Блогер нега 15 суткага қамалди?

Республика Олий суди матбуот хизмати раҳбари Азиз Обидовнинг муносабат билдиришича, суд ушбу маъмурий иш материалларини ҳар томонлама ва тўлиқ ўрганган ҳолда А.Нуритдиновнинг кассация тартибида берилган шикоятини рад қилиб, қаноатлантирмасдан, Андижон вилоят маъмурий суди томонидан 2019 йил 30 декабрдаги унга нисбатан чиқарилган қарорни ўзгаришсиз қолдириш ҳақида қарор қабул қилган.

Ўтган ҳафтада ижтимоий тармоқларда ва айрим хорижий радиоканалларда Отабек Нуритдинов тахаллуси билан фаолият юритиб келган андижонлик блогер Абдуфатто Нуритдиновнинг 15 суткага қамалгани кўп баҳс-мунозараларга сабаб бўлди.

Хўш, А.Нуритдинов 15 кунга нега қамалди? У нима айб қилган эди? Ё бу ҳолат тўғри сўзнинг тўқмоғи эдими?

Ахир, Президентимиз оммавий ахборот воситалари ходимларининг эркин фаолият юритиши, фикр билдириши, воқеа ва ҳодисаларга ўз муносабатини баён этишда шаффофликни таъминлади. Шу билан биргаликда, блогерлик фаолияти қонунда белгиланганидек, журналистнинг иш юритишидан фарқ қилади. Блогерга журналист текшируви ўтказиш, корхона ва ташкилотлардан ҳужжат талаб қилиш ҳуқуқи берилмаган. Шунга қарамай, шуб­ҳасизки блогерларнинг ҳам ҳар қандай оддий фуқаро сингари сўз эркинлигидан фойдаланишга ҳаққи бор, муносабатини оммавий ахборот воситалари орқали билдиришга ҳам ҳақли.

Ҳуқуқ тартибот органлари О.Нуритдиновни айбдор топган бўлса, блогернинг адвокати ва кенг жамоатчилик унинг ҳаракатларида амалдаги қонунчиликка хилоф ҳеч қандай ҳаракат содир этилмаганини маълум қилишди.

Қўйилган айблов хулосасига эътибор қаратсак, туҳмат, ҳақорат ва майда безориликда айбланган блогер иши 2019 йилнинг 30 декабрь куни Андижон вилояти Маъмурий суди судьяси Д. Халилов раислигида кўриб чиқилди. Суд қарорига асосан А.Нуритдиновга Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 40- ва 41-моддалари билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 60 баравари миқдорида жарима жазоси, 183-моддаси билан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинлангандан ташқари, суднинг қарорига асосан унинг жазони ўташда ҳар бир куни учун 33 450 сўм миқдорида, жами 501 750 сўм қамоқда сақлаш харажатлари ундирилиши белгиланган.

Албатта, қонун ҳамма учун баробар. Суд қарори одиллик мезонидир. Лекин… Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимиз қонунчилигида судларни либераллаштириш, низога борган икки томонни яраштириш чораларини кўриш аллақачон амалиётга жорий этилган. Ахир ким хато қилмайди дейсиз, “қарс икки қўлдан чиқади”, деган гап ҳам бор. Бу ерда биргина блогер айбдормикин, балки шикоятчи шахсларда ҳам айб бордир? Суд ажримидаги гувоҳлар фақат блогернинг устидан шикоят қилганлар экан. О.Нуритдиновнинг адвокати ижтимоий тармоқларда қуйидагича сўз юритади: «Судьядан биринчи босқич судининг чиқарган маъмурий қарорини бекор қилиб, ишни ҳаракатдан тугатиб, А.Нуритдиновга нисбатан туҳмат билан ариза ёзганлиги учун шикоятчиларга қонуний чора кўришни талаб қилдим. Буни асослаб ҳам бердим, мана шунча гувоҳлар, инобатга олишмади.

Бу ерда процессуал қоидабузарликлар жуда кўп бўлди. Биринчидан, суд мажлиси очиқ деб эълон қилинди, очиқ деб эълон қилиниши билан судья ўзининг кимлигини, суд таркибини таништирмасдан туриб видеокамерани киритиш бўйича илтимосноманинг муҳокамасига ўтиб кетди. Ундан сўнг мен «исм-фамилиянгизни ёзиб қўяй», деганимдан кейин ўзининг шахси тўғрисида маълумот берди. Процессуал қоидабузарликлар жуда кўп, бу қонун бўйича қабул қилинган суд қарорининг бекор бўлишига юз фоизлик асос бўлади”, деган гапи инобатга олинмаган.

Судда келтирилган далилларда Асака тумани ҳокими Э.Якубов, Асака туманидаги 27-умумий ўрта таълим мактаби директори М.Исақова ва Андижон вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Ф.Бузруковларнинг ёзма шикоят аризалари кўрсатилган. Унда Ф.Бузруковга нисбатан Абдуфатто Нуритдинов 2019 йил 7 октябрь куни: «Охирги пайтларда Андижон вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Ф. Бузруковдан шикоятлар кўпаймоқда, яқин кунларда ушбу оёғи ердан узилган амалдор ҳақида мақола чиқариб, ерга тушириб қўямиз, сен халқни назарингга илмасанг, халқ ҳам сени назарга олмайди, ҳеч киммаслигингда, онанг тенги аёлларга пахтада кишан солмоқчи бўлгандинг, тасаввур қилгин 33 миллион аҳоли биттадан туфласа ҳам тупугига чўкиб ўласан, ойнага бир қарагин, яхшилаб эътибор бериб қарагин», дея ёзган ўз профилида. Изоҳга ҳожат йўқ. Бундай қўпол сўзлар ҳақоратдан ўзга нарса эмас!

