Барча ислоҳотлар негизида адолат акс этмоқда

Бирор воқеа ҳаётингизни тубдан ўзгартиришига, айниқса, ижобий томонга ўзгартиришига ишонсангиз, уни интизорлик билан кутасиз.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг парламентга қиладиган Мурожаатномаси ҳам ўтган давр мобайнида шундай воқеликка айланди.

Аҳамиятлиси, ушбу Мурожаатномани нафақат парламент аъзолари, маҳаллий кенгаш депутатлари, ижро ҳокимияти, зиёлилар, балки бутун халқимиз, барча-барча кутадиган бўлди. Чунки улар ҳар йили давлат раҳбарининг парламентга мурожаатида ўз ҳаётини яхшилашга оид янги фикр, янги ғоя, янги ташаббуслар янграшини билишади.

Бу йилги Мурожаатноманинг ўтган йиллардагисидан асосий фарқи — ушбу Мурожаатнома янги парламент ва янги ҳукуматга йўлланди ва мазмунан, нафақат 2020 йилни, балки келгуси 5 йилликни қамраб олганидадир.

Мурожаатномани тинглаганлар кутилган умидларидан зиёдроқ нарсаларни олди, деб ўйлайман. Чунки унда бир қатор тарихий ташаббуслар янгради.

Жумладан, олий таълимга қабул квоталарини доимий  равишда ошириб бориш, кириш имтиҳонларини соддалаштириш, давлат грантини икки бараварга кўпайтириш, рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, тадбиркорлар учун бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, дориларнинг электрон реестрини яратиш, ўқитувчи ва шифокор мақомини янада мус­таҳкамлаш ва уларнинг ойлик иш ҳақларини ошириш, коррупцияга қарши курашиш, ички ишлар органларини халқона тизимга айлантириш каби таклиф-ташаббуслар барча-барча юртдошларимизни юрагигача етиб борди, десак, муболаға бўлмайди.

Юқорида тилга олинган муаммолар биз сайловлар арафасида партия Сайловолди дастурини шакллантириш жараёни ва сайловолди учрашувларида халқимизни анча йиллардан бери қийнаб келаётган муаммолар эканлигига гувоҳ бўлганмиз. Шунинг учун бир қатор муаммоли масалаларни партия Сайловолди дастурига киритиб, устувор вазифамиз сифатида белгилаб олган эдик. Бугун юқори минбардан туриб яна бир бор ушбу масалаларга эътибор қаратилгани ва ечимлари кўрсатиб берилгани бизни қувонтириши билан бирга зиммамизга алоҳида масъулият ҳам юклайди. Демак, энди Мурожаатномада кўрсатиб берилган вазифалар бекаму-кўст бажарилиши ва унинг ижросини назорат қилиш бўйича фракция ва жойлардаги маҳаллий Кенгаш депутатларимиздан алоҳида масъулият талаб этилади.

Президент нутқида алоҳида диққатимизни тортган яна бир масала борки, бу “прописка” масаласидир. Ушбу муаммо узоқ йиллардан бери кўплаб фуқароларимиз ва жамоатчиликнинг ҳақли норозилигига сабаб бўлиб келаётган эди. Айнан шу сабаб партия Сайловолди дастурига “пропискадан ўтиш” тизимига янгича ёндашиш, фуқароларимизнинг ўз хоҳиш-истакларидан келиб чиқиб, доимий яшаш жойини ўзи белгилаш ҳуқуқини таъминловчи ҳуқуқий асосни босқичма-босқич такомиллаштириб бориш” масаласи киритилди. Сайловолди дебатларда, учрашувларда рақиб партиялар томонидан ушбу фикр яқин йиллар ичида ечимини топмаслиги ва сайловчилар овозини олиш учун қилинган популистик чақириқ, деганга ўхшаш эътирозлар ҳам бўлганди.

