«Бошқа футбол кўрмайман дейсан-у…»

Аммо… Ўйин сўнггида негадир ўйинчиларимиз газонга ётиб олишди, худди Таиланд чўққисини забт этганлар каби. Ё ўзларини аламзада кўрсатишдими? Ахир, ўйиндан маълум бўлди-ку, Австралия жамоаси учинчи ўринга лойиқ ўйин кўрсатмади, футболчиларимизнинг “назокатли” ўйини эвазига ғолиб бўлишди.

Таиландда бўлиб ўтган U-23 Осиё чемпионати ниҳоясига етди. Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси мусобақани «С» гуруҳида бошлаб, гуруҳдан чиқишни амаллаганди. Аммо…

Мақсадга эришиш жуда-жуда қийин экан. Айниқса, футболчилар савияси ўзгармаса…

Чунки, футболчиларимиз нимагадир бир-бирини тушунмай ҳаракат қилишди. Гўё мураббий шу турнир олдидан уларни кўчадан йиғиб келгандек таассурот қолдирди. Хусусан, ҳимоячилар ва ярим ҳимоячиларимиз умуман икки жамоанинг ўйинчиларидек тўп суришди.

Марказий ярим ҳимоядаги бўшлиқ яққол “очилди”. Марказий ҳимояда ҳаракат қилаётган Азиз Ғаниев машғулотларда тепки еган шекилли, ҳатто тўпга тегишдан “қўрқ”ди. Абдулла Абдуллаев эса майдонда нима қилиб юрганини ўзи ҳам билмади-ёв. Айниқса, баъзи ҳолатларда ўз дарвозаси қайси тарафда эканини ҳам “унутиб” қўйгани чатоқ бўлди. Бундан рақиблар мазза қилди. Ҳатто вақти-вақти билан гол ҳам уриб олишди.

Тўғри, эронликлар ҳам бизга қарши ўйинда битта тўп киритиш билан кифояланишди. Лекин бу ҳимоячиларимизнинг яхши ўйнагани ёки дарвозабоннинг маҳорати натижаси эмас. Шунчаки эронлик футболчилар қулай вазиятлардан фойдалана олишмади.

Бизнингча, бош мураббий Любинко Друлович, аввало, эронликларга қарши ўйинда тактика танлашда хато қилди. Аммо кейинги ўйинларда ҳам тактикаси ўзгармади. Бунисига нима дейлик?

Натижада эронликлар шарофати билан гуруҳ баҳсларидан чиқиб олдик. Яна аммо демасдан иложи йўқ, барибир яна ўша учлик — А.Ғаниев, А.Абдуллаев, Ж.Яхшибоев, майдонда ё улар тўпдан қочиб ўйнади, ё тўп улардан қочиб юрди. Нима бўлганда ҳам асосий ишни бажариши керак бўлган ўйинчилар майдонда “кўринмади”.

Футболчиларимизда мақсад йўқми?

“Пахтакор” клубининг сербиялик футболчиси Драган Черан хориж ОАВсига берган интервьюсида шундай деди:

— Ўзбекистон терма жамоасига Эктор Купер таклиф қилинди. У менталитетни ўзгартиришга уринди, аммо бефойда… Ўзбек футболчиларида мақсад йўқ, тез таслим бўлишади ва катта баҳслардан қўрқишади.

Наҳотки! Афсуски, Таиландда кўрсатган савиямиз буни исботлади.

Носир Шербоев, журналист:

— Ўйинчиларимизда барқарорлик етишмайди. Ўйинни кўриб “ҳозир гол урамиз”, деб турганинг­да, навбатдаги мағлубият яна кўнгилни хира қилади. Энди бош­қа футбол кўрмайман дейсан-у, Ватан бор-да, унинг шаъни бор-да…

Ўйиндаги ўзгариш…

Гуруҳ босқичидаги нурсиз ўйиндан тўғри хулоса чиқарган жамоа майдонда рақибга ҳеч қандай имконият қолдирмади. БАА жамоасини 5:1 ҳисобида мағлуб этишди. Нафақат футболчилар, балки бутун Ўзбекистон жонланди. “Ўйнаса бўларкан-ку!”

Бундан ташқари, БАА билан бўладиган баҳсдан аввал “Насаф” ва “Бунёдкор” футбол клублари бош мураббийларни Таиландга таклиф этилиши ва ўз шогирдларини руҳлантиришлари ҳам ўз натижасини берди, албатта.

