«Албатта, она юртимизга қайтаман…»

Ривожланган мамлакатларнинг етакчи университетлари ва нуфузли ташкилотларида ўқиб, ишлаб юрган ёшларимиз жуда кўп. Улар ўз билим ва салоҳиятлари билан Ватанимиз обрўсини, улуғ номини дунёаро янада танитишни мақсад қилишган десак хато бўлмайди.

Ёшлигидан ўз эзгу орзулари сари интилиб келган Жўрабек Ҳасанов ана шундай иқтидорли юртдошларимиздан бири. У ҳозирги кунда Япониядаги Nippon Electric Company корпорацияси ходими ва Япониядаги “Ўзбекистон ёшлари Ассоциацияси”нинг раиси вазифасида ишлаб келмоқда.

— Ўйлаб қарасам, мендаги қатъият ва ҳар қандай вазиятда тушкунликка тушмаслик одати болалигимдан шаклланган экан, — дейди Ж.Ҳасанов. — Бунда беш ёшимдан бошлаб шуғулланган “Таэквон-до” спорт тури катта роль ўйнаган. Спорт кишини руҳан кучли қилиб тарбиялайди. Рақиб билан майдонга тушганда, ўз кучингизга ишонгандек, ҳаётда ҳам фақат ўзингизга ишонишга, ютқазган тақдирда эса камчиликларингизни тан олиб, ўз устингизда ишлашга ундайди.

Япония давлатига қизиқишим мактаб даврида бошланган. География фани ўқитувчимиз Япония давлати ҳақида гапириб бериб, у иқтисодиёти ривожланиши бўйича дунёда 2-ўринда туришини айтиб ўтганди. Мен қандай қилиб табиий ре­сурс­лари кам бўлган давлат бу даражада ривожланган бўлиши мумкинлигига қизиқиб қолдим.

Японияга сафарим

Мактабни тугатиб, Самарқанд туризм коллежининг Япон тили таржимонлик бўлимига ўқишга кирдим. У ерда нафақат япон тили, балки япон халқининг урф-одатларини, тарихини ўргана бошладим. Ҳар доим ўзимга савол берардим: “Нима учун Япония дунё­даги энг ривожланган давлат ва кучли иқтисодиётга эга”, деб. Шу қизиқишим туфайли Японияда ўқиш шарафига мушарраф бўлдим.

Япониянинг энг кучли университетларидан бири Аояма Гакуин университетининг Халқ­аро сиёсат ва иқтисодиёт факультетини тугатдим. Компания бошқарувини ва иш юритишни ўрганиш мақсадида, 2016 йил Япониядаги “NEC (Nippon Electric Company) Corporation”га ишга кирдим. Ҳозирда шу ерда Ўрта Осиё ва Яқин Шарқ мамлакатларига масъул ходим сифатида иш юритиб келмоқдаман.

Чет элда бўлганда инсон ўз ватани ҳақида кўпроқ ўйлайди ва унинг равнақига ўз ҳиссасини қўшиш истаги пайдо бўлади. Мана шундай туйғулар мени ҳеч тинч қўймас эди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошлаган ислоҳотларга бефарқ турмай, ўз ҳиссамни қўшишга ҳаракат қилдим. Япониядаги ватандошларимиз билан биргаликда “Япониядаги Ўзбекистон ёшлари ассо­циацияси”га асос солдим. Мақсадимиз ватандошларимизнинг (Японияда 4000 нафарга яқин ўзбеклар яшайди) ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларнинг янада юқори марраларга эришишларига кўмаклашиш эди.

Япон халқи мақсадига ўз кучи билан эришишга ҳаракат қилади. Энг яхши жиҳатларидан бири эса ҳалолликдир. Бу ерда ҳар бир тизимда тартиб бўлиб, ҳамма ўз ишига масъулият билан ёндашади. Сиёсатчилари халқ­нинг муаммоларини ўрганиб, уларга тизимли ечим топишга ҳаракат қилишади. Иш кўплигидан фуқаролар давлатга тегишли ишларни ҳатто тушлик вақтида ҳам қилишади.

Хориждаги ватандошни ватанига нима қайтара олади?

