“Журналист ҳақиқатни айта олмаса, ҳеч бўлмаса ёлғон гапирмасин”

“Hurriyat”нинг бугунги меҳмони кўпчиликка таниш бўлган, тажрибали ва иқтидорли тележурналист Гулмира Мусажонова бўлди.

“Оддий ҳақиқатлар” кўрсатуви муаллифи Гулмира Мусажанова бугунги матбуот, телевидениедаги ички «цензура» ва юқори маош таклиф қилган хусусий телеканалга нима сабабдан ишга ўтмагани ҳақида.

— Гулмира опа,  сиз билан янада яқиндан танишиб олсак нима дейсиз? Биламизки, халқимизнинг атоқли адиби Фарҳод Мусажоновнинг қизисиз. Оиладаги адабиёт завқи ва ижодий муҳит сизни журналистикага етак­лаган эканда?..

—  Мен 1972 йил 27 июнда туғилганман. Биласиз, айнан шу куни юртимизда ОАВ ходимлари куни сифатида нишонланади. Бу ҳам (кулиб…) бежиз бўлмаса керак?! Хуллас,  касб байрамимиз нишонланадиган кун мен учун қўшалоқ байрам.

Оиламиз ҳақида гапирсам, дадам “Ўқчи” маҳалласида туғилган. Тошкентда 1966 йилда рўй берган  зилзиладан сўнг оиламиз  у ердан унча узоқ бўлмаган жойга — Лабзак  маҳалласига кўчиб ўтишган. Бобом Мусо Алимуҳаммад  ва бувим Башорат Исломова зиё­­ли кишилар бўлишган.  Бобомни 1937 йил 9 октябрь куни Шаҳидлар майдонида “халқ душмани” дея қатл этишган. Ўшанда дадам эндигина уч ёшдан ошган бўлган. Бувим тўрт нафар ёш бола билан ёлғиз қолганлар, рўзғор тебратишга бир ўзларининг кучи етмай, болаларининг нонсиз, ошсиз қолган кунлари кўп бўлган экан. Дадамнинг болаликда тушган расмларида чўпдек озғин, лекин новча бўлгани сезилади. Бобом оқлангунга қадар, яъни 1956 йилгача дадам “халқ душманининг фарзанди” деган тамға билан яшаган.  Жамиятдан ажратиб қўйишган. Бечора бувим ва дадамга нечоғлик оғир бўлганини тушуниш қийин бўлмаса керак… Албатта, буларнинг бари ҳақида менга бувим, дадам кўп бора ҳикоя қилиб беришган.

Бувимнинг зиёли ва ўқимишли бўлганликлари фарзандларининг тарбиясида акс этган. Ниҳоятда иродали, сабр­-матонатли фазилатларга эга бўлган  бувим газетада ишлаб болаларини оёққа қўйган. Амаким Ғанижон Мусажонов Тошкент тиббиёт институтининг 1-босқичини битирганда Иккинчи жаҳон уруши бошланган.  Ўшанда  вояга етган йигитларни вокзалда йиғишган ва ўғилларини урушга кузатишга чиққан оналарга: “Йигитларимиз узоқ ва совуқ ўлка — Рос­сияга кетмоқда. Уйингизга бориб иссиқ кўрпа-тўшак, нон, қурут, майиз, ёнғоқ олиб келинг. Тонгда жўнашади”, деб оналарни  кетказиб юборишган. Бувим кечаси билан айтилган нарсаларни топиб, вокзалга келсалар,  оналардан бўлак ҳеч ким йўқ эмиш. Оналарнинг йиғи-сиғиси вокзални тутиб кетмаслиги учун шу хийладан фойдаланишган-да. Аслида  поезд кечаси  иккидаёқ жўнаб кетган…

Икки йил давомида амакимдан хатлар келиб турган. У хатларни ўқиш осон эмас, энг бағритош инсон ҳам кўзда ёшсиз ўқий олмаса керак. “…Меҳ­­рибон онажоним,  уруш тугаб уйга қайтсам, сизни ҳеч нарсага муҳтож қилмайман… Укам Фарҳоджонни ўзим оёққа қўяман… Ҳаммамиз жуда чиройли ҳаёт кечирамиз”, каби жумлаларни ҳаяжонсиз ўқиб бўлмайди. Аммо уруш қурбонсиз бўлмас, 1943 йилда  амакимдан қорахат келган.

