-икки ҳолат билан чекланиб қолмайди. Бу аёл кейинги гал Солижон Одилов деган ҳамтовоғи билан келишиб, Қарши шаҳри “Шўртангазмаҳсулот” МЧЖда ишлаб чиқарилувчи карбамид маҳсулотини олиб келиб сотишни режа қилган. Шуни мазкур туман “Тинчлик” даҳасида яшовчи З.Мирагзамованинг қулоғига қуйиб, ундан 25000 АҚШ доллари сўрайди ва бунинг эвазига катта даромадга эга бўлишини ваъда қилади. Аммо унинг режаси амалга ошмайди ва тегишли органлар олдида жавоб беришига тўғри келади.

Тошкентлик Муҳаббат Исроилова эса бундай ишларнинг пири бўлиб кетган. Муқаддам тўққиз марта судланган. Ҳа, товба деб ёқа ушламасдан илож йўқ! Қора курсига шу қадар кўп ўтирган аёл қайси юз билан яна, ўнинчи бор одамларни алдаш, чув туширишни ўзига эп кўрди экан? Гадой бир эшикдан ўтгунча деганлари шу бўлса керак-да! У хавфли рецидевист, бунинг устига пенсия ёшидаги аёл… Унинг қилмишларига бир эътибор беринг. Дастлаб Ж. Матазимовани “Тошкент шаҳар ҳокимлиги уй-жой бўлимида ишлайман, эгасиз қолган уйларни сотиш билан шуғулланаман” деб алдайди. Истаса унга ҳам шундай уйлардан олиб беришини айтади. Лаққа тушиб, қармоғига илинган аёлга мансабдор танишларига пора бериш орқали Самарқанд дарвоза кўчасидаги кўп қаватли уйлардан тўрт хоналисини олиб беришини ваъда қилади ва 12000 АҚШ долларини қўлга киритади. Шу билан ундан дарак бўлмайди. Сўнг навбатдаги овга чиқади. Бу гал ўзини Тошкент шаҳар ҳокимлиги ташкилий ишлар бўлимида ишлайдиган уддабурон қилиб кўрсатади ва кам таъминланганлар, ногиронлар учун тўрт хонали уйлар ажратилаётганини айтади. Р.Нурмуҳамедова ўз оёғи билан келган бундай  “ҳожатбарор”нинг этагидан маҳкам тутиб, унга 10 000 АҚШ долларини бериб юборган. Буни қарангки, кейинги “қурбон”и кап-катта эркак — А.Рустамовни ҳам шунга ўхшаш гаплар билан ўраб-чирмаб, ундан 7000 АҚШ доллари ундирган.

Худди шу каби фирибгарга алданиб, дод-вой қилиб юрганлар оз эмас бугун. Очиғи, улар айбни ўзидан ҳам қидирса ёмон бўлмасди. Содда дилликми бу ё лақмаликми, нима деб атасак-да, муҳими, ана шу хислатимиз билан товламачининг кўпайишига йўл очяпмиз.

Юқорида донишманд кексаларимизнинг пурҳикмат сўзлари, табаррук каломлари ноёблашиб бораётганини таъкидладик. Ёшларга насиҳат қиладиган паллага етган, олт­мишдан ўтган аёлнинг қилмиши шу бўлгач, фарзандларига қандай ўрнак бўлиб, набираларига нима деб ўгит берсин? Кўпинча ёшларни беандишаликда, шаккокликда айблаймиз. Шундай аҳволда ёшларни айблашга ҳаққимиз бормикин? Насиҳату ўгитни маънавий ҳаққи бор инсон берса ярашмайдими?!

Ҳар сўзидан ҳикмат, тилидан бол томиб, орияту ғурурдан сабоқ берувчи бобо-ю бувиларга бугун кўп хонадонларда катта эҳтиёж туғилмоқда. Уларнинг борини асраб-авайлаш, ҳаётий тажрибаларини ўзлаштиришга қачон вақт сарфлаймиз?

Жаноби Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)нинг энг яқин сафдошлари (ва куёвлари) Ҳазрат Алига айтган шундай каломлари бор: “Ё, Али, мунофиқда уч аломат бор: сўзласа ёлғон сўзлайди, ваъдасига вафо қилмайди, омонатга хиёнат қилади”. Биз юқорида кўриб ўтган кимсаларда мана шу уч аломатнинг бари борлигига гувоҳ бўлдик. Бунинг устига ёшларга, фарзанду набираларининг ҳаққи бўлмиш, тарбия аталмиш неъматга ҳам ёмон таъсир этяпти бу қилмишлар. Шунинг ўзи ҳам омонатга хиёнат эмасми?

