2100 умумтаълим мактаби ўқувчиларидан бирорта ҳам ўқувчи ОТМга кирмаган

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида таълим тизимидаги муаммолар, амалга оширилаётган ишлар, лойиҳалар хусусида маълумотлар берилди.

Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари Алишер Умаровнинг қайд этишича, Сирдарё вилоятида алоҳида лойиҳани амалга ошириш юзасидан ишлар бошланган.

— Вилоятни таълим сифати бўйича намунали ҳудудга айлантириш юзасидан амалий чоралар кўриляпти, — деди Алишер Умаров. — Бунда вилоятдаги 12 минг 261 нафар ўқитувчини тестдан ўтказиш юзасидан таклиф берилди. Тестлар Давлат тест маркази томонидан тайёрланди. Биринчи ўринда, “Давлат тилини улар қай даражада билади?”, деган савол ўртага ташланди ва синаб кўрилди. Ачинарлиси, натижада ўқитувчиларнинг 90 фоизга яқини давлат тилини яхши билмаслиги маълум бўлди.

Шу ўринда иккинчи томонини ҳам таъкидлаб кетиш жоиз, бизда умумтаълим мактабларида давлат тили қай даражада ўтилади ва кириш имтиҳонларидаги тестлар қай аҳволда? Аниқки, институтга кираётганларга қўйилган талаблар бошқача. Буни ҳатто ўқитувчилар ҳам яхши тушунмас экан. Шу боис ҳам ўқитувчиларимиз мана шу имтиҳондан ўтолмади. Фан ўқитувчилари ўз фани бўйича тестдан ўтказилди. Лекин ижобий баҳо олганлар жуда кам. Уларнинг 66,8 фоизи абитуриентларга қўйилаётган талабларни бажара олмаётгани кўриниб қолди. Бу ачинарли ҳол.

Авваллари текширувчилар келиб, мактабларда нимани текширгани маълум. Энди бундай бўлмайди. Энди ўқитувчиларнинг ўз устида ишлаши учун чоралар кўрилади. Талаблар ўзгаради. Ёмон баҳо олиб, аттестациядан ўтолмаса, у ишдан кетмайди. Уларнинг ҳар бири билан индивидуал режа асосида ўз устида ишлаши учун имконият яратилади.

Юртимиздаги барча умумтаълим мактабларидан қанча ўқувчининг бу йил олий таълим муассасасига кирган-кирмаганлиги ўрганилди. Қарийб 10 минг мактабдан 2 минг бир юзтасидан бирортаям ўқувчи ўқишга киролмаган. Бу таълим сифати билан боғлиқлиги ҳисобга олиниб, ўша мактаблар фаолияти таҳлил қилиняпти.

Бундан ташқари, она тили фани бўйича ўқувчилардан олинган диктант ёзиш топшириғида пойтахт ҳудудлар бўйича ҳисобланганда савод даражаси рейтингида энг охирги ўринда турибди. Бу Тошкентдаги она тили фани ўқитувчиларига бўлган талабни ўзгартириш кераклигини кўрсатяпти, — дейди Алишер Умаров.

Барно Мелиқулова,

Манба: uza.uz

Javob qoldiring

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

eighteen + 17 =