Мол ўғриси ҳимояга олинди, нега?

Тадбиркор эса… бир йилдан кўпроқ вақтдан буён сарсон-саргардон

Биз бир неча кун йўқолган молларимизни роса қидирдик, қидирганлар орасида шу атрофда мол боқиб юрадиган Шамшод Хайриев деган киши ҳам бор эди. Йўқолган моллар топилмагач, ноилож, Қоровулбозор туман ички ишлар бўлимига ариза бердим.

“…2018 йил 12 октябрда нархи 24 миллион сўм турадиган 1 бош ҳўкизим ва 6 бош қўй-эчкиларим ўғирлаб кетилди. Улар Украинадан сотиб олиб келинган зотли моллар эди. Ҳайрият, ИИБ ходимлари томонидан ўғри топилди… Бироқ орадан бир йилдан кўп вақт ўтаяптики, менга етказилган зарар қопланмаяпти… Ўғри эса ҳеч нарса бўлмагандек бемалол юрибди…”

Бу гапларни таҳририятга шикоят хати ёзган Бухоро вилояти, Қоровулбозор туманидаги “Темир Мурод” фермер хўжалиги раҳбари, етмиш ёшни қоралаган Темир Муродов битган.

Юз берган ўғрилик воқеаси туфайли шунча вақтдан буён адолат тикланмагани учун бўлса керак, унинг кўзлари анча сўлғин, маъюс­лиги яққол сезилиб турарди.

— Мен юртимизда фермерлик ҳаракати бошланган пайтда биринчилардан бўлиб ташаббус кўрсатганман. Фермер хўжалигимиз чорвачиликка ихтисослашган. Ҳозирги кунда хўжалигимиз аъзолари билан 150 бош зотли сигир, 800 бош қўй-эчки боқамиз. Давлатга сут ва гўшт маҳсулотлари топширамиз, — дейди Т.Муродов. — Биз фермер хўжалигимизни яна кенгайтирмоқчимиз. Бунинг учун яқинда давлат дастуридан келиб чиқиб банкдан икки миллиард сўмлик кредит олдик ва бу пулга Украинадан яна зотли сигирлар, қўй-эчкилар сотиб олдик. Вакилимиз бугун сотиб олинган мол-қўй, эчкилар вагонларга ортилаётгани ҳақида телефонда айтди.

У шу гапларни айтаётганда, юз-кўзларидаги сўлғинлик, маъюслик чекинганини, кўзлари қувончдан чақнаб, кайфиятида кўтаринки руҳ пайдо бўлганини сездим. Лекин мавзуни яна аризада кўрсатилган ўғриликка буришга мажбур эдим.

— Ўғирлик воқеаси 2018 йил 12 октябрда содир бўлган. Шу куни 3 бош беш ёшли эчки, 2 бош беш ёшли қўчқор, 1 бош жайдари қўй ва 1 бош ҳўкиз ўғирланган. Уларнинг ҳаммаси насл­дор бўлиб нархи баланд эди.

Биз бир неча кун йўқолган молларимизни роса қидирдик, қидирганлар орасида шу атрофда мол боқиб юрадиган Шамшод Хайриев деган киши ҳам бор эди. Йўқолган моллар топилмагач, ноилож, Қоровулбозор туман ички ишлар бўлимига ариза бердим. Текширувлар натижасида маълум бўлдики, ўғирликни биз билан бирга йўқолган молларни “қидирган” Шамшод Хайриев содир этган экан. У бир неча кундан сўнг ўғирланган 24 миллион сўм турадиган бир бош ҳўкизимни қаердандир олиб келиб берди.