Мен яхши эслайман, ўғлининг дийдорига тўймаган бувим уруш ҳақида қандай фильм бўлса, телевизор олдига ўриндиқ қўйволиб, кўз­ойнакларини тақиб, диққат билан кўрардилар. “Бувижон, телевизорни бунча яқиндан кўрманг”, десам: “Ғанижоним чиқиб қолармикан, кўрармиканман боламни»,  дейман-да қизим”, дердилар. “Бу фильмларда актёрлар суратга тушган, воқеалар уюштирилган”, десам ҳам бир бора ўғлини кўриш илинжи, умиди бувимнинг юрагида умрбод яшади.

Дадам мана шундай қийинчилик­ларни кўргани учун ҳам ёзувчи бўлган бўлсалар керак, деб ўйлайман. Оғир дамларни, етимликни бошдан кечирган дадам: “Уйлансам, фарзандларим қи­йинчилик кўрмасдан ўсади”, деб ўзларига сўз берган эканлар. Чиндан ҳам биз ҳеч нарсага муҳтож  бўлмасдан ўсиб-улғайдик. Дадам ҳозирги Ўзбе­кистон Миллий университетининг форс филологиясини тугатган эди. Тилни мукаммал  билганликлари учун хорижга ишга таклиф қилишган, бу ҳақда  бувимга айтганларида: “Совуқ ўлкаларда битта ўғлим қолиб кетди. Иккинчи ўғлимни ҳам йўқотишни истамайман”, деган эканлар. Дадам бувимнинг ҳолатларини тушуниб, таклифга рад жавобини берган.

Дадамга қараб, она учун кўп нарсадан воз кечганларини энди тушуняпман ва ота-онам учун нима қила олдим ўзи, деган  фикр менга тинчлик бермайди. Қийинчиликларда одамнинг иродаси тобланади, агар унинг ички ўзаги, маънавияти бақувват ва мустаҳкам бўлса. Отам кўп қийинчилик кўрган инсон, шу сабаб ҳам ёзувчи бўлган бўлса керак. Одамлар билан бўлишадиган дарди, айтадиган фикрлари бор эди… Асарларини ўқиб, барчаси ўзлари,  умр йўлларида учраган катта одамлар ва майда кимсалар ҳақида эканлигини англайман.  Аслида, ҳар бир кўрсатув ортида ҳам Шахснинг  дарди, фикри ётади. Бусиз мумкин эмас.  Асарларни, шу жумладан,   кўрсатувларни ҳам  конфетга қиёслайман — аксариятининг қоғози чиройли, ялтироқ, дарров кўзга ташланади,  аммо  очиб, ичини қарасангиз,  бемаза. Устидаги  қоғози унинг маъно-мазмунига қараганда анча-мунча қимматроқ эканини тушунасиз. Моҳиятан эса бўм-бўш. Саёз. Шундай кўрсатувлар, спектакллар, кинофильмлар кўпайиб кетгани одамни ранжитади. Либосларига, мусиқасига, декорацияларига маҳлиё бўламиз ва шуларни мақтаймиз,  чунки бошқа ҳеч нарсаси йўқ,  моҳиятан қашшоқ. Янги фикрни кўрмайсиз. Кўрсатувда ўзига хос фикр, янги фикр айтилса — хурсанд бўлиб кетаман. Чунки бу нафақат томошабин,  уни тайёрлаётган ижодкорлар — биз учун ҳам муҳим, биз ҳам «катта»ларга — савияси баланд, ақлли,  тафаккури кенг, билими чуқур, ўз  мустақил фикрига эга, уни эркин айта оладиган, салоҳиятли  шахслар томон талпинамиз.   Катталар орасида ўсамиз, майдалар орасида майдалашамиз, деган гап бор-ку. Шахс масаласи, кимни шахс деб атаймиз, у қандай шаклланади,  ёшларни  ўз мустақил фикрига эга бўлган шахс сифатида қандай қилиб  тарбиялаш мумкин, деган саволларни деярли ҳар бир қаҳрамонимга бераман. Чунки миллат ана шундай шахслар — фикрловчи одамлар билан тирик.

