Шамалардан туздим гулдаста

Дарахтларда  япроқлар синар,

Бир қасирлаш янир кўксимни.

Бошим эгиб ўтиришимдай

Бахт бағримга кирдинг ўксинмай

Юрагимдан тушиб кетманг!

Чил-чил синса мудҳиш бир қўрқув,

Синса сувнинг юзида ҳадик.

Синиқ жаранг гўзал бўлса-да,

Қайғуришим чиқса-да тантиқ,

Юрагимдан тушиб кетманг!

Йиғи синса кўзим четида,

Қилт этмаса оқсуяк шодлик.

Миямнинг ўқ чизиқларида

Чатнаб кетса Сизсиз озодлик,

Юрагимдан тушиб кетманг!

Дурагай ҳис қўлидан ўпса

Мен бош суқиб кўрмаган куннинг.

Кўзимдаги қора кукунлар

Жилоланса битта ҳукмда –

Юрагимдан тушиб кетманг!

Ойна очган аёл сочидай

Шўхлик қилса синган ҳисларим.

Ўзимни мен қандай қутқарай

Изингизга тушса изларим –

Юрагимдан тушиб кетманг!

22.10.2019

* * *

Кўзларимдан чиқолмай ётган

Қора кунни овутаяпман.

Шамалардан тузиб гулдаста

Совуқ чойни совутаяпман

Кўз ёшларим дона ва дона

Тўкмайдигандайман.

Денгиз сени севсам ҳам ёна

Чўкмайдигандайман.

Йўлларимдан ўтмоқда шамол,

Ҳаётимни суриб четроққа.

Қисқа туташувли бу аҳвол

Хаёлимни туртар қирғоққа.

Шудрингнинг ой қўлчаларини

Тутмайдигандайман.

Юрагимдан ўтдим минг бора

Қайтмайдигандайман.

Ҳисларимнинг пўчоғин чақиб

Лабларимни ёрдим, қонатдим.

Кабутарим олдин ўлдириб,

Сўнгра ундан мактуб жўнатдим.

Кўзларимнинг қорасин сенга

Суртмайдигандайман.

Охирлаган кун кукунларин

Титмайдигандайман.

Симқоққичнинг қоқиб  “оҳини”

Ўзимни мен  қўлга оляпман.

Артиб-суртиб ғам юқиларин

Ортга қараб юриб боряпман.

Хаёлимнинг фарроши сенга

Етмайдигандайман.

Бу зумуррад денгиздан энди

Кетмайдигандайман.

21.10.2019.

* * *

Биргина кун бергин, Худойим,

Намиқмаган нафасим етиб.

Сасларимни ёндиролмаган

Гугурт чўпи умримга тегиб.

“Шундай яшаб бўларми?” дея

Яшаган у айнан шу тахлит.

Ҳўл ва қуруқ ҳисларим аро

Чиқаяпсан бир ўзинг балқиб.

Курашган ўз тутуни билан

Дудларини фалакка ёйиб.

Дафтаримдан узган варақнинг

Узуқлари  боқар мунғайиб.

Яшаяпман, қара, қараб қўй,

Қора ранглар қилмас калака.

Сендан қолган куннинг ортида

Сепалайди ёмғир – таҳлика.

Қараб қўйгим келяпти жуда

Ўз бошимни ўзим кўтариб.

Томчиларинг севгидай ёмғир

Кўзларимга кирар бетартиб.

Саноғингда адашмай, Раббим,

Берарсан кун, буни биламан.

Мен ҳар куни, ҳар туни бирдай

Эшигингга қайтиб келаман.

30.10.2019

* * *

Туғилиши мумкин одам

ҳар йили

ўша ой

ва ўша санада

ўзи истамаса-да

яратган  истаган

кемтик  қисматини кўтариб

унинг туғилишини

ҳеч ким ортга суриб қўёлмайди

муштини ўқталиб

пўписа қилолмайди “Туғилма!” дея

иероглифлар каби

ўқиш қийин бўлса-да пешонасини

туғилаверар одам

туғилаверар

Гўзал Бегим.

Javob qoldiring

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

14 − ten =