Муҳим ва ҳаётий вазифалар

Мамлакатимиз Президентининг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномаси менда ҳам катта таассурот қолдирди. Сайлов Кодекси кучга киргандан сўнг сайланган парламент, шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатасида биринчи марта тасдиқланган Вазирлар Маҳкамаси аъзолари олдида қилинган Мурожаатнома илк маротаба телевидениенинг кўплаб каналларида тўғридан-тўғри узатилди.

Мурожаатномада 2020 йилда ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий соҳаларда амалга оширилиши зарур бўлган вазифалар хусусида сўз борди. Энг муҳими, давлатимиз раҳбари барча давлат ҳокимияти органлари олдида турган долзарб ва муҳим вазифаларга тўхталиб, уларни ҳал этиш механизмини кўрсатиб бердилар.

Бугунги кунда дунёда энг ривожланган давлатлар ҳам фақат илм-маърифат ор­­қалигина тараққиёт­га эри­­­шаётгани ҳеч кимга сир эмас. Шу нуқтаи назардан, болаларни тарбиялашдан иқтисодиётни ривожлантиришга қадар бўлган барча ислоҳотларда илм-фан ютуқларига таянилсагина, юксак мақсадларга эришиш мумкинлигини ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди. Турли  соҳалардаги фундаментал ва инновацион тадқиқотлар учун грант маб­лағлар ажратиш механизмини такомиллаштириш ҳамда илм-фан ютуқларининг электрон майдонини яратиш, замонавий ишланмалар базасини шакллантириш муҳим вазифалар сифатида белгиланди.

Республикамизда ахборот-коммуникация тизимини ривожлантириш соҳасида тизимли ишлар қилинмоқда. Лекин шиддат билан ривожланаётган давр­­да замон билан ҳамнафас бўлиш учун доимий изланиш, янгиликка интилиш ва инновацион ғояларни қўллаб-қувватлаш муҳим аҳамиятга эга. Бу авваламбор, иқтисодиётимизни янада тараққий эттириш, унинг барча соҳаларига ахборот техноло­гияларини жорий этиш ва шу асосида рақамли иқтисодиётни ривожлантиришни тақозо этади.

Президентимиз таъ­кидлаб ўтканларидек, унинг учун ёш кадрларни тар­биялаш, “Бир миллион дас­турчи” лойиҳасини амалга ошириш, давлат бошқарув тизимида замонавий усулларни қўллаш бюрократик бошқарувдан буткул қутилишга хизмат қилади.

Республикамиз ҳудудларида “IT парк”ларнинг ташкил этилиши келажакда барча соҳаларда “рақамли асосда” давлат хизматлари кўрсатишидан дарак беради. Шу билан бирга, дунё бозорларида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни, шу жумладан, дастурий маҳсулотларни электрон майдонлар орқали сотиш имкониятини яратади ҳамда  хизмат кўрсатиш экспортининг ўсишига олиб келиши шубҳасиздир.

Хусусан, “Ўзагросуғурта” АЖ тизимида ахборот технологияларни ривожлантириш, аҳолимизга, биринчи нав­батда, ёшларга, тадбиркор ва фермерларимизга электрон хизмат кўрсатиш масаласига алоҳида эътибор берилмоқда. Мисол учун, 2020 йилда Жамиятимиз олдида турган муҳим вазифалар қаторига суғурта хизматларини электрон асосда амалга ошириш, барча ҳисоботларни қоғоз шаклидан воз кечиб, уларни электрон дастур асосида шакллантириш ва умумлаштириш, халқаро стандартлар асосида бухгалтерия ва молия ҳисоботларига ўтиш масалалари шулар жумласидандир.

Ўйлаймизки, Мурожаатномада таъкидланган муҳим вазифалар, хусусан, рақобатбардош маҳсулотларни ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш сифатини ошириш ҳамда янги халқаро бозорлар топиш ва экспортни кўпайтириш каби муҳим ишларни амалга оширишда “Ўзагросуғурта” АЖ ҳам ўз ҳиссасини қўшади.

Сарвар Отамуратов,

“Ўзагросуғурта” АЖ

 бошқаруви раиси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

sixteen − 16 =