“Биз ҳақиқатан билимли, тажрибали, ватанпарвар ёшларимизни қайтаришни хоҳлаймизми ёки барча ҳаракатлар хўжакўрсингами?” — деган саволга жиддийроқ қарашимиз керак. Агар биз уларни ҳақиқатан ҳам қайтаришни хоҳласак, Ўзбекистонда тизимдаги муаммоларни ўрганиб, уларни бартараф қилишимиз керак. Фақатгина шаффофлик ва эртанги кунга ишонч, ватандошларимизни она юртига қайтишга ундаши мумкин. Ҳозирги кунда қанчадан-қанча юртдошларимиз хориждаги илғор компания ва ташкилотларда фао­лият олиб боришяпти. Улар орасида ватанга қайтиб, орт­тирган тажрибалари билан ватан ривожига ҳисса қўшишни хоҳлайдиганлар жуда кўп. Шу қаторда мен ҳам. Кўпчилик “Ойлигини чет элдақа қилиб берса келади”, деб нотўғри фикрлашади. Аслида ҳамма нарсани пул билан ўлчаб бўлмайди. Чет элда яхши иш жойи бўлган мутахассис, ўз ишини ташлаб кетиши учун, борадиган ерида оиласини боқишига ва эртанги кунига умид бўлиши керак.

Масалан, Японияда халқаро компанияда фаолият юритаётган ишчи-ходим 3 йил асосий ишини ўрганиши, 3-5 йиллар оралиғида чет элда малака ошириб, 6 йил бошқа бўлимларда тажрибасини ошириши, 10 йилдан кейин бўлимга бошлиқ бўлиши (career plan) аниқ. Ўзбекистонда давлат ишига киришнинг аниқ тартиби мавжуд эмас. Масалан, вазирликка ёки ҳукумат идораларига ишга кириш учун аниқ меъзонлар, қонун-қоидалар йўқ. Олайлик, оддий ёш фуқаро келажакда вазирликда ишлашни орзу қилади. У қаерда ўқиши ва қандай босқичлардан ўтиши керак деган маълумотлар очиқ эмас. Бу борада Японияда ҳар бир давлат ташкилотига (ҳукуматга) ишга кириш учун белгилаган имтиҳонлар мавжуд. Бу Komuin Shiken (давлат ишчиси имтиҳони) деб аталади. Тестга Япония фуқароси бўлган ҳар бир киши қатнашиши мумкин.

Имтиҳон топшириши учун фуқаронинг ёши, жинси, ирқи, дини, маълумотининг (олийгоҳни тугатганми, йўқми) алоқаси йўқ. Тест назарий, иншо ёзиш, якка ва гуруҳ шаклида суҳбат, ўзи танлаган йўналишдаги махсус имтиҳон (масалан, солиқ қўмитасига киришни хоҳлаган солиққа оид фанлардан, адлия вазирлигига киришни истаган ҳуқуқшуносликдан) ва чет тиллардан ҳам имтиҳон топширишади. Тест бир йилда 4-5 марта бўлиб, бунда ҳар бир фуқаро шароитидан келиб чиқиб имтиҳон топшириши мумкин. Бизнинг ҳукуматга ҳам ана шундай равшан ва аниқ тизим керак. Билими бор ёшларимизни давлат ташкилотларига ишга киришларига шароит яратиш лозим. Асосийси фуқаролар ўртасида соф рақобатни шакл­лантириш жоиз. Соф рақобатгина ҳақиқий ривожланиш асоси бўлади ва ҳар бир кишининг билим олишига ва келажакка ишончи пайдо бўлишига хизмат қилади.

Келажакдаги режаларим

Японияда таълим олиб, билимларимни орттириб Ўзбекистонга қайтаман деб мақсад қилганман. Ким хоҳламайди дейсиз, ҳар тонг ватаннинг иссиқ нафасига тўйиниб, ота-онасидан дуолар олиб ишга йўл олишни. Кўп ватандошларимизни биламан фарзандларини ота-бобосининг юртида улғайишини истайди. Албатта, Ватанимга қайтиш ва орттирган тажрибамни юртим ривожига ҳисса қўшиш йўлида сарф­лаш менинг энг катта орзуларимдандир. Халқаро сиёсатда, иқтисодиётда ва 5 йилга яқин халқаро бизнесда орттирган тажрибам ҳозирги Ўзбекистонимизга қўл келади деб умид қиламан. Юқорида айтиб ўтганимдек, тизимдаги шаффофлик инсонда эртанги кунига ишонч туғдира олса, чет элларда меҳнат қилаётган юртдошларимиз, албатта Ватанимизга қайтади ва бор билим тажрибаси билан ўз юртимиз учун хизмат қилади. Ҳозирги кунда она диёримизда бу йўналишда ижобий ўзгаришлар юз бермоқда. Ишонаманки, тизимлар йўлга тушади ва менга ўхшаган ватандошлар бемалол она ватанга қайтиб ишлайдиган шароитлар яратилади.

“Hurriyat” мухбири

Наргиза БОБОМУРОДОВА ёзиб олди.

Javob qoldiring

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

ten + ten =