Ойнадаги доғлар

Ютуқлар қанча бўлса, бу — ўзимизники. Қолаверса, меҳмондўст, самимий, содда ва бағрикенг одамлар яшайдиган Ўзбекистондай юрт оламда ягона. Аммо дўст ачитиб гапиради, дейдилар. Энди дунёга бўй кўрсатаётган мамлакатимизга юқорида тилга олинган нуқсонлар сира ярашмайди.

Мен Канаданинг Нанаимо шаҳрида яшайман. Ванкувер Исланд университетида профессор, академик ва иммиграция масалалари бўйича маслаҳатчиман.

Яқинда Ўзбекистонга қилган сафарим таассуротларини билдириб, баъзи бир масалаларда юртдошларимиздан илтимос қилмоқчиман ва сўзларим оғир ботадиган бўлса, узр сўрайман.

Шу йилнинг ноябрь ойида бир неча кунга Тошкентга боришга тўғри келди. Она юртимга бормаганимга икки йилдан кўпроқ вақт бўлганди. 2017 йилда борганимда бўлаётган ўзгаришлардан олган яхши таассуротларим, ўша пайтдаги хурсандчилик, кўтаринки руҳ, шиддатли ўзгаришларнинг давомини кўриш иштиёқида эдим. Минг афсуски, ҳафсалам пир бўлди.

Аввало, айрим юртдошларимда маданият савиясининг ниҳоятда пастлигини кўрдим. Ҳатто кап-катта инсонлар — 30-35 ёшга етиб, ўзлари ота-она бўлган қатламнинг жамоат жойларида ўзини тутиши мени уялтирди. Самолёт чипталарини Ванкувер–Сеул–Тошкент йўли билан олгандим. Йўл давомида ўнлаб ўзбек йигитлари ушбу самолётга чиқишди. Очиғи, бу инсонлар қайси йўл ва қандай мақсадлар билан чет элларга чиққанлари менга қоронғу. Аммо бу қатлам вакилларининг кўп қисми маданият дарсларига муҳтожлиги йўл давомида яққол кўринди. Улар на диний, на дунё­вий билимга эга экани мени таажжубга солди. Ўзбекистондан бир қадам ташлаб ташқарига чиқиши билан ўша инсон миллат, маданият тарғиботчисига айланади. Уларга қараб бошқаларда ўзбек халқи маданияти ҳақида тасаввур ва тушунча ҳосил бўлади.

Самолёт Корея ҳаво йўллариники, бу мамлакат эса кўпмиллатли. Демак, йўловчилар орасида турли динга эътиқод қилувчилар бор. Бир ватандошимиз эса буни ҳисобга олмай, телефонга юклаб олинган намоз ўқиш тартибини баланд қўйиб эшитди. Ҳолбуки, динга эътиқод ҳар бир шахснинг қалб иши, уни бошқаларга кўз-кўз қилиш ва атрофда ўтирган бошқа дин вакилларини ноқулай ҳолга солиш ҳам маданиятсизлик эмасми? Ёнимда ўтирган йигитларнинг айримлари эса самолётда намоз ўқишди. Аммо уларнинг оғизга олиб бўлмайдиган баъзи қилиқлари бундай тоат-ибодатларини бир пул қилди.

Ишим юзасидан кўплаб мамлакатларда меҳнат сафарида бўламан. Очиғи, Ўзбекистонга қайтишда ҳар гал юрагим безиллаб туради. Сеул аэропортида ҳам худди шундай бўлди. Бу ерда юртдошимиз бўлган меҳнат мигрантларидан бири, чамамда 35 ёшлардаги йигит оёқда базўр турадиган маст ҳолатда, уст-боши кир эди. У шу аҳволида аёлларга тегажоғлик қила бошлади. Корейс аёллар уни ёнларидан ҳайдашди. Йўл давомида бу йигит яна йўловчиларнинг тинчини бузиб, самолётда (носвойи аэропортда тушиб қолган экан) сигарет тутатиб келди. Стюардессалар у билан кўп овора бўлишди. Буям етмагандек, учоқ аэропортга тушиши билан ҳали катта тезликда қўниш майдончасида ҳаракатланаётган пайтдаёқ меҳнат муҳожирлари ўринларидан туриб, нарсаларини йиғиштиришга тушди. Хизматчилар такрор-такрор самолёт ҳали ҳаракатланаётгани, у тўлиқ тўхтагунча ўтириб туришларини сўрашганига қарамай, қулоқ солишмасди. Охири, хизматчилар уларнинг ҳар бирининг олдига келиб, мажбуран ўтиришга ундай бошлашди. Учоқдан тушиш ҳам бундан баттар бўлди, десам ишонаверинг. Ҳеч кимга, яъни на аёлларга, на ёши улуғ одамларга, на ёш болаларга ҳурмат-иззат бор. Худдики қолиб кетишаётгандек, ўзларини самолёт эшигига уришди.

Яна бир гап. Ўзбекистонимизни туризм марказига айлантиришни орзу қилар эканмиз, хизмат кўрсатиш олий даражага кўтарилмоғи, кўчалар, йўллар тоза-озода, равон бўлиши шарт. Аэропортдан чиқаётиб бир турк ишбилармони билан суҳбат қурдим. Унинг аэропорт хизмати тўғрисидаги фикрлари билан қизиқдим. У шундай жавоб берди: “Нималардир ўзгарган, аммо тафаккур, иш юритиш усули, туристга муносабат эски ҳолатда қолибди”.

