Бахтли бўлиб кўринай мен ҳам…

Фотоаппарат ва мен

Сен боққан чоғ нега одамлар
Хушсуратдир, кулгидан тўйган.
Мен термулсамсарғайган ўтлар
Ва дарахтлар гулламай қўйган.

Сен кўз солсанг онам кўп дилбар,
Отам бардам қад кериб турар.
Мен боққан чоғ — онам муштипар,
Отам эса ҳассада юрар.

Нигоҳингда дўстим улуғвор,
Бекаму кўст турар мулойим.
Мен қарасам у бечораҳол,
Оқсоқланиб юради доим.

Вақт ялмоғиз — учар хотиржам,
Кўрганларим ўхшамас чинга.
Бахтли бўлиб кўринай мен ҳам,
Бир зумгина кўз ташла менга.

 Юк

Биз томонга келар икки зот,
Олис тоғлар бағирларидан.
Бири ёйдек эгилиб борар,
Тўрвасининг оғирлигидан.

Ҳамроҳининг қўли эса бўш,
На юки бор, на бир насаби.
Мунғаярди хомуш негадир,
Юк кўтарган шериги каби.

Чиқар эди турфа хил нигоҳ,
Сайёҳларнинг ўнгу сўлидан.
Бари бир хил — ҳориган чолнинг
Тўрвасини олар қўлидан.

Ғамга ботар эди бундай пайт,
Йўлдошининг қорачиқлари.
Оғирлашиб борарди унинг
Чап кўксида турган юклари.

Ўтиб борар одамлар тўп-тўп,
Ортда қолар сарғайганча йўл.
Наҳот улар битта кўнгилни
Кўтаришга узатолмас қўл?!

 Фил фалсафаси

Қари филнинг танасида,
Яшар эди кўплаб жон.
Қора қарға, ола қарға
Ҳамда кулранг кўрсичқон.

Кўрмагандим — вазминликка
Бир кун ўлим йўлашини.
Кўрмагандим — улканликнинг
Баландликдан қулашини.

Қарға қанот қоқди-кетди,
Сичқон топди бошқа ин.
Ҳарқалай, бу синов эди,
Ярми ёлғон, ярми чин.

Оғир эди бундай ўйлар,
Оғирлашиб кетди бош.
Филнинг ўйчан кўзларига
Тўлиб келди улкан ёш.

Йўл кўрсатиб тургувчи куч,
Ҳайвонда ҳам юрак экан.
Ўзинг билан қолиш учун,
Баъзан ўлиш керак экан.

 Кимёгар дўстимнинг ўйлари…

Сунъий гул ясаб тонгда
Бироз хаёлга толдим.
Унда бол излаб келган
Арини кўриб қолдим.
Буни узоқ ўйладим,
Тажрибам тугагунча.
Шеърда икки оғиз гап
Илмда кенг тушунча.
Ўйладим, моддаларнинг
Бирлашуви бир чақа.
Қандай бирлашган экан
Тошлар билан тошбақа.
Ишонмадим муҳаббат
Кўнгилда яшар деса.
Билмадим, севиб қолиш
Фанда қандай ҳодиса?
Бағритош деди бир қиз,
Ошиб кетгандим ҳаддан.
Туни билан ўйладим,
Кўнглим қайси моддадан?
Билмас эдим не учун
Кўзимга ёш тўлишин.
Бир томчи ёш қуримай,
Қаерлардан келишин?
Менинг гуноҳим қайда,
Қайда менинг савобим.
Гул ясамайман бошқа,
Шудир менинг жавобим.
Сунъий гулга термулиб
Йиғлаб, ўй суриб қолдим.
Ахир унда жон берган,
Арини кўриб қолдим.

Бобур Элмурод

Javob qoldiring

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

eleven − one =