“Беш ташаббус – беш китоб” лойиҳаси асосида нашр этилган асарлар кенг оммага тақдим этилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил 3 август куни мамлакатимиз ижодкор зиёлилари вакиллари билан учрашув ўтказганда миллий маданиятимиз, адабиёт ва санъатимизни ривожлантириш билан боғлиқ долзарб масалалар, уларни ҳал этиш йўллари, бу борада ижодий уюшмалар ва давлат ташкилотлари олдида турган муҳим вазифалар ҳақида атрофлича фикр билдирганди.

Ғафур Ғулом номидаги наш­риёт-матбаа ижодий уйи  қалами ўткир ижодкорларнинг тўпламларини чиқаришда амалий ёрдам бериб келади. Ушбу наш­риёт эзгу ишларнинг мантиқий давоми сифатида  “Беш ташаббус – беш китоб” лойиҳасини  амалга оширди.

Президентнинг жорий йилда Сирдарё ҳамда Наманган вилоятларига қилган амалий ташрифи давомида мазкур ҳудудлардаги туман ва шаҳар кутубхоналарига бир неча юз минг нусхада бадиий адабиётлар етказилиб, “Маърифат карвони” ташкил этилганди. Ушбу лойиҳа асосида ёшлар учун 25 минг дона китоб, 80 турдаги спорт жиҳозлари ва мусиқа асбоблари етказиб берилганди. Мазкур 5 ташаббус кенг жамоатчилик томонидан катта қизиқиш билан кутиб олингани сир эмас. Эндиликда ушбу тажриба юртимизнинг барча ҳудудларида кенг жорий қилинмоқда.

Турли зиддиятлар кучайиб бораётган бугунги дунё манзараларида ёшларимизнинг маънавий иммунитетини кучайтириш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш ҳар қачонгидан ҳам долзарброқ эканини замоннинг ўзи кўрсатиб турибди. “Беш ташаббус – беш китоб” доирасида  чоп этилган китоблар ўзининг долзарблиги билан ҳам аҳамиятлидир. Замонавий адабиётнинг пешқадам ёзувчиларидан беш нафари бўлган  Абдуқаюм Йўлдошевнинг “Қайдасан, мўъжиза”, Исажон Султоннинг “Қорақуш юлдузининг сири”, Зулфия Қуролбой қизининг “ Аёл”, Луқмон Бўрихоннинг “Марҳаматли кун”, Назар Эшон­қулнинг “Момоқўшиқ” китоблари эндиликда китобхонларнинг севимли асарлари ўрнидан жой олишига шуб­ҳамиз йўқ.

—  Ғафур Ғулом нашриётида Ўзбекистон Республикаси Президенти Админис­трацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий  коммуникациялар агентлиги ва Ёзувчилар уюшмаси ҳамкорлигида “Беш ташаббус — беш китоб”  лойиҳаси асосида менинг “Қорақуш юлдузининг сири” номида “Генетик”, “Боқий дарбадар” романларим ва бир нечта ҳикояларим  чоп этилди.

Асарлар чоп этилгунга қадар кўп чиғириқлардан ўтди. Масъул муҳаррирларнинг синчковлик билан олиб борган ишларини алоҳида айтиб ўтиш жоиз. Китобларнинг  беш ташаббус бўйича уйғунлаштириш ишлари ҳам кўп меҳнатни талаб қилди.  Беш  бармоқни йиғсангиз битта мушт бўлади деганларидек, бизнинг ҳам мақсадимиз ёшларни китобхонликка қайтариш ва маънавиятини оширишдан иборат. Эндиликда ушбу китоблар мактаб ва университетлар, ижод мактаблари ва ташкилотларда “маънавият соатлари”да таништирилади ва тарғиб қилинади, — дейди ёзувчи Исажон Султон.

Феруза Раҳимова,

“Hurriyat” мухбири.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

19 − sixteen =