Шамшод Хайриевнинг отаси: “Биз Қоровулбозор туман ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларига ишонмаймиз, шунинг учун ўғлимнинг ишини тергов қилишни бош­қа туманга ўтказиб беришингизни сўраймиз”, деб юқори идораларга хат ёзганлиги учун Шамшод Хайриевга тегишли жиноят иши Когон туманига ўтказилган…

Энди ҳужжатларга мурожаат қилайлик: мана қўлимизда Когон туман ИИБ бошлиғи подполковник Н.Рўзиев томонидан 2019 йил 8 март куни тасдиқланган жиноят ишини рад қилиш ҳақидаги қарор: “Жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилиб, жиноят ишининг Ш.Хайриевга нисбатан қисми материал тариқасида алоҳида иш юритувга ажратилиб, маъмурий тартибда чора кўриш учун Когон туман ИИБ ХПБга топширилган.

Жиноят ишининг “Темир Мурод” фермер хўжалигининг майда шохли молларини ўғирлаб кетган номаълум шахс аниқланмаганлиги сабабли ҳаракатдан тўхтатилган…”

Ана холос. Шамшод Хайриев Қоровулбозорда тергов қилинганда майда шохли молларни ҳам, йирик шохли молни ҳам ўзи ўғирлаганини тан олган, ҳатто орадан уч-тўрт кун ўтгач бевосита унинг ўзи ўғирлаб, яшириб қўйган жойи­дан ҳўкизни олиб келиб берган бўлса-ю, юқоридаги ҳужжатда “номаълум шахс аниқланмаган”, деб кўрсатилганлигини қандай тушуниш керак?

Қисқаси, жиноят иши кутилмаганда маъмурий ишга айлантирилади ва Қоровулбозор судига қайтарилади. Қоровулбозор туман маъмурий судининг раиси Р.Кенжаев маъмурий ишни 2019 йил 16 сентябрда жабрланувчи Т.Муродовнинг иштирокисиз кўриб, ишни ҳаракатдан тугатиш тўғрисида қарор чиқаради. Ушбу суд эрталаб соат ўнда бошланган, суд мажлиси бўлиши тўғрисидаги чақириқ қоғози эса Т.Муродов хонадонига почтачи орқали соат ўн иккида етказилган.

Суд масалага ойдинлик киритиш мақсадида жабрланувчи судга келолмаган бўлса, ишни кўришни қонун талабидан келиб чиқиб бошқа кунга қолдириб туриши шарт ва лозим эди. Лекин суд қонуннинг бу талабини қўпол равишда бузиб, ишни кўришни бошлайверган.

Биз суд раиси Р.Кенжаевдан нима учун ишни Т.Муродовнинг иштирокисиз кўриб юбордингиз деб сўраганимизда, у:

— Бу пайтда Т.Муродов Украинага мол сотиб олиб келгани кетган эди, — деб жавоб берди.

Бу ёлғон жавоб!

Т.Муродов сентябрь ойида эмас, октябрь ойида Украинага борган, буни авиачипта орқали бемалол аниқлаш мумкин.

— Мен судда қатнашганимда, — дейди Темир Муродов, — ўз эътирозларимни, суд қароридан қониқмаганлигимни очиқ айтишим аниқ эди. У ҳолда Р.Кенжаев ўйлаган режасини амалга ошира олмасди.

Хуллас, Темир Муродов адолат юзага чиқмаётгани, молини ўғирлаган шахс етказилган зарарни қопламаётгани, у қилмишига яраша жазога тортилмаганлиги тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори номига ариза билан мурожаат қилганидан сўнг иш юзасидан текшир-текшир, бир-бирларидан маълумотлар сўраш ҳаракатлари бошланади. Шу жараёнда ишга алоқадор айрим маълумотлар юзага қалқиб чиқди.

