Баҳона жиноятни оқламайди

Инсонда масъулият ҳисси бўлмаса, на яқинлари, на қонун олдидаги бурчини англамас экан. Фарғона вилояти Қува туманида яшовчи Мусаффохон Ҳожиматов оиласи билан ажрашган ва фарзандлари учун ажратилган 12 миллион сўм миқдоридаги алиментни тўламай қочиб юрган. Яқинларнинг таъқибидан қочиб қутулиш мумкиндир, лекин суд қарорини бажармай узоқ вақт юришнинг иложи йўқ.

Шу маънода, ижрони таъминлаш мақсадида, унинг уйига борган мажбурий ижро бюроси Қува тумани бўлими ходими Ў.Тўлқинжоновга М.Ҳожиматов қаршилик кўрсатиб, темир жисм билан унга тан жароҳати етказган.

У зўравонликнинг оқибатида аввалгидан ҳам ёмонроқ вазиятга тушди. М.Ҳожиматов Ўзбекистон Республикаси ЖК 105-моддаси 2-қисми “в” банди ва 219-моддаси 2-қисми билан айбдор деб топилди. Унга тегишли жиноят иши Толмозор маҳалла фуқаролар йиғини  биноси, очиқ суд мажлисида кўриб чиқилди. Суд унга 3 йилу 6 ой муддатга озодликни чеклаш жазосини тайинлади ва ундан жабрланувчи Ў.Тўлқинжонов фойдасига 7922000 сўм миқдоридаги моддий зарарни ундириш белгиланди.

Элёржон Абдураимов ҳам Қува туманида яшаган. Ҳали ўттизга тўлмаган бу йигит уйидаги 180 м2 экин майдонига беш туп “наша” ўсимлигини экиб, парваришлаб келган. Бу иши қонунга хилоф эканини яхши билган, албатта. Лекин унга буям камлик қилган шекилли, тумандаги “Гулистон” МФЙ ҳудуди ариқ бўйида ўсиб чиққан, ёввойи ҳолдаги “наша” гиёҳвандлик ўсимлигини ҳам юлиб олиб келган ва уйида қуритиб қўйган.

Қува туман “Гулистон” МФЙ томонидан берилган ёзма хабарга кўра, жорий йил 5 октябрь куни туман ИИБ ходимлари Э.Абдураимовнинг ҳовлисидаги экин майдонини кўздан кечиришганда, у экиб парваришлаётган беш туп “каннабис” ўсимлиги ва хонадон айвонидаги хас-хашаклар орасида сақланаётган, қуритилган ҳолдаги гиёҳвандлик моддаси ашёвий далил тариқасида олинган.

Шу йил 19 ноябрь куни жиноят ишлари бўйича Қува туман суди, сайёр суд мажлисида ушбу иш ҳам кўриб чиқилди.

Судланувчи Э. Абдураимов ўзига эълон қилинган айбловга тўлиқ иқрор бўлди. Ўз қилмишига бир қатор важларни сабаб қилиб кўрсатди. “Отам вафот этгач, оилавий қийинчиликларга учраб, спиртли ичимликлар ичишга берилиб қолдим”, дейди у. Унинг айтишича, алкоголь соғ­лиғини оғирлаштириб қўйгач, икки йил аввал ариқ ёқаларида ёввойи ҳолда ўсадиган “наша” гиёҳвандлик ўсимлигини кўриб қолади. Шундан сўнг ушбу модда унинг эрмагига айланади ва ҳовлисида ўзи учун экиб парваришлайди. Афсуски, бу эрмак унга қимматга тушди. Суд ҳукми билан уч йилу олти ойлик озодликдан чеклаш жазоси тайинланди.

Ҳаётнинг паст-баландига дуч келмасликдан ҳеч ким кафолатланмаган. Тақдир синовлари, ҳар хил ташвишлар ҳар бир инсоннинг бошида бўлиши мумкин. Ўзининг иродасизлигини турли баҳоналар билан оқлаши эса кап-катта йигитнинг иши эмас, албатта. Ҳолбуки, Элёр каби йўл тутадиганлар бу иллат билан яқинларига, оиласига нечоғли зарар етказаётганларини англашлари зарур эди. Қилмиш-қидирмиш дейдилар. Жиноятга жазо муқаррар. Энди ҳамма гап ўз қилмишига яраша жазога тортилган бу инсонлар, қўйган қалтис қадамларидан тўғри хулоса қиладиларми? Кун келиб, озодликка чиқишгач, тўғри ҳаёт кечирадиларми? Ҳамма гап шунда.

Зафаржон Омонов, 

жиноят ишлари бўйича Қува туман суди раиси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

nine + 1 =