Ижод, ибрат ва фикрат мактаби

Ҳамид Олимжон таваллудининг 110 йиллиги

ХХ аср тарих силсиласида инсоният бошига икки жаҳон урушини солган, бу билан ҳам кифояланмай, қанча-қанча халқлар ҳаётига турли қирғин ва балоларни ёғдирган аср бўлиб қолди. Шунинг баробарида, у ҳеч бир асрда кўрилмаган техника тараққиётига эришилган космик парвозлар давридир.

Бизнинг жафокаш халқимиз учун ХХ аср уч тузум – уч салтанат замони бўлди: аввалига чор Россияси истибдодини кечирган халқимиз яхши ҳаёт умидида унинг ўрнини зўрлик билан тортиб олган шўролар замонидан нажот кутиб яшади, маккор сиё­сат асосига қурилган бу тузумдан ҳам рўшнолик кўрмагач, тўкила-тўкила, салкам бир юз ўттиз йиллик зулматдан сўнг асрнинг сўнгги ўн йиллигида озодлик деб аталмиш ёруғлик юзини кўрди.

Атоқли шоир, драматург, олим, йирик давлат ва жамоат арбоби Ҳамид Олимжон дастлабки икки замон муҳитида яшади ва ижод қилди. 35 йил умрининг 9 йили ичида Жиззах қўзғолонига ва Октябрь инқилобига гувоҳ бўлди. Бу воқеалар бўлажак шоир қалбида ва руҳиятида бир-бирига қарама-қарши из қолдиргани, шубҳасиз.

Устоз адабиётшунос олим Наим Каримов сингари фидойи ва заҳматкаш олимларимизнинг кўплаб илмий тадқиқотларига суянган ҳолда айта оламизки, қисқа умри давомида Ҳамид Олимжон ҳамиша халқ юрагига қулоқ тутиб яшади, бутун ижодини халқ руҳияти пок­ланиши ва юксалишига бағишлади, ҳаётдан завқ олиб яшашга даъват этди.

Шоирнинг “Ўзбекистон”, “Жангчи Турсун”, “Роксананинг кўз ёшлари” каби асарлари эса унинг номини дунё шеърият мухлисларига танитди.

Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Эркин Воҳидов ёзганидек, “Ҳамид Олимжон — ўзбек шеъриятида сира ўчмас из қолдирган шоир. Унинг лирикаси ҳали узоқ йиллар шеърий жўшқинликнинг, шавқ ва эҳтироснинг тимсоли бўлиб қолади. Ҳали кўп авлодлар унинг сатрларидан замонанинг ўтли нафасини туюб, халқнинг ҳур, бахтиёр овозини эшитади”.

Адабиёт ҳамма замонларда халқ оғзаки ижодидан сув ичиб келган. Аммо Ҳамид Олимжон ижоди ва халқ оғзаки ижоди, яъни фольклор ришталари шу қадар мустаҳкам боғланган, шу қадар пишиқ ва бақувватки, бу ўзаро алоқадорлик ҳали янада чуқур таҳлил этиш учун асос бўла олади.

Ҳамид Олимжон ўз вақтида ўзбек халқ достонларини халқ бахшиларидан ёзиб олишда ташаббускор ва ташкилотчи бўлган. Мисол учун, атоқли бахши Фозил Йўлдош ўғлидан ўттизга яқин достонлар ёзиб олинган. Жумладан, “Алпомиш” достони биринчи марта нашрга тайёрланиб, сўзбоши билан чоп этилган.

Ҳамид Олимжоннинг халқ оғзаки ижодига бундай эътибори бежиз эмас. Шоирнинг бугунда ҳам деярли ҳар бир хонадонда ёд олган битта ўқувчиси бор. “Ўзбекистон” шеърида шундай сатрларни ўқиймиз:

Водийларни яёв кезганда,

Бир ажиб ҳис бор эди манда..

Чаппар уриб гуллаган боғин,

Ўпар эдим ватан тупроғин.

Одамлардан тинглаб ҳикоя

Ўсар эди шоирда ғоя.

Дарёлардай куйлаб ўтардим,

Эртакларга қулоқ тутардим.

“Ойгул билан Бахтиёр” дос­тонида эса шоир бизни яна гўзал эртаклар оламига етаклайди:

Болалик кунларимда,

Уйқусиз тунларимда,

Кўп эртак эшитгандим,

Сўйлаб берарди бувим.

Эсимда ўша дамлар:

Ўзи учар гиламлар,

Тоҳир-Зуҳра, Ёрилтош,

Ойни уялтирган қош,

Ўт боғлаган қанотлар,

Беқанот учган отлар…

Ушбу шалола каби қуйилиб келган қуйма сатрлар бахшиёна руҳи билан ҳар қандай ўқувчини ром этади, бамисоли сеҳрлаб қўяди.

Гап шундаки, Ҳамид Олимжон Қўшработда Эргаш Жуманбулбул ўғли, Нарпайда Ислом шоир Назар ўғли, Каттақўрғонда Муҳаммад Жомурод ўғли Пўлкан, Бахмалда ва Булунғурда Фозил Йўлдош ўғли каби достончилик мактабининг йирик вакиллари, халқ бахшилари дўмбира сайратиб, эшитган элни яйратиб ўтган заминда, таъбир жоиз бўлса, Зарафшон достончилик мактаби муҳитида улғайди. Пировардида, халқ руҳиятига чирмашиб кетган ўз адабий мактабига асос солди.

Халқ достончилигига хос жўшқинлик, самимийлик, образларнинг жонли ва ҳаётийлиги, теранлиги ва тиниқлиги шоирнинг “Ойгул билан Бахтиёр”, “Семурғ” ёки “Паризод ва Бунёд”, “Зайнаб ва Омон” каби достонларида-ю ҳар бир шеърида ярқираб туради.