Жумладан, Қоровулбозор туман маъмурий судининг раиси Р.Кенжаевнинг Когон туман ИИБ бошлиғи подполковник Н.Рўзиевга жўнатган 2019 йил 25 февралда 67-сонли хатида ҳамда Когон туман прокурори, адлия маслаҳатчиси Б.Ярашевга 2019 йил 29 мартда шу ишга доир хатида эътиборга молик фактлар бор. Шу хатдан мухтасар кўчирма келтирамиз:

“Иш ҳужжатларига кўра, Ш.Хайриевга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169- моддаси, 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, мазкур жиноят иши юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари тўлиқ олиб борилмаганлигини, ишда гувоҳлар А.Итолмасов, Б.Муротов ва Ш.Рўзиевлардан тушунтириш хатлари олинмаганлигини ва материалда мавжуд эмаслигини, суриштирув ҳаракатлари бир томонлама олиб борилганлиги сабабли фуқаро Ш. Хайриев томонидан 14.10. 2018 йилда ёзилган ва туман ИИБ ходимлари томонидан олинган тушунтириш хатининг қўшимчасида ҳақиқатан ҳам сентябрь ойида Т.Муродовнинг оғилидан 3 та эчки(така)лар, иккита қўчқор ва битта она қўйини (сов­лиқ. Таҳ.) ўғирлаб сотиб, қарз­ларини тўлаганлигини ёзганлигини, туман ИИБ ходимлари томонидан у кимдан қарзлиги ва пулларни кимга берганлиги тўлиқ текширилмаганлигини, аризачи Т.Муродов томонидан ёзилган ариза важлари тўлиқ текширилмаганлигидан далолат беради”.

Р.Кенжаевнинг хатини ўқиган ҳар қандай одамда нима учун даст­лабки тергов ҳаракатлари тўлиқ олиб борилмаган, нима учун гувоҳлардан тушунтириш хатлари олинмаган ва материалда мавжуд эмас, нима учун Р.Кенжаевнинг ўзи 2019 йил 16 сентябрь куни ишни кўрганда ишдаги камчиликлар тўғрисида лом-мим деб оғиз очмаган, деган ҳақли саволлар туғилади. Бироқ қанча уринмайлик бу саволларга жавоб топа олмадик. Балки бу саволларга Қоровулбозор тумани ва Когон тумани ИИБ тергов бўлинмасининг раҳбарлари жавоб беришар?

Нима бўлганда ҳам кимдир ёки кимлардир ўғирлик содир этган Ш.Хайриевни ўз паноҳларига олишганга ўхшайди. Бу ишда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларининг ҳам салмоқли “ҳисса”си борлиги шубҳасиз. 24 миллионлик зарар тўрт миллионга туширилибди. Молларни ўғирлашда “Лабо” русумли автомашинадан фойдаланилгани аниқланган бўлса-да, у кимга қарашли эканлиги ҳам очиқланмаган. Бир катта ҳўкизни ва бир қанча қўй ва эчкиларни ўғирлашни эҳтимол Ш.Хайриевнинг бир ўзи эплай олмагандир, унинг жиноий шериклари бўлгандир? Шу масалага ҳам ойдинлик киритилган эмас.

Айтилганидек, ўғрилик содир этилганига ҳам қарийб икки йил бўлибди. Ҳалигача Т.Муродовнинг даъво қилишича унга етказилган зарар тўлиғича қоплангани йўқ. Ўғрилик жиноятини содир этган шахс эса кимларнингдир “паноҳи”да ҳамон ялло қилиб юрибди.

Жиноятга панжа орасидан қараш келгусида янада каттароқ, янада оғирроқ жиноятга йўл очмайди, деб ҳеч ким кафолат бера олмайди. Жазосиз қолган масалалар икки миллиард сўм кредит олиб фермер хўжалигини янада ривожлантиришга қаттиқ киришган Темир Муродовга ва у сингари чорвачиликни ривожлантириш билан кечаю кундуз шуғулланаётган инсонларга тинчлик бермаслиги аниқ. Тадбиркор эртанги кунга ишонч билан яшаши керак.

Шундай экан, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасидаги мутасаддилар Қоровулбозорда юз берган ўғирлик ва унинг атрофидаги воқеаларга ҳуқуқий баҳо берадилар ва биз бу ҳақда газетамизнинг келгуси сонларида муштарийларимизга хабар берамиз, деб умид қиламиз.

Шавкат Носиров,

“Hurriyat” мухбири.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

five + twelve =