— Гулмира опа, раҳмат, маҳзун ва ёрқин таассуротлар уйғотдингиз. Оилангиз тарихи билан яқиндан таништирдингиз. Энди ўзбек матбуоти, журналистикаси, қолаверса, Ўзбекистон Миллий телевидениеси ҳақида суҳбатлашсак, нима дейсиз. Сизнингча, матбуотимиз бугунги кунда нима сабабдан оқсамоқда?

— Журналист нуқтаи назаридан эмас, оддий инсон сифатида гапирадиган бўлсам, аксарият одамлар тафаккур, фикрлаш дангасалигига йўлиққан. Ўйлаш, мушоҳада юритиш ҳам меҳнат. Ақлий меҳнат ҳам одамдан ҳаракатни талаб қилади. Эринамиз. Биз тайёр жавобларга ўргандик. Ўзимизга саволлар бермай қўйдик.  Узоққа бориб нима қилдик, масалан, телевидение бугун илғор ва тезкор, миллионлаб аудиторияга эга — катта куч. Бунинг сабаби, уни истаган вақтда, ҳаттоки нонушта пайтида ҳам кўриш мумкин. Телевидение тайёр маҳсулотни қўлингизга тутқазади. Алоҳида вақтингиз, маблағингиз кетмайди. Мана шу ҳолат одамларни фикрий  дангасаликка чалинишига сабаб, деб ўйлайман.   Кўрсатувда ўтирган экспертлар маълумотни шарҳлаб, сизга хулоса чиқариб беради. Томошабин экспертнинг хулосасига таяниб,  вазият ҳақида  ўзи ўйламайди. Нима қилади  ўйлаб —  шундоққина  ҳаммасини тайёр ҳолда тутқазишди ахир! Ол, фойдалан.  Янги фикр, янгилик қачон пайдо бўлади? Қачонки одам изланса! Мустақил мушоҳада юритса. Жамиятда қабул қилинган тайёр жавоблар, мавжуд бўлган қолиплар ичида яшаш қулай. Ана шу «қулай» ҳаёт қулига айланиб бормоқдамиз. Агар газета-журналлар ҳақида гапирсак, аввало, почта хизмати бизда яхши ишламайди, шу боис улар обуначининг қўлига вақтида етиб бормайди. Аксига олиб киоскаларга чиқарилмайди. Ихлосманд одамнинг ҳам газетани топиб ўқиши қийин. Газета-журналларга яқинлаштириш ўрнига айрим нарсалар бизни улардан узоқлаштириш мақсадида қилинаётгандек туюлади менга…

Малака ошириш учун Япония, Германия каби ривожланган мамлакатларда бўлдим. Уларда ҳамон газеталар “тирик”. Инсонларда эрталабки нонуштада  газета ўқиш кўникмаси  шакл­ланган. Газета ўқиш — эҳтиёжга айланган! Саҳарда чоп этилган газеталар соат олтигача ҳамманинг почта қутисига ташлаб кетилади. Бундан ташқари, тушликда, кечқурун чиқадиган газеталарни ҳам кутишади. Одамлар газетадаги янгиликлар ишончли манба эканлиги учун ўқишади.