Канадада, ҳатто шаҳар ҳокимлари, бош вазир ўринбосарлари оддий халқ билан метрода, автобусларда юради, оддий самолётда “эконом класс”ларда учадилар. Шу тарзда халқнинг аҳволини билиб, шунга яраша иш тутадилар. Ўзбекистонда ҳам шу тартибни қўллаш вақти келмадимикин?

Канадада, ҳатто шаҳар ҳокимлари, бош вазир ўринбосарлари оддий халқ билан метрода, автобусларда юради, оддий самолётда “эконом класс”ларда учадилар. Шу тарзда халқнинг аҳволини билиб, шунга яраша иш тутадилар. Ўзбекистонда ҳам шу тартибни қўллаш вақти келмадимикин?

Тошкент шаҳри бўйлаб бир неч­та манзилларга боришга тўғри келди. Йўлимиз давомида жума намозидан чиқаётганларни учратдик. Кўкча масжиди олдидан ўтарканмиз, уларнинг ҳар бештасидан биттаси носвойини йўлга тупуриб, одамнинг таъбини хира қилади. Кўча-кўйда, бекатларда ҳам ёшларнинг худди шундай номаъқулчиликларига дуч келасиз. Менга қолса истанг масжидга боринг, истанг Ламборжини мининг, аммо сиздан илтимос азиз юртдошларим, ўзингизни тарбияланг, маданиятли, тоза нафасли, ширин суханли бўлинг.

Юртимиздаги янгидан-янги қурилиш иншоотлари, ободончилик ишларини кўриб, мамнун бўласан, албатта. Чет элларда яшаётган ўзбекистонликлар ҳам, албатта, бу ўзгаришлардан хурсанд. Шунга қарамай, ҳали қилинадиган ишлар кўп. Биргина ички йўлларни олайлик. Транспортнинг ҳар қандай турида ўнқир-чўнқир йўлларнинг аҳволи одамни чарчатади. Транспорт бошқарувчиларнинг йўл қоидаларига амал қилиши ҳам шунга ярашадек гўё — ўта бетартиб. Юртимизда турли автомобиллар ишлаб чиқарилиб, деярли ҳар бир хонадон уловли бўлди. Аммо кўп инсонларнинг рул бошқаришига қараб, эшакдан тўғри машинага ўтирган шекилли, деб ўйлайсан киши. Чунки уч полосали йўлда беш-олтиталаб машиналар тиқилиб ҳайдашмоқда. Рулни бошқара туриб, машиналар ойналарида тупурилаётган носвойларни айтмайсизми. Бу каби бетартиблик ва ўта антисанитария ҳолати туристлар кўзига қандай кўринишини тасаввур қилаверинг.

Ўзим ҳам 1992 йилдан буён машина ҳайдайман, Германия, АҚШ­да, ҳозир эса Канадада машина бошқараман ва бу жуда эркин ҳаракат. Тошкентда эса автомобиль бошқаришга қўрқаман. Чунки машиналар орасидаги масофани ярим метр қилиб, тиқилиб келишлар одатий ҳол эканини кўрдим. Бундай ҳол Канадада 500 доллар ва ундан ортиқ жарима тўлашга олиб келади. Хавфсизлик камарини деярли ҳеч ким тақмагани ҳам мени ҳайрон қолдирди. Бу эса Канадада 167 доллар жарима солишга сабаб бўлади. Машина деразасида сигарет қолдиқлари, баклашкаларни йўлга отиш ҳам оддий ҳол эканини кўриб, ёқамни ушладим. Кичик машиналарда киракашлик қилиб оила тебратувчилар учун маълум бир тўхташ жойлари қуриш орқали тартибга солиш зарурлиги ҳам кўриниб турибди. Мутасадди ходимлар қаёққа қарашади ўзи?

Албатта, она юртимизда сўнгги уч йил давомида жуда кўп ижобий ишлар қилингани, сиёсат мутлақо яхши томонга ўзгарганини ҳамма кўриб турибди. Шу боис, шу юрт фарзанди бўлиб, ҳозир хорижда ишлаб, нега бунча ақл ўргатяпти ёки нега фақат камчиликларни ёзибди, нима яхши нарсаларга кўзи тушмабдими, дея эътироз билдирадиганлар бўлиши мумкин.

Ютуқлар қанча бўлса, бу — ўзимизники. Қолаверса, меҳмондўст, самимий, содда ва бағрикенг одамлар яшайдиган Ўзбекистондай юрт оламда ягона. Аммо дўст ачитиб гапиради, дейдилар. Энди дунёга бўй кўрсатаётган мамлакатимизга юқорида тилга олинган нуқсонлар сира ярашмайди. Шундай эмасми?

Хуллас, бу камчиликларга бар­ҳам бериш ҳаммамиз учун ўта зарур вазифа. Кейинги гал борсам бундай нохуш ҳолатларга дуч келмайман деган умиддаман. Таш­қарига юртимиз ҳақида фақат яхши гаплар чиқишини истайман. Юртдошларимга соғлик-саломатлик, ватанимизга ободлик ва файзу баракат тилайман.

Маҳбуба Эргашева,

Ванкувер Исланд университети

Академик ва Иммиграция масалалари бўйича маслаҳатчиси.

Нанаимо, Канада.

Javob qoldiring

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

thirteen − ten =