Марказий Осиёда ягона Ўқув симуляцион маркази очилди

Куни кеча кўз микрожарроҳлиги бўйича Марказий Осиёда ягона Ўқув симуляцион марказининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Мазкур симуляцион ўқув маркази Инновацион ривожланиш вазирлиги, DMC Инновацион клиникаси, Тошкент тиббиёт академияси ҳамкорлигида халқаро стандартлар бўйича юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш мақсадида ташкил этилган бўлиб, у Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ташкил этилган стартап лойиҳалар танлови натижаларига кўра молия­лаштирилди.

Тадбирда Бош вазир ўринбосари, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси Эльмира Боситхонова, Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари Азимжон Назаров, DMC клиникаси директори Зулфия Мақсудова ва ходимлари, соҳа мутахассислари ва журна­листлар иштирок этди.

— Бугунги кунда тиббиёт соҳасида кадрлар тайёрлашга, тиббий хизмат сифатини оширишга катта эътибор қаратилмоқда, – дейди Азимжон Назаров. – Шу ўринда DMC инновацион клиникаси юқори технологик тиббий хизматларни кўрсата оладиган кўп тармоқли инновацион клиникалардан биридир. Ушбу клиника мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимига янги технологиялар ва инновацияларни кенг олиб кирди, деб айтсак хато бўлмайди. Чунки бу клиника раҳбарияти ва ходимлари ўз устида тинимсиз ишлаб, янгиликларга интилган ҳолда ўз фаолиятини ташкил қилиб келишмоқда.

Марказнинг асосий мақсади катаракта факоэмульсификацияси ва витреоретинал жарроҳлик бўйича мутахассисларни жаҳон стандартлари даражасида тайёрлашдан иборат. Малака ошириш амалиётлари Германияда ишлаб чиқарилган Eyesi VRmagic симуляцион аппаратида амалга оширилади.

– Ушбу марказ кўз микрохирургияси бўйича мутахассисларни Республикамиздан ташқарига чиқмасдан туриб ўта замонавий усулда мураккаб амалиётларни ўрганиш имкониятини беради. Махсус симуляторларда амалий тренинглар натижалари автоматик тарзда компьютерлаштирилган дастур орқали баҳоланади ва бу ўта малакали мутахассислар етишиб чиқиши учун асос ҳисобланади. Мазкур марказда  йилига 50 нафар етук мутахассис етиштириш имкониятига эгамиз, — дейди Зулфия Мақсудова.

Бугунги кунда мамлакатимизда кенг тарқалган операциялардан бири – катаракта факоэмулсификацияси билан шуғулланадиган офтальмохирурглар тайёрлаш даражаси қониқарсиз эканлиги кузатилмоқда. Масалан, 2017 йили Ўзбекистонда 40 000 тага яқин катаракта жарроҳлиги амалга оширилган бўлиб, бу 1000 000 аҳоли учун 825 та операция деганидир, яъни мамлакатнинг йиллик эҳтиёжининг атиги 24.5 фоизини ташкил этади. Ҳозирги кунда Ўзбекистонда катаракта факоэмулсификацияси билан шуғулланадиган 11 нафар юқори малакали мутахассис мавжуд. Республика бўйича 150 000 факоэмулсификацияга муҳтож беморлар борлигини инобатга олсак, мана шу юқори малакали мутахассислар ўз имкониятларидан максимал фойдаланган ҳолда йилига жами 10 000 та жарроҳлик амалиётини ўтказишлари мумкин.

Марказда катаракта факоэмулсификацияси бўйича биринчи синов гуруҳи мутахассислари 2019 йил 2 декабр­дан 14 декабргача муваффақиятли тарзда малака оширишди ва махсус сертификатга эга бў­лишди.

Ўз мухбиримиз.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

3 × three =