Бугун давлат раҳбари томонидан узоқ йиллар давомида халқимизни қийнаб келган ана шу прописка деган адолатсиз тизимни бартараф этиш вақти келгани таъкидлангани кўпчиликнинг кўнглидаги гап бўлди.

Жорий йилга “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривож­лантириш йили” деб ном берилгани ҳам мамлакатимизнинг келгуси 10 йилликдаги асосий йўналишини белгилаб беради. Зеро, илм-фанни ривож­лантирмасдан туриб, ёрқин келажакни тасаввур этиб бўлмаслиги айни ҳақиқатдир. Келажак фаровон бўлишини истар эканмиз, иқтисодиётни ва барча соҳаларни рақамлаштиришга эришишимиз даркор.

Рақамли иқтисодиётни ва технологияларни ривожлантириш соҳалар ривожига таъсир этиш билан бирга кўплаб соҳаларда корруп­цияни бартараф этишнинг самарали воситаси ҳамдир. Бу орқали биз мазкур иллатнинг оқибати билан курашишни тўхтатиб, уни келтириб чиқарувчи сабабларни аниқлаб, партия дастурида белгиланганидек, илдизи билан қуритишга эришамиз.

Мурожаатномада қайд этилганидек, коррупцияга қарши курашиш мамлакатимизнинг навбатдаги ислоҳотлар даврининг энг асосий йўналишларидан бирига айланмоқда. Бежизга Президентимиз “Бу иллатни йўқотмасдан туриб олдимизга қўйган бирорта вазифани бажара олмаймиз”, дея таъкидламади. Эндиликда мазкур “оёғимиздаги кишан”га қарши сўзда эмас, амалда жиддий кураш бошланмоқда. Бу курашга масъул қилиб аввалгидек, турли идоралар ёки жамоатчилик асосидаги комиссиялар эмас, алоҳида, кучли орган белгиланди. Парламент олдига ҳам соҳага оид қонунчилик базасини такомиллаштириш вазифаси қўйилди.

Бу борада Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг ҳам ўз таклифлари ва дастурий йўналишлари бор. Маълумки, мазкур иллат билан курашишни фақатгина давлат органларига юклаб қўйиш билан керакли натижага эришиб бўлмайди. Бунда энг асосий восита, ечим, курашга кенг жамоатчиликни, фуқароларимизни, халқимизни фаол жалб қилиш лозим бўлади. Бунинг учун, аввало, мазкур масалаларни қонунчиликда акс эттириш керак.

Умуман олганда, жамоатчиликни ислоҳотларда ҳаракатлантирувчи кучга айлантириш Мурожаатноманинг бош ғояларидан бири бўлди, десак асло адашмаймиз. Эндиликда, мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётига оид ва жамоатчиликда алоҳида қизиқиш уйғотадиган ўта муҳим масалаларга доир қарорларни қабул қилишда жамоатчилик билан маслаҳатлар, жамоатчилик эшитувларини ўтказиш мажбурийлигининг аниқ белгиланиши қайд этилди.

Мурожаатномада илгари юксак минбарларда янграмаган яна кўп­лаб ташаббуслар, ғоялар, вазифа­лар илгари сурилди. Улардан ҳар бирининг тўлиқ ижросини таъминлаш, ҳаётга татбиқ этиш натижасида мамлакатимиз тараққиёти янада жадаллашувига эришилади.

Энг асосийси, фаровон ҳаёт, ривожланган Ўзбекистон биз учун энди узоқ келажак эмас, балки қилинаётган ишлар, олиб борилаётган ислоҳотлар орқали биз буюк келажакка тобора яқинлашмоқдамиз. Буни халқимиз ҳам ич-ичидан сезмоқда, эртаси фаровон бўлишига ишонмоқда. Бизнинг асосий вазифамиз эса белгиланган вазифаларнинг тўлиқ ижросини таъминлаш орқали ана ўша ишончни оқлашдан иборат.

Наримон Умаров,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери

ўринбосари.

Javob qoldiring

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

14 − thirteen =