Яна бир масала, бугунги кунда газеталарнинг тақдири фақат газетачиларнинг муаммоси ёки фожиаси бўлмаслиги керак. Бу билан бутун жамият шуғулланиши зарур. Халқимизда газета ўқиш кўникмаси сусайиб кетган. Илмий, салмоғи юқори бўлган журналларнинг ҳам тиражи кам. Уни ҳам асосан зиёлилар ёки шу соҳанинг мутахассислари ўқийдилар, холос.

— Мутлақо чин гапларни айтаяпсиз. Шу ўринда бир мулоҳаза дилимга келди. Биласизми, Ўзбекис­тондаги  телевидение тармоқлари, радио, босма ОАВ,  интернет нашрларида фаолият кўрсатувчи журналистлар ўртасида кўринмас “жарлик” борга ўхшайди. Яъни, ўзаро ҳамкорлик йўлга қўйилмаган. Масалан, фақат ОАВ ходимлари куни арафасида, яъни касб байрамларимизда (демак, сизнинг туғилган кунингиздагина, ҳазил) тележурналистлар матбуотда ишлайдиган ҳамкасбларини “йўқлайди”. Матбуотда чиқаётган мақолалардан эса аксарияти бехабардирлар. Шундай эмасми?

— Ҳақсиз. Аслида журналистлар ҳамма жойда ва ҳамма вазиятда бир-бири билан жипс бўлмоғи керак.  Афсуски, бизда ҳеч ким бир-бирини тўғри маънода ҳимоя қилишни истамайди. Бунинг гувоҳи бўлдик. Журналистлар ҳамжамияти йўқ дегим келмаяпти, лекин биз битта куч эмасмиз. Шунча йилдан бери битта кучга айлана олмадик. Раҳматли устоз Маҳмуд Саъдий билан ўлимлари олдидан суҳбатлашгандим. Ўшанда журналист аслида қандай бўлиши ҳақида гапирганди. Шу кундан бошлаб, кўрсатувларимда исмимдан кейин журналист сўзини ёзишга уяладиган бўлдим. Чунки аввало, биз шу номга муносиб бўлишимиз кераклигини тушундим. Ҳар ҳолда, мен учун бу шунчаки ном эмас.

“Ҳуррият”, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” ва яна саноқли газеталарнинг ўз муштарийлари бор. Яхши мақола чиқса, шунинг ўзи — энг яхши рек­лама. Мақола оғизма-оғиз бўлиб, овозаси бизга ҳам етиб келади. Қайсидир нашрда яхши мақола чиққанини эшитсам, албатта топиб ўқийман. Топа олмаган тақдиримда нусхасини жўнатинглар деб илтимос қиламан. ТВ журналистлари ҳам газеталарнинг фаолиятини кузатади, ўқийди. Сизларда ҳам қатор  муаммолар борлигини биламан, аммо улар ҳақида чуқур ўйлаб кўрмаган эканман.

— Навбатдаги саволим ҳам ТВ ҳақида. Ютуқлар ўзимизники, уни биров олиб қўймайди,  аммо ҳамон давлат каналларида ҳақиқий ҳаёт, давр руҳи сезилмаяпти. Томошабинни экран қаршисига “михлаб” қўядиган кўрсатувлар деярли йўқ. Бунинг сабаби нимада, телеканалларда ҳамон «цензура» кучлими ёки муаммо кадрларга бориб тақаладими?

— Маълум маънода ички «цензура» ҳамон бор. Ҳамма жойда ҳам бор. Сизларда йўқми?  Бизнинг соҳада «цензура»нинг қай даражада  бўлиши раҳбарларга кўпроқ боғлиқ. Агар раҳбарга  Худо озгина юрак берган бўлса,   эс-ҳуши жойи­­да, инсофли бўлса, албатта, эркин ижод қилиш тарафдори бўлади. Аммо амал азиз экан, деб курсига ёпишволиб, “ҳаммаси жойида” деб юраверса ҳеч нарса ўзгармайди. Мен раҳбар эмасман, балки шунинг учун эҳтимол уларни тушунмасман, аммо барибир журъат бўлиши лозим, деб ҳисоблайман. Шундай раҳбарлар бўладики,  “кел, шу олдинга бир қадам қўяй-чи, балки бу мен ўйлаганчалик қўрқинчли эмасдир”, деган фикрнинг ўзи ҳам  йўқ.  Халқимизнинг ишончини йўқотганимизга сабаблар кўп, улардан бири шу.

