Ҳақиқат ва истеъдод тимсоли

Бугун баъзан китоб ўқилмайди деб ёзғиришади. Китоб ўқилади. Уни фақат таъсирли, ўқиладиган савия билан ёзмоқ керак. Дейлик,  “Ўткан кунлар” каби. Аммо бундай мукаммал асарларни яратиш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди. Нега бу гапни айтмоқдаман? Бугунги ёшлар орасида шу романдан ёд олганлари бор.

Ҳар бир авлод Абдулла Қодирий ижодини ўзича ўқийди, уқади, тасаввур қилади, ардоқлайди. Адиб романлари ҳар қандай ўқувчига ҳаётийлиги, гўзаллиги, миллийлиги, тозалиги, тасвир жозибаси, таъсир қуввати билан завқ-шавқ бағишлайди.

Ўйлашимизча, Абдулла Қодирий садоқат, ҳақиқат ва истеъдод тимсоли. Ўзбек миллатининг манглайига битилган бундай шахсиятнинг ҳаёт ва ижод йўли осон кечмади, кураш ва тўқнашувларга тўла бўлди. Зотан, “Инсон бўлиш – курашчи бўлиш демакдир” (Гёте).

Абдулла Қодирий сиймоси узоқдан адолат, ҳақиқат ва жасорат тушунчаларининг тирик рамзи бўлиб кўринади. Адиб жасоратни қадрлади, кескир ва тўғри сўзи билан шуҳрат топди.

Адиб асарлари, хусусан, романларини улкан ва тиниқ кўзгуга ўхшатиш мумкин. Унда ўзбек миллатининг муайян тарихий шароитдаги турмуши, урф-одатлари, руҳий-маънавий дунёси, бўй-басти, қиёфаси кенг кўламда аниқ-тиниқ гавдалантирилган.

Абдулла Қодирий қаҳрамонларининг ички олами, маънавий дунёсига қанча жиддий эътибор берса, бевосита ўша ботиний оламни намоён этадиган ташқи омилларга ҳам, албатта, назар ташлайди. Айниқса, ёзувчи қаҳрамонлари қиёфасига бефарқ эмас. Чунки ташқи кўринишда гап кўп: инсоннинг қиёфасидан ички олами кўринади.

Иқтидорли ёзувчи Тоҳир Малик “Ибрат мактаби” мақоласида: “Гарчи “Ўткан кунлар”, “Меҳробдан чаён” севги қиссасига ўхшаса-да, унинг замирида Ватан тақдири, Ватан қайғуси ётади” (“ЎзАС” газетаси. 2003 йил, 19 сентябрь), деган фикр­ларни ёзганди.

Яна бир гап. Абдулла Қодирий адабий меросининг бир қисми ҳажвий асарлардан иборат. Жулқунбой ХХ аср ўзбек ҳажвий адабиётининг мактабдорларидан бири. Буюк адибнинг ўғли Ҳабибулла Қодирий ёзишича, “Қодирий “Муштум”да ва ке­йинги йиллардаги турли газета-журналларда босилган ҳажвий тан­қидий мақолаларида элликдан ортиқ махфий тахаллус (лақаб)ларни қўллаган эди. “Кулдириб йиғлатадиган, йиғлатиб кулдирадиган” Жул­қунбой 1924 йилдаёқ “фелъетонлар қироли” номини олди. “Йиғинди гаплари” учун қамалди, аччиқ ва ҳақ сўзи учун жабр кўрди”.

Дарҳақиқат, Жулқунбойнинг ҳажвиялари, фелъетон ва ҳангомаларида аёвсиз танқид, айб­лига юзинг-кўзинг демай тортилган тарсаки, “сўз ўнқови” келганда чапанича дўқ-пўписа, “овсарона, далиёна” тажаҳилу орифона сўз айтиш санъати бор.

Бугун баъзан китоб ўқилмайди деб ёзғиришади. Китоб ўқилади. Уни фақат таъсирли, ўқиладиган савия билан ёзмоқ керак. Дейлик,  “Ўткан кунлар” каби. Аммо бундай мукаммал асарларни яратиш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди. Нега бу гапни айтмоқдаман? Бугунги ёшлар орасида шу романдан ёд олганлари бор. Мисол учун Кумушнинг Отабекка мактубини. Чунки романнинг айрим ўринлари шеър каби ёзилган.

Умид шулки, Абдулла Қодирий қолдирган маънавий мулк, хазина ўтмишга айланмайди, замонлар билан бирга юради, келажакка хизмат қилади.

Ҳақиқат шуки, Абдулла Қодирий асарлари олимлар томонидан ҳар доим ўрганилган, ўрганилаётган ва ўрганиладиган асл ижод намуналари, яна ҳам тўғрироғи, ҳар доим ўқилган, ўқилаётган ва ўқиладиган асарлар.

Шундай бир истеъдодли адибни, “қалби бутун шахс”ни эслаётган кунимиз маънавият, адабиёт байрами барчамизга муборак бўлсин!

Баҳодир Карим,

филология фанлари доктори.

Javob qoldiring

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

20 − 3 =