— Кейинги вақтларда жамиятимизда ўзгаларнинг молини ноҳақ йўллар билан ўзлаштириш, яъни фирибгарлик жинояти тез-тез содир бўлмоқда, — дейди Юнусобод туманидаги Камолиддин Ориф Ал-Бухорий жоме масжиди имом ноиби Садриддинхон Исоқов. — Аждодлари дину диёнат, ахлоқ-одоб, ор-номус, ҳалолу покликка одатланган халқимиз орасидан мазкур жиноятга қўл ураётганларнинг учраши ачинарли ҳолдир. Ҳолбуки, динимизда бировнинг молини алдов, фирибгарлик, чув тушириш йўли билан ўзлаштиришдан қаттиқ қайтарилган. Қуръони каримда бу ҳақда шундай баён этилган: “Мол (ва бойлик)ларингизни ўрталарингизда ботил (йўллар) билан емангиз! Билатуриб, одамларнинг ҳақларидан бир қисмини гуноҳ йўли билан ейиш (ўзлаштириш) мақсадида уни ҳокимларга ҳавола этмангиз!” (Бақара сураси, 188-оят). “Фириб” сўзи форс тилида алдаш, йўлдан оздириш, макр-ҳийла маъноларини билдиради. Шу ишни қилган ёки буни касбга айлантириб олган кимса фирибгар дейилади. Ҳозирги вақтда фирибгарлик, ўғрилик шу қадар кўпайдики, улар кириб бормаган соҳа қолмади ҳисоб: имтиҳонларда, тижоратда, ҳатто никоҳ муносабатларида ҳам одамлар ёлғонни кенг ишлатишмоқда. Сир эмаски, баъзи кишилар одамлардан қарзга ёки шерикчиликка, деб пул олиб, охир-оқибат уни қайтармай, ўртада низо чиқиши, яқин кишилар бир-бири билан юз кўрмас бўлиб кетиш ҳолатлари кузатилмоқда. Албатта, зарурат учун қарз олиш ёки шерикчилик билан шуғулланиш мумкин. Бироқ олган қарзни пайсалга солмай қайтариш, шерикчиликка эса хиёнат қилмаслик лозим. Акс ҳолда бошланган ишлар ортга кетиб, касодга учраши тайин. Бу ҳақда пайғамбаримиз (c.а.в.) шундай марҳамат қилганлар: “Ким одамларнинг молини қайтариб бериш мақсадида олса, Аллоҳ таоло унга ёрдамчи бўлади. Ким одамларнинг молига талафот етказиш (чув тушириш) учун олса, Аллоҳ таоло унинг ўзига талафот етказади” (Имом Бухорий ривояти). Айниқса, савдо-сотиқ вақтида ҳаридорга фириб бериш, масалан, айбли молни айбини яшириб сотиш ёки сохта молни асл мол деб сотиш энг оғир гуноҳдир…

Ҳа, ҳар бир қилмишнинг икки қидирмиши бор: фирибгарга шариат жазосидан ташқари қонунларимиз ҳам тегишли чорани кўради. Жиноят кодексининг 165- ва 168-моддаларига кўра, товламачилик ва фирибгарлик учун жазо турлари кўрсатилган. Товламачилик учун 3 йилдан 5 йилгача, такрор содир этилганда, 5 йилдан ўн йилгача, яна қайта содир этилса, 10 йилдан 15 йилгача жазо тайинланади. Фирибгарлик учун ҳам шу сингари жазо чоралари белгиланган.

Бундан ташқари, Конституциямизга мувофиқ мулк унинг барча шаклларида дахлсиздир ва унга нисбатан ҳар қандай тажовуз қонун билан таъқиб этилади.

— Фирибгарлик, товламачилик, ёлғончиликка бир қатор психологик омиллар сабаб бўлади. Аввало, бу йўлга кирадиган кишилар болалигида носоғлом муҳитда улғайган бўлиши мумкин, — дейди психология фанлари номзоди Одина Отажонова. — Ота-она ўртасидаги муносабатнинг ёмонлиги, фарзандлар олдида уларнинг бир-бирини алдаши келгусида болаларининг ҳам ҳаётида такрорланади ва шундай яшаш мумкин экан деган хулоса шаклланади. Табиийки, бундай оилада бола ўзи эришолмаган бирор натижага алдов йўли билан эришмоқчи бўлади. Дастлаб бундан бироз хижолат чеккан ва уни ҳеч ким тергаб, танбеҳ бермаган бўлса, кейинги гал бу анча осонлашади. Қарабсизки, у ўзи тўқиган эртакка маҳлиё бўлиб, ўзи ҳам ишона бошлайди. Секин-аста бу унинг ҳаёт тарзига айланади. Атрофида бундай йўл билан узоққа бориб бўлмаслигини уқтирадиган одам бўлмаса, келгусида у товламачиликни касбга айлантириб олиши ҳеч гап эмас. У ҳеч қачон асл қиёфасини кўрсатмайди, ҳатто ўзи билан ёлғиз қолганда ҳам хатоларини тан олишни истамайди. Фирибгарлар кимни қандай ишонтириш мумкинлигини яхши билишади. Шунга яраша эҳтиёт чораларини ҳам кўриб қўйиб, ўзини оқлашни ўринлатишади. Шундай маълумотлар ҳам борки, улардан яхши психолог чиқар экан. Кўпинча фирибгар одам яхши кийинишни ва мулойимликни одат қилади. Айрим таниқли кишилар, файласуфларнинг диққатни тортувчи гаплари, фикрларини ёдлаб олиб, бошқалар эътиборини ўзига қаратишга уринади…

Дарвоқе, “Парвона” спектаклидаги Ўткурийни эсланг. Ширин забонию, хушомадлари билан қисқа вақт ичида бир оиланинг барча аъзоларини ўзига ром этиб, боплаб лақиллатади. Жамиятимизда, ён-атрофимизда ўткурийлар бор экан, худди шу ҳолга тушмаслик кафолатига эга эмасмиз. Фақат кўзни каттароқ очиб, аввал ўзимизни, сўнг одамларни англашни ўрганайлик!

Холида Файзиева

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

twenty + nine =