Бир қадам қолганда…

Албатта, Саудия Арабистони жамоаси қитъамизда нуфузли ўринларда туради. Лекин биз ҳам чакана эмасмиз, Осиё рейтингида ўзимизга яраша ҳурматимиз бор. Аммо… Эҳ, шу аммо бўлмаса нима қилади…

Яна ўша эски ўйин, майдондаги пала-партиш ҳаракатлар бошланди. Саудияликлар ўз ўлжасини кутаётган шердек, аввалига нафас ростлашди, сўнгра жамоамизни “титиб” ташлади. Аламли мағлубият: 0:2. Рақиб фойдасига. Эҳ йигитлар, Токиога бир қадам қолганди-я!

Лекин учинчи ўрин учун бўладиган баҳсда ўзбекистонлик мухлисларнинг умиди сўнмаганди, ахир Австралия ҳам ҳали бирон марта олимпиадага чиқмаган. Улар ҳам “зўр” эмас. Аммо…

Олимпиячиларимизнинг ярим финал ва учинчи ўрин учун ўтказган ўйинлари барчамизнинг, тўғриси, ҳафсаламизни “пир” қилди.

Саудия Арабистони билан кечган ярим финал ўйиннинг биринчи бўлимида футболчиларимиз анча мазмунли ўйин намойиш этишди. Яққол голга тортадиган вазиятлар уч маротаба ташкил этилди. Бундан фойдаланишда эса ҳужумчиларимизда малака, тажриба етишмади. Хусусан, Бобур Абдухолиқов икки маротаба бўш қолган дарвозага тўпни киритолмагани асабларни жунбушга келтирди.

Ахир, бундай вазиятлардан мактаб ўқувчиси ҳам бемалол гол ура оларди. Шу ҳужумчини негадир мураббий вақтлироқ алмаштирмагани, Бобур жамоада мустаҳкам илдиз отганми, ё ундан бошқа “жонли” ҳужумчи йўқми, деган фикр келаверади одамга.

Қолаверса, саудияликлар биз кутганчалик хавфли рақиб эмас эди. Шу куни улар ўйинда ҳам яққол устунлик қилганлари йўқ. Футболчиларимизнинг шошма-шошарлиги, ўйинга тайёр эмаслиги мағлубиятимизга сабаб бўлди. Рос­ти, Жасурдан Мисси, Азиздан Роберто, Бобурдан Роналду чиқишига юзлаб қовун пишиғи борга ўхшайди…

Бундан ташқари, мураббийга “қойил” қолдим, ҳар сафар бир хил таркиб, бир хил тактика, бу билан нимани исботламоқчи бўлди? Ахир, бу сизга тажриба майдони эмасди, Токио олимпиадаси сари очилаётган йўл эди! Афсус…

Учинчи ўринни эгаллаш дегани сўнгги имконият эди. “Токио-2020” ўйинларига бериладиган йўлланма тақдири эди. Чунки ҳар сафар олимпиядага бир қадам қолганда “қоқиламиз”. 1996 йилдан буён аҳвол шу. 24 йилдан буён-а!

Австралия олимпиячилари бош­қа сайёрадан келганлари йўқ. Шу куни улар ҳам оддий футболчилар сингари ҳаракат қилишди. Бир хил кўринишдаги ҳужумлар, тўп оширишларини пухта ўрганган австралияликлар жамоамизнинг навбатдаги хатоларидан унумли фойдаланишди, холос. Йўқса, улар ҳеч бир жабҳада биздан устунлик қилгани йўқ. Хусусан, Ислом Қобиловнинг боғча боласидек ҳаракати жамоамизни мағлубиятга учратди.

Аммо… Ўйин сўнггида негадир ўйинчиларимиз газонга ётиб олишди, худди Таиланд чўққисини забт этганлар каби. Ё ўзларини аламзада кўрсатишдими? Ахир, ўйиндан маълум бўлди-ку, Австралия жамоаси учинчи ўринга лойиқ ўйин кўрсатмади, футболчиларимизнинг “назокатли” ўйини эвазига ғолиб бўлишди.

“Оғзимиздаги ош”ни қачонгача олдирамиз, эй, Ватан шаъни, ори учун жасорати етмаётган футболчилар! Сизларга қачонгача ишониб, чув тушаверамиз?! Тўғрисини айтай, 1996 йилги савия 2020 йилда ҳам ўзгармабди, начора, яна тўрт йил вақтимиз бор, олимпиада сари тайёрланамиз, “шифо вакцинаси” ўз таъсирини ўтказса ажабмас…

Жобир Хўжақулов.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

thirteen + 20 =