Обрўни сотиб олиб бўлмайди

Халқимизнинг ҳикматга тўла гаплари кўп. Маъноси ёмбидек бебаҳо мақол ва нақллари ҳам бисёр. Улардан бири “Устоз – отангдан улуғ” деган мақол бор.

Қаранг-а, устозни нечоғли шарафловчи гап.

Баъзида бу мақолни айнан, яъни сўзма-сўз талқин қилиб: “Отадан ҳам улуғ бўларканми, отангдек улуғ деб айтайлик”, деб қолишади. Аслида мақол айнан шундай, яъни “устоз отангдан улуғ”дейилади. Бу ерда ота номи асло камситилаётгани йўқ. Балки устоз мақомининг халқимиз томонидан нечоғли қадри баланд эканлигига катта урғу берилмоқда. Майли-да, нима бўлганда ҳам устоз, мураббий, муаллим зотини элимиз азал-азалдан отадек мўътабар, улуғ кўриб, ҳамиша ҳурмат ва эҳтиромга муносиб деб билади. Буюк бобомиз Алишер Навоий ҳам бежиз:

“Ким санга бир харф ўқитмиш ранж ила,

Айламак бўлмас адо, онинг ҳақин юз ганж ила”,

– дея ёзмаган эди.

Чиндан ҳам улуғ боболаримиздан мерос қадрият бўлмиш таълим-тарбия масаласи миллатимизнинг нафақат бугуни, балки эртаси, келажагидир. Шу боисдан, муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар, янгиланишларда таълим-тарбия соҳаси давлат сиёсати даражасига кўтарилаётгани шунчаки бир ислоҳот эмас, балки бу давлатимизнинг устувор вазифаси деб белгиланганидан дарак беради.

Эҳтимол, бу сиёсатни кимдир тийранроқ, кимлардир саёзроқ англаётгандир, аммо таълим-тарбия соҳасидаги сўнгги уч йил ичидаги ўзгаришларда – тарихий қадамлар мужассам. Яхши биламизки, мамлакатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев давлат Йўлбошчиси сифатида дастлабоқ, номи улуғ бўлса-да, узоқ вақт биров “холинг нима”, дея сўрамаган, Ўзбекистон ФАси академиклари, таниқли илм-фан намояндалари вакиллари билан учрашган эди. Улар билан дилдан суҳбат қуриб, фикр алмашганди. Ўшанда олимларни қийнаб келаётган кўплаб масалаларга ижобий ечим топилганди. Шундан сўнг, ўтган қисқа вақт давомида мактабгача таълим муассасалари тармоғини кенгайтириш, мактаб таълимида 11 йиллик тизимга ўтиш, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари фаолиятига ўринли баҳо бериш, нодавлат таълим хизматларини ривожлантириш ва албатта, олий таълим соҳасини ҳам кенг ислоҳ қилишга йўл очилди.

Бунинг учун аввало, таълим даргоҳларида хизмат қилаётган инсонлар меҳнатини қўллаб-қувватлаш муҳим эди. Шу боисдан, тизимда фаолият олиб бораётган ўқитувчилар маошлари кескин оширилди. Меҳнат қилиш учун зарурий шарт-шароитлар яратилмоқда. Аммо… тизимда, хусусан, юртимиз олий таълим соҳасидаги профессор-ўқитувчиларнинг ишга бўлган муносабатида бугунги давр­га мос ўзгариш сезилдими?

Юртимизда олиб борилаётган очиқ-ошкора адолатли сиёсат, таълим муассасаларида қай даражада ўз акс-садосини бермоқда?

Очиғи, бу саволларга соҳада гарчи олдинги йиллардагидан кўра анча ижобий ўзгаришлар сезилган бўлса-да, ҳамон кўнгилни тўлдирадиган, хушнуд этадиган жавобни айтиш мушкул…

Хўш, олдинги йилларда, айтайлик, олий таълимда аҳволимиз қанақа эди?

“Бу саволга хожат бормикан, ҳамма билади-ку” дейсизми? Мутлақо ҳақсиз. Олий таълимимиз буткул коррупция ўчоғига айланган, битта-яримта бола “адашиб” ўз билими билан ўқишга кирмаса, қабул жараёнлари очиқчасига “бозор”га айланган эди. “Ректор гуруҳи”, “бункер” деган атамаларни одамлар шунчаки ўйлаб топишмаган эди-ку, ахир!

Шунинг учун ҳам фарзандларимиз ўқишга кириш учун қанча тайёрланмасин, “бали етмас”, “омади чопмай” қолаверар, олдиндан гаплашган, рўйхатга тушганларгина талаба бўлиш бахтига эришиши мумкин эди.

Энг ёмони, бу ботқоқ жараён бутунлай таълим тизимини жар ёқасига олиб келиб қўйганди.

Фожиа шундаки, пора билан ўқишга кирган талабаларнинг ўқиши, семестр ёпиши, яъни синов имтиҳонларни ҳам пул билан ёпишига нима дейсиз?

Ер шарининг Осиё ва Шарқ минтақасидаги айрим давлатлар ўтган қисқа вақт ичида дунёнинг етакчи давлатларини ортда қолдириб, энг ривожланган мамлакатлар сафига қўшилди.  Бугунга кунда ишлаб чиқаришда, техник тараққиётда ва бошқа экспортга эҳтиёжи баланд товарларни сифатли ишлаб чиқаришда бу қадар олдинлаб кетганини дунё аҳли ҳалигача ақлига сингдиролмаяпти.

