Уй-жойлар арзонлашадими?..

Бугун ҳар соҳада янгилик бўлгани каби қурилиш соҳасида ҳам катта ислоҳотлар кечмоқда. Аҳолининг эса уй-жойга бўлган талаби кундан-кунга ошиб бормоқда. Бу шуб­ҳасиз, соҳада сезиларли ўзгаришлар бўлишини талаб қилади. Янги қурилиб топширилган уйлар бўйича гоҳ-гоҳида аҳолининг ҳақли эътирозлари ҳам ҳамон учраб турибди.

Айниқса, уйларнинг сифати нархига мос эмас деган ҳақли фикрлар билдирилмоқда. Бу борада юзага келган камчиликларни бартараф этиш тегишли ташкилотларнинг зиммасидадир. Жумладан, қурилиш вазирлиги аҳолига сифатли ҳамда арзон уй-жойлар борасида қандай таклиф ва режалар ишлаб чиқмоқда?

Ҳозирда соҳада тўпланиб қолган кўплаб муаммолар ечими қандай ҳал этилади?

Ана шу масалалар юзасидан куни кеча қурилиш вазирлиги мутасаддилари журналистлар ва соҳадаги малакали мутахассислар иштирокида давра суҳбати ўтказди.

— Президентимизнинг ташаббуслари билан арзон, энергия тежамкор бўлган кўп қаватли уй-жойларни қуришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мана бугун Тошкент шаҳри ва барча вилоятларимиздан салоҳиятли пудрат ташкилотлари мутахассисларини тадбиримизга таклиф қилиб, уларни бир жойга жамладик. Тадбирда Туркиянинг “Меса” компанияси экс­пертлари тунел қолипли, маналитли уйлар қуриш бўйича ўз тажрибалари билан ўртоқлашишди. Тақдимотда илғор инновацион технологияларни қўллаш орқали арзон нархдаги, энергия тежамкор уй-жойларни қуриш бўйича кенг маълумотлар берилди. Пудратчи ташкилотларимиз вакиллари эса бундан келгуси фаолиятларида асқотадиган кўплаб қимматли тавсияларга эга бўлишди — дейди Қурилиш вазирининг биринчи ўринбосари Шерзод Ҳидоятов. — Ҳеч кимга сир эмаски, бутун дунёда энергия тежамкор уйларни арзон нарх­да ва тез фурсатда қуришга бўлган талаб кескин даражада ортиб бормоқда. Бунинг учун аввало, соҳа мутахассисларидан илғор инновацион технологияларни ўзлаштириш талаб этилади.

Ҳозирги кунда юртдошларимиз уй-жой харид қилаётганда хонадоннинг нархи унинг квадрат метри қанчалигига қараб белги­ланяпти. Бизнинг мақсадимиз эса замонавий уй-жойларни энергия тежамкорлик даражасига қараб таснифлашдан иборат. Кўпинча маиший техникаларда А, Б, C, Д тоифадаги энергия тежамкорлик хусусидаги ёр­лиқлар бўлади. Эндиликда қуриб битказилган уй-жойлар аудитдан ўтказилгандан сўнг унинг сертификатида айнан мазкур жиҳати кўрсатилади ва табиийки, бино қанчалик энергия тежамкор бўлса, сифати ҳам шунчалик юқори бўлади. Бир сўз билан айтганда, кейинчалик қурувчи тадбиркорларимиз уй сотаётганда нархни бинонинг ҳажмига қараб эмас, балки унинг қанчалик замонавий қулайликларни ўзида мужассам этгани ва энергия тежамкорлилик даражажасига қараб белгилаши керак.

Соҳа мутахассисларининг айтишича, уйнинг нархини чиқаришда бинонинг ташқи қисмидаги қурилиш материалларига ҳам эътибор қаратилади. Масалан, базалть Ўзбекистонда ишлаб чиқарилади. Агар деворлар қурилишида айнан базалтдан фойдаланилса, бино пишиқ ғиштли уйдан ҳам иссиқ ва совуққа чидамли бўлади. Шунингдек, бино ичидаги иситиш қозонлари ва шу каби техникаларнинг энергия сарфи кескин қисқаради. Агар қурилишда базалтдан ўз ўрнида ва тўғри фойдаланилса, 40 фоизгача энергия тежамкорлигига эришилади. Аҳамиятлиси, бу турдаги уй-жойларни қуриш нисбатан арзонга ҳам тушади. Чунки унинг қурилишида асосан миллий маҳсулотлардан фойдаланилади.

Мутасаддиларга “Бу турдаги уйлар янада қимматроқ нархда бўладими?” дея савол бердик.

— Йўқ, асло ундай эмас, маналитли уйларни қуриш нисбатан арзонга тушади. Бунда таъкидлаганимиздек, асосий хомашё базалтдир. Қурилиш жараёни тезроқ, хомашё сарфи камроқ, сифат эса юқори даражада бўлади. Сирғали, Олмазор ва Чилонзор туманларида кўп қаватли кўплаб турар- жойлар билан солиштириб айтадиган бўлсак, таклиф этилаётган уйлар ғиштлиларидан анча арзонга тушмоқда — деди Ш.Ҳидоятов.

Ўз мухбиримиз.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

4 − 2 =