Шовқин қилманг, сиздан бошқалар ҳам бор…

Манзилга шошиб борар экансиз, автобус салонида турли воқеаларга дуч келасиз. Кимдир ўзидан катталарга жой берса, айримлар кичикларга эътибор кўрсатади. Аммо ҳамма ўсмир-ёшлар ҳам шундайми?

Айрим тенгдошларимиз қаердалигини унутиб қўядими ёки одоби “ғовлаган”иданми шериги билан овозини баралла қўйиб гаплашади. Худди атрофида ҳеч ким йўқдек. Бу миллатимизга ёт, одоб-ахлоқ қоидаларига тўғри келмаслигини ё билмайди, ё билса ҳам ўзлигимизни писанд қилмайди.

Автобусда ишга кетаётсам иккита ўспирин йигит, кўринишидан талаба бўлса керак, ўриндиқни банд қилиб, қўлидаги телефонга термулганча ниманидир титкилайди, атрофга қарагиси йўқ. Излаганини топишди шекилли, дарров қулоқчинини тақиб, кўзларини юмиб, бошини орқага ташлаб, телефонидан ниманидир эшита бошлади. Йўлакда туриб қолган онахон: “Қани турларинг-чи! Инсофларинг борми ўзи?! На каттани билади булар, на кичикни”, дея шанғиллаб гапиргач ноиложликдан, норози қиёфада ўриндиқни бўшатишди…

Эрталабки ўсмир-ёшларнинг кексаларга бўлган муо­маласидан хижил бўлиб таҳририятга келаётсам, кичик мақола олиб келган талаба йигит кутиб турган экан, у ҳам кўрган-билганларини сўзлаб берди:

Уйимизнинг ёнида мактаб бор, ўқишга боргунча ҳар куни ёнидан ўтаман, бугун эрталаб мактабга келаётган ўқувчиларни кузатдим. Айримлари телевизорда кўрган чет эл фильмини ўзларича муҳокама қилишарди, қулоқ тутдим, бири: “Вой, ана уни, кўрдингми? Ўғлимиди, отасини уриб ўлдирган”, деса, иккинчиси: “Ман-чи, уни кўрмадим, ана уни, севги ҳақидагисини кўрдим, боғда учрашиб туришади-ку! Ўшани…”, дейди. Юз ифодасига назар соламан, юз-кўзида кинодаги қаҳрамонлар хулқ-атворининг таъсири борлиги сезилади. Беихтиёр оиласида муҳит қандай экан, деб ўйлаб қолдим. Баъзиларининг кийинишини кўриб энсам қотди, аслида қишнинг кунида енгил-елпи, тор кофта-юбкада юришнинг соғлиққа ҳам зарари бор. Бир қарашда мактаб ўқувчисига ўхшамайди. Қулоғига қулоқчин тақиб олган ўсмирлар, салом бериш у ёқда турсин, олдидан ёши катта одам ўтиб кетса ҳам сезишмайди. Бу кетишда эртамиз қандай бўларкин?

Ўзаро фикрлаш жараёнида бундай муаммоларнинг олдини олишнинг ечими: “Оила-Маҳалла-Мактаб” ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш кераклигини англадим. Ахир, “бир болага етти маҳалла ота-она”, деб бекорга айтишмаган…

Албатта, бунга Ғарбнинг яланғоч маданиятини тар­ғиб қилувчи телесериаллар, кинолар ҳам сабаб бўлмоқда. (Аслида, ўзимизнинг сериалларимиз ҳам улардан қолишмаяпти). Куну тун телевизорда чет эл киноларини намойиш қилишади. Баъзи фильмлар миллатимиз, динимизга ёт ғояларни тарғиб қилади. Ахир, бузғунчи мафкурага асосланган фильмлар тенг­дошларимизнинг тарбиясини бузмаслигига ким кафолат беради?

Муҳаммадсодиқ Тўраев.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

sixteen − thirteen =