Булоқ ўзи кўз очган тоғ, ўзи жилдираб оққан замин табиатини намоён этади. Шу тоғ бағрида кўмилган маъданларнинг рангидан ранг олиб, шу замин жамолига кўрк берган гиёҳларнинг бетакрор тоти-ю хуш бўйларидан муаттар бўлиб оқади. Ҳамид Олимжоннинг ижод булоғи халқ қалбидан сизиб чиққан. Халқ оғзаки ижодига чўмилган, беҳад тўйинган. Шу боис шоир илҳом булоғи бўлган жафокаш она халқини бахтли кўришни истайди. Одамлар руҳиятидаги ўша даврга хос муайян кўтаринкиликдан илҳомланган шоир Чор Россияси истибдоди замонида эзилган миллатини шўролар ваъда этган замонда афзал билиб, унинг эртанги кунига умид билан қарайди, романтик қарашлар таъсирида ижод қилади. Шунинг учун бўлса керак, “Шодликни куйлаганимнинг сабаби” деб номланган шеърида:

Шодлик йўлга бошлади мени,

Бахтиёрлик бўлди одатим,

Шоир бўлиб шодлик ва бахтни

Куйламаклик зўр саодатим, —

дея ёзади. Унинг бу сатрлари, бир томондан, халқнинг маънавий-руҳий эҳтиёжига мос бўлгани боис, иккинчи томондан, ижтимоий-сиёсий зарурат туфайли шоир ижоди тадқиқотчилари томонидан ўзига нисбатан “Бахт ва шодлик куйчиси” таърифи қўлланишига сабаб бўлди. Бизнингча, бахт ва шодлик мотиви шоир ижодида кўпроқ маънавий-руҳий эҳтиёж ифодаси экани тўғрироқ.

Демоқчи бўлган гапимиз шуки, бадиий адабиёт ижтимоий-сиёсий зарурат нуқтаи назаридан эмас, балки маънавий-ахлоқий миссияни қандай адо этаётганига, бадиий маҳорат мезонларига кўра баҳоланиши жоиз. Бадиий сўзнинг маънавий-ахлоқий миссияси инсон қалбига, уни поклашга, равшан этишга қаратилган. Шу маънода, “Бахт ва шодлик куйчиси” иборасини шоир ижодининг маълум бир йўналишига нисбатан қўллаш ўринли.

Негаки, халқ достончилиги анъаналари таъсири халқчиллик баробарида шоир ижодига мардона руҳ бахш этди. Шоирнинг “Танланган” асарлари”га киритилган шундай тўртлиги бор:

Халққа айтинг, мен асло ўлганим йўқ,

Ёв қўлига таслим ҳам бўлганим йўқ;

Мен элимнинг юрагида яшайман,

Эрк деганнинг тилагида яшайман!

Аслида, бу тўртлик Ҳамид Олимжоннинг “Муқанна” деб номланган тарихий асаридан олинган. Бундай мардона сатр­ларни у замонларда фақат юраги ботир шоирларгина айта олган.

Бу ҳақда фикр юритган Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Орипов шундай деб ёзган эди: “Уруш даври бўлгани сабабли “Муқанна” каби асарларда озодлик туйғуси куйлангани учун ўша пайтларда муаллифга тегинишмади. Лекин кейинчалик шу руҳдаги “Жалолиддин Мангуберди” асарини ёзгани учун Мақсуд Шайхзода қатағонга учради. Балки Ҳамид Олимжон барвақт кўз юммаганида унинг бошига ҳам Шайхзоданинг куни тушарди”.

Ҳақиқат шуки, шубҳасиз, бетакрор ва ўта халқчил бу нодир шеърият ўттиз беш ёшида қисматнинг бешаф­қат зарбасига учради. Бу ёғи энди тақдирнинг инояти эдими, Ҳамид Олимжон яратиб кетган адабий мактаб анъаналари унинг садоқатли умр йўлдоши, асл ўзбек аёлларига хос юксак ирода соҳиби бўлган Зулфияхоним ижодида давом этди. Атоқли шоирамизнинг қуйидаги сатрлари бунинг далилидир:

Ҳижронинг қалбимда, созинг қўлимда,

Ҳаётни куйлайман, чекинар алам.

Тунлар тушимдасан, кундуз ёдимда,

Мен ҳаёт эканман, ҳаётсан сен ҳам!

Парвардигорнинг ўзи севган бандаларининг идроки ила кўрсатган марҳаматига қарангки, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббусига кўра, бугун адабиётимизнинг ёрқин сиймолари — Ҳамид Олимжон ва Зулфия ижоди, чинакам маънода, юксак ҳурмат ва эҳтиромга муносиб кўрилди. Жиззах шаҳри марказида Ҳамид Олимжон ва Зулфия хотирасига ажойиб ҳайкал ўрнатилди. Ҳозирги кунда уларнинг номи билан аталган хиёбон, ижод мактаби ва музей ишлаб турибди. Бу ва яна олти вилоятда, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент шаҳрида ташкил этилган атоқли адибларимиз номларидаги бундай ижод мактаблари ёш авлод учун ибрат мактаби бўлса, катталар учун фикрат, тафаккур мактаби вазифасини ўтаётир:

Қани, мен ҳам бир дарахт бўлсам,

Кўксимдаги оташ гулхандан

Сонминг пушти чироқлар ёқиб,

Матонатли ўриклар каби

Баҳор йўлларини ёритсам!

Саъдулла Ҳаким.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

five × 4 =