Шунингдек, фуқаро М.Иса­қова ўзининг шикоятида блогер жорий йилнинг 18 октябрь куни унинг шахсиятини шарманда қилувчи уйдирмалар тарқатиб, у ва унинг жамоасини «коррупцион ўчоқ», деб туҳмат ва ҳақорат қилинганлигини билдирган.

Аммо блогер уларни нега “коррупцион ўчоқ”, деган? Бу гап нечоғли ҳақиқат ё ёлғон? Бу ҳолат очиқ қолган. Маълум бўлишича, айб­дор О.Нуритдинов судда ўз айбини умуман тан олмаган.

Абдуфатто Нуритдинов асли 1983 йилда Сариосиё туманида туғилган бўлиб, ҳозирда Андижон вилояти, Асака шаҳри, Ибн Сино маҳалласида яшайди. Ҳеч жойда ишламайди. Facebook’да Отабек Нуритдинов номи билан аккаунт юритади. У Фейсбукда Андижон вилояти ижтимоий соҳаларидаги камчиликлар ҳақида ёзиб келган. Тизим раҳбарлари хусусида кескин фикрлар билдириб, халқ таълими, электр тармоғи, иссиқ сув таъминоти ҳамда йўл муаммолари ва шунга ўхшаш масалаларда камчиликларни кўрсатиб, танқидий постлар қўйиб, блогер сифатида танилган.

Сўнгги кунларда у Жалақудуқ туманида яшовчи аҳоли вакилларининг 22 декабрь куни ўтказилган сайловлар натижасидан норозилиги ифодаланган видео лавҳаларни улашган.

О.Нуриддиновнинг адвокати аризасига биноан 2020 йил 4 январь куни Андижон вилоят маъмурий суди кассация инстанциясида кўриб чиқилган очиқ суд мажлисида блогерга нисбатан чиқарилган 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси ўзгаришсиз қолдирилди.

Республика Олий суди матбуот хизмати раҳбари Азиз Обидовнинг муносабат билдиришича, суд ушбу маъмурий иш материалларини ҳар томонлама ва тўлиқ ўрганган ҳолда А.Нуритдиновнинг кассация тартибида берилган шикоятини рад қилиб, қаноатлантирмасдан, Андижон вилоят маъмурий суди томонидан 2019 йил 30 декабрдаги унга нисбатан чиқарилган қарорни ўзгаришсиз қолдириш ҳақида қарор қабул қилган.

Ижтимоий тармоқларда келтирилган маълумотларга кўра, жумладан, блогернинг онаси Матлубахон Қурбонова шундай дейди:

—      Отабекни ўтган йил 30 декабрь куни Асака туман молия бўлимига, «Сиз сўраган ҳужжатлар тайёр бўлди», деб чақиришган. У борса, унга ўша ердаги ходимлардан бири: «Мана сен сўраган маълумотлар», деб юзига отибди. Отабек, «нима қиляпсизлар?» — деса, молия бўлимидагилар жанжал кўтаришган. Сўнг Отабекни, майда безорилик, ҳақоратда айблаб, машинага солиб, ИИБга олиб кириб кетишибди. Менга бу ҳақда ўша ерда бўлган молия ходимларидан бири гапириб берди…

Очиқ айтиш зарур, аниқ далил ва фактларга эга бўлмасдан кимнидир ёмон­отлиқ қилиш, туҳмат қилиш, энг ёмони, ҳар қандай ҳолатда одоб-ахлоқ қоидаларига амал қилиш ўрнига дўқ-пўписа, дағдаға ва ҳақоратли сўзлар ишлатишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Ҳа, шу жумладан, блогернинг ҳам!

Бу оддий ҳақиқатни бугун ўзларини блогер деб сановчи кўплаб юртдошларимиз унутиб қўйишаётгани бор гап. Нега шундай?

Эҳтимол уларда, биринчи навбатда, ҳуқуқий билим, савод ва маълумотнинг етишмаётганлигидан эмасмикин?

Аммо… билим даражаси ҳар томонлама бинойидек блогерлар ҳам йўқ эмас.

Юсуф Жўраев.

Таҳририятдан: Юқоридаги кузатувимиз билан биз қатъий хулоса қилиш фикридан йироқмиз. Ҳа, гарчи суд қарорига кўра, блогер О.Нуритдинов айбли деб топилган бўлса-да, суднинг ажрими нечоғли адолатли кечди? Нега унда О.Нуритдинов ўзини ҳамон айбсиз санамоқда? Ёки жамиятдаги айрим камчилик ва муаммоларни ёритиб келгани учун ундан ўч олиндими?.. Ҳозирда бир нарса дейиш осон эмас. Нима бўлганда ҳам сўз эркинлиги, очиқлик сиёсати мустаҳкамланаётган бир пайтда юқоридаги ҳолат кишини ўйлантиради. Шу боис биз имкони бўлса, келгусида блогер О.Нуритдинов билан “Аслида нима бўлган эди?” деган мавзуда суҳбат уюштириш ниятидамиз. Албатта, қарама-қарши томонларнинг фикрлари ҳам эътиборга олинади.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

18 − eighteen =