Унутмоқ осонмас уларни

Абдулла Қодирий таваллудининг 125 йиллиги

… Аксарият содда, жўн асарларни тушуниш, ҳазм этиш анча осон: уларда қаҳрамонлар яхши ва ёмонга, ижобий ва салбийга аниқ ажратиб берилади. Бутун кўргуликларнинг сабабчиси – салбий образлар бўлса, жамики эзгуликлар фақат ижобий қаҳрамондан кутилади. Бундай китобларнинг дастлабки бобларидаёқ хотиманинг шарпаси кўриниб-сезилиб туради. (Шуниси таассуфлики, бутунжаҳон ўқувчи оммаси орасида айнан шунақа “асар”ларнинг ишқибозлари сафи тобора кенгайиб бормоқда…)

Дунё адабиётининг мумтоз намуналарини ўзаро бирлаштирувчи кўплаб хусусиятлар ичида эса бир муҳим жиҳат алоҳида ажралиб туради. У ҳам бўлса, мазкур асарларда қаҳрамонлар тақдири, воқеалар ечими, бутун ҳикоядан ҳосил бўладиган хулосада, у ёхуд бу персонажни, ёхуд ҳолатни сабабчи — айбдор қилиб кўрсатишнинг имкони йўқлигидир. Дейлик, И.Гётенинг “Фауст”, М.Достоевскийнинг “Ака-ука Карамазовлар” ҳамда “Жиноят ва жазо”, Л.Толстойнинг “Анна Каренина”, Э.Ремаркнинг “Уч оғайни” сингари асарларидаги воқеа-ҳодисалар айнан шундай ечимлар топишида у ёки бу қаҳрамонни “гуноҳкор” қилиб белгилаш осон иш эмас. Айниқса, ҳазрат Навоийнинг “Фарҳод ва Ширин” достони бош қаҳрамонлари қисматида бир лаҳза изсиз шарпадек кўриниб йўқоладиган “қадди дол” кампирни бош сабабчи қилиб таништириш бориб турган гўллик бўлур эдики, ҳозир бу борада батафсил мушоҳадага берилиш ниятида эмасмиз.

Шу нуқтаи назардан бетимсол адиб Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романида юз берадиган фожиага назар ташлайлик. Хўш, Кумушбибининг ўлими, мажнуна Зайнаб кўргулиги, Отабек ва Ёдгорбеклар тақдири, умуман, якка-ю ягона, комил фарзандларидан ажралган икки покиза оила фожиасида кимни айбламоқ керак? Умуман, бу иш, шу амалнинг ўзи керакми, шартми?

Роман асосида суратга олинган дастлабки кинофильмни кўрган аксарият одамлар бу фожиада Ўзбек ойимни айблашларига кўп гувоҳ бўлганмиз. Ҳолбуки, бу натижа, аввало, фильм режиссёрининг, қолаверса, мазкур роль ижрочиси Марьям Ёқубова талқинининг ҳосиласи эканини бу одамлар ўйлаб ҳам кўришмайди.

Романни ўқиган дидли китобхон эса Ўзбек ойим характерига хос жиҳатларни, бу аёлнинг Тошкент киборлари орасида тутган ўрнини, ўғли Отабек тақдирига бефарқ бўлолмаслиги, охир-оқибат, ўзбекнинг бир онаси сифатида ўғли Марғилонда қилиб келган ишни дастлабига ҳеч ҳазм қила олмаслиги, ҳазм қилиши мумкин ҳам эмаслигини яхши ҳис қилади. Бу китобхон, ниҳоят Тошкентга келган келини Кумушни қаршилаб бағрига босар экан, Ўзбек ойимнинг елкалари нима учун ички йиғидан титраётганини ҳам, аслида бу йиғи ўзи қилиб қўйган ишнинг қанчалар хато бўлганини бирдан англаган, шунинг баробарида бўлажак фожиани юракдан ҳис қилган она қайғуси эканида теран тушунади. Ўзбек ойимга нисбатан эълон қилинган айбловга қарши чиқади.

“Ўткан кунлар” деганда фақат кинофильмни кўз олдига келтирадиган яна бир гуруҳ мухлислар фожиа айбдори сифатида икки қўллаб Зайнабни кўрсатишлари ҳам кўп кузатилади. Улар бир муддат ўзларини Зайнабнинг — Тошкентдек шаҳри азимнинг энг сулув қизларидан бири, не-не хонадонлардан келган сов­чилар етиша олмаган, Ҳасаналига аравани қўштириб, “марғилонлик анди”дан ўғлини совутар даражада чиройли келин излаган Ўзбек ойимнинг назарига тушган, содда ва самимий қизнинг ўрнига қўйиб кўрсинлар-чи?! Не умидлар билан келинчаклик либосини кийган бу қизнинг ёзуғи недирки, шаръий никоҳига олган эри бирор маротаба у билан ёстиқдош бўлмаса, бирор маротаба сочини силаб эркаламаса, минг бир баҳона билан кунини кўчада ўтказишни канда қилмаса… ва уялмай-нетмай “мижозим ожиз” деган ёлғонни ишлатса…

Агар Зайнаб инсоний, аёлий ҳис-туйғудан бебаҳра, қотиллик учун яратилган бир кимса бўлса, нима учун мажнуна — жинни бўлиб қолди, не ҳис унинг бир йилдан кейин хотини қабри устига келган Отабегини кечаси бехато топиб йўқлашига сабабчи бўлди? Энди айтинг: шу Зайнабни — чорасиз мажмунани айблаш — унга нисбатан яна бир жафони раво кўриш бўлмайдими?