Ваҳоланки, ижтимоий тармоқларда тез-тез кўзга чалинаётгандек, уларнинг ютуғи, биринчи нав­батда, таълим тизимини ислоҳ қилганлиги, ўрта таълим босқичининг давлат томонидан кафолатланганлиги ва бунга риоя қилмаган ҳар қандай шахс кескин жазоланиши олий таълимни ислоҳ қилишда муҳим босқич вазифасини ўтади. Олий ўқув юртига кириш имтиҳонларини топшириш учун келган абитуриентнинг билим даражаси имкониятидан юқори бўлди. Шу тариқа Япония, Жанубий Корея ва Индонезия сингари мамлакатларнинг бутунжаҳон бозоридан муносиб ўрин эгаллашига мустаҳкам асос яратилди.

Агар хориж олий таълим тизимини мамлакатимиздаги олий таълим йўналиши тимсолида солиштирилса, мутлақо бир-бирига ўхшамайдиган ҳолат кўзга ташланиб қолади. Бизда, афсуски, таниш-билишчилик, қариндош-уруғчилик, коррупция масаласи ойдинлашади.

Шунинг учун ҳам юқорида айтганимиздек, Президентимиз Шавкат Мирзиёев иш фаолиятини аввало таълимни ислоҳ қилишдан бошлади. Сабаби бундан уч йил аввал мактабни ҳатто аъло баҳоларга тугатган кўпгина ўқувчи-абитуриентларнинг нуфузли олий ўқув юртларига кириш имтиҳонларини ўз билими билан топшириши амри­маҳол бўлиб қолганди. Билимсизлик оммалаша бошлади. Айниқса, тест саволларининг ДТМ томонидан ўз истаганича жорий этилиши исталганча ноҳақлиқ қилишга имкон яратди. Тест синовларидаги “от ўйинлари”ни ҳеч ким “кўрмади”. Имтиҳонларга сира тап тортмасдан “рўйхат”даги абитуриентларнинг тест имтиҳон варақлари очиқчасига олиб чиқилиб, “бункер”чилар томонидан жавоблар белгилаб берилгач, яна қайта имтиҳон бўлаётган аудиторияга киритиб бериш ҳоллари одатий ҳолга айланган эди.

Не тонгки, халқимиз бардошли, сабр-қаноатли халқ. Аммо ҳамма бундай “савдо”лардан безган, адолат, ҳақиқат деганлари бир кун келиб тикланишини умид қилишдан ўзга чораси йўқ эди. Арз қилганлар бўлди, албатта. Аммо уларни биров эшитдими, ахир.

Президентимиз томонидан маъқулланган суппер контрактнинг жорий этилгани эндиликда ҳар бир абитуриентда талаба бўлишдек ўзига ишонч туйғусини уйғотди. Бунгача-чи? Етти ёшдан етмиш ёшгача маълум эдики, ҳар бир олий ўқув юртининг ўз ставкалари мавжуд эди. Айтайлик, юридик институтга кириш учун фалон пул, иқтисодиёт йўналишига пистон пул… зарур бўлар эди. Бундай шармандали аҳвол неча йиллар давом этмадими?!

Яқинда нуфузли бир олий таълим даргоҳининг ректори вазифасидан олингани эълон қилинди. Буни эшитиб, қачонки юртимизда ҳали-ҳануз ўзгармаган, бугун замон нафасини ҳис этмаганлар наҳотки, энди орқага йўл йўқ эканлигини, нафс балосидан халос бўлиб, ҳалол ва виждонан меҳнат қилиш даври келганини англашлари шунчалар қийинми, деб ўйлаб қолдим.

Президентимиз Ўзбекистон ўқитувчи ва муррабийларига йўллаган байрам табригида шундай деган эди: “Энг муҳими, ўқитувчи чинаккам ватанпарвар бўлиши зарур. Қалбида ўз касбига, Ватанига меҳр ва садоқат кучли бўлган ўқитувчигина ҳақиқий ватанпарвар шахсни тарбиялай олади.”

Албатта, халқимизнинг бойлиги, эртаси бўлган фарзандларимиз тақдири ишониб топширилган инсонлар – ўқитувчилар орасида жуда-жуда фидойи, ҳалол, ватанпарвар кишилар кўп. Кўп эмас, уларнинг аксарияти шундай одамлардир. Аммо улар орасида нохолислар ҳам йўқ эмас.

Ҳа, олий таълимда муаммолар йиғилиб қолган экан. Хўш, нима қилмоқ керак?

Бизнингча, таълим тизимида аҳволни ўнглаш учун биринчи нав­батда, таълим сифатини ошириш, илғор дунё тажрибасини кенгроқ ва дадил қўллаш зарур. Бунинг учун эса албатта бундай даргоҳларда халол ва пок, виждонли инсонлар фаолият юритишлари лозим бўлади. Шундагина олий таълимнинг нуфузи, обрўси ошади. Обрўни эса сотиб олиб бўлмайди.

А.Пардаев.

Javob qoldiring

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

3 × three =