Айримлар Юсуфбек ҳожида керак пайтда қатъият етишмагани, ўжар, дали-ғули хотинини жойига қўйиб қўйиш қўлидан келмаганини иддао қилишни ҳам ўзларига эп кўришади. Ҳолбуки, миллатнинг улуғ вакили тимсоли янглиғ кўз олдимизда гавдаланадиган бу инсон ҳар бир кишининг, хусусан, бошига “келин ташвиши” тушган хотинининг ҳам инсоний истакларини, орзу-умидларини яқиндан ҳис қилади, шундай табиий истакларни-да яшаш ҳуқуқи­ни ҳурматлайди. Бир ёқдан марғилонлик келиннинг Тошкентга юборилиши пайсалга солинаётганидан, иккинчи ёқдан ягона ўғлини элга тўй бериб уйлашни истаган хотинининг қистовларидан зада бўлган, энг муҳими эса – ўзининг оиласидан лабзсизлик чиқишини ўзига эп билмаган Ҳожи охирига қадар икки келин — кундош ўртасида пайдо бўлиши аниқ зиддиятларнинг олдини олишга уринади. Қолаверса, роман ҳодисалари кечаётган давр учун кўпхотинлилик бугунгидек сескантирувчи, лабзни бузишга арзигулик фавқулодда ҳолат саналган эмас.

Чинакам халқ мураббияларидан бири, раҳматли шоира ва воиз опамиз Турсуной Содиқова ўзининг жонтортар маърузалари ҳамда ниҳоятда ўқишли китобларида бу масалада Отабекни судламоқдан ўзини тиёлмас эдилар. У кишини эшитган ёки ўқиган одамлар опанинг тўла ҳақ эканига шубҳа қилишлари, муаллиф келтираётган бир-биридан мантиқли ва ҳаётий далиллар, таҳлиллардан қониқмасликлари ҳам, дарҳақиқат, мумкин эмасдек. Бироқ биз бу масалада Турсуной опамизга-да қарши туришга мажбур бўламиз. Зеро, у киши бу муаммога соф ҳаётий, ҳатто маиший нуқтаи назардангина, кўпроқ ақл позициясидан турибгина ёндашадики, бунинг натижасида Отабекни худбинликда – фақат ўзини ўйлашдек қусурда айблашга ўтиб кетади.

Ҳолбуки, Отабекнинг ўзига хослиги, унинг Ҳомид ёхуд Содиқ тугул, ҳатто “Меҳробдан чаён”даги Анвар мирзодан ҳам бошқа одам эканлигини инобатга олмасак, унинг ўзбек сўз санъатидаги мутлақо янги, оҳорли  характерини тушунмасак, бу қаҳрамоннинг жозибасини, исмига мос ўзига беклигини, энг муҳими – чинакам кўнгил кишиси эканини ҳис қилмасликдек ношудликка йўл қўйган бўламиз. Чунки Отабек мана шу фидойи кўнгли билан, мард ва олижаноб характери билан, буюк шафқати ва садоқати билан дунё адабиёти образлари қаторидан ўзига муносиб жой эгаллай олган!

Қолаверса, агар адабий асар ва унинг қаҳрамонлари хатти-харакатларига Турсуной опадек соф ҳаётий позициядан ёндашадиган ва бунда “фожианинг олдини олиш мумкин эди-ку” деган, у кишига хос самимий истакдангина келиб чиқадиган бўлсак, “Ўткан кунлар” романи ҳам ёзилмас, агар ёзилса, унинг ҳодисалари мутлақо ўзга ўзанларда кечган бўлур эди. Бошқача айтганда, роман қаҳрамонларининг ҳар бири айнан шундай одамлар бўлгани, ёзувчи даҳоси уларни айни даражада ишонарли ярата олгани туфайли ҳам асар шунчалар ўқишли, ўзига тортувчи, мудом муҳокама этилувчи ўлмас китоб мақомига эришган.

Умуман, “Ўткан кунлар” романида, биз юқорида бир қисминигина эслаганимиз мумтоз асарларда бўлгани сингари, шундоқ ҳам мураккаб, чигал, инсон боласи сирини ечишга қодир бўлмаган шафқатсиз ҳаёт манзараси яна-да мураккаблаштирилиб, зиддиятлари алоҳида бўрт­тирилиб, мана шу мураккаблик ва зиддиятлар ичида яшамоғи талаб этиладиган инсоний руҳ эврилишлари бутун палитраси билан акс эттирилади. Айтганимиз жўн, содда ва сохта асарлардан фарқ қилароқ, бундай китобларни бир ўқишда “ямламай ютиш”, идрокка осонгина сингдириш мумкин эмас. Яна бир бор Навоий ҳазратлари: “Кўзни ўкуш саъй ила забт этгамен, Етса кўнгил забтиға иш, нетгамен?!” деганларида айнан шундай – кўз забтига эмас, кўнгил забтига қаратилган асарлар қайғусини қилганларини яқиндан ҳис этамиз…

Абдулла Қодирийни ҳам ўзи яшашга маҳкум бўлган зулмат салтанидан Навоийлар, Гётелар, Достоевскийлар даҳоси билан очилган тафаккур кенгликларига парвоз қилмоғи, ана шу буюкларнинг нурли қаҳкашонига қўшилмоғини таъминлаган эзгу қайғулар шулар бўлса, ажаб эмас.

Раҳмон Қўчқор,

филология фанлари номзоди,

ТДЮУ доценти в.б.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

4 + 17 =