Ўзбек Миллий телерадиокомпа­нияси шу пайтгача кўплаб тажрибали кадрларни тайёрлади. Аммо соҳамизда моддий рағбат камлиги  учун бугунги кунда энг тажрибали кадрлар  давлат каналларидан кўра, яхшироқ маош тўлайдиган хусусий каналларга ўтиб кетди. Кадр­лар давлат каналларида олган бор таж­рибасини, Аллоҳ юқтирган озгина иқтидори ва салоҳиятини хусусий каналларга сарфлаб келмоқда.

Аслида давлатники дегани — ҳеч кимники дегани экан… Хусусийларда раҳбар  тикилган пулни оқлаш учун ҳам энг яхши ва иш берадиган кадрларни саралаб олади. Бугун мана “Sevimli” канали энг рейтинги баланд каналлардан биттаси. Эгаси тиккан пулни оқлаш ҳамда унинг ишончига лойиқ   бўлиш учун канал тинимсиз изланишда,   янгилик киритишдан чарчамаяпти. Ҳар бир аудито­рияга бағишлаб кўрсатувлар етказиб бермоқда. Айтайлик, давлат каналида ким “Sevimli”­ канали бош раҳбаридек қайғуради? Пул давлатдан оқиб келяпти-ку.  Агар имконим бўлганида мен ҳам хусусий канал очардим. Нега сифатли кадрларнинг хусусий каналга кетиб қолаётгани ТВ раҳбарларига алам қилмаяпти? Ўша кадрларни шу ерда шакллантирди, иш ўргатди, ойлик тўлади, касал бўлса, имтиёз берди. Ҳаммаси бизнинг каналлар ҳисобидан бўлди-ку.  Давлат каналлари ўзини яхшилаши учун ходимларини моддий-маънавий жиҳатдан жуда кучли қўллаб-қувватлаши керак. Токи, журналист-ижодкорлар телеканалларга “керак” эканлигини ҳис қилишсин.

— Сизга ҳам  хусусий телеканалдан  иш таклиф  қилишганида ўтмаган экансиз, боиси нима?

—  Биринчидан, ўрганган жойим, қолаверса, эндиликда ёш, кучга тўлган кадр эмасман. Бошқа каналга ўтиб, ўзимни яна меҳнатим билан кўрсатишим учун бошидан ҳаракат қилишим керак. Ёшлигимда мен ҳам ҳеч қайси журналист боришни истамаган жойларга бориб, репортажлар тайёрлаганман. Кечаси 12 гача монтажда ўтириб, эрталаб 6 да яна ишга келган вақтларим  кўп бўлган. Ҳозир эса иш жойимда кўрсатувларимни  бемалол тайёрлаш имконига эгаман. Ишларим билан ўзимни, қайсидир маънода, “исботлаганим” учун шундай шароитда ишлаяпман, деб ҳисоблайман. “Мadaniyat va ma’rifat” каналини эса яхши кўраман. Шунинг учун шу каналнинг ходимиман.

— Дарҳақиқат, ТВ каналларининг сони бугун анча кўпайиб кетди. Аммо очиқ айтиш керакки, улардаги айрим кўрсатувларни кўришга одамнинг сабри ҳам, асаби ҳам чидамайди. Сизнинг “Оддий ҳақиқатлар” кўрсатувингизга ўхшаган  жони ва фикри бор  салмоқли кўрсатувлар, юқорида айтганимдек, бармоқ билан санарли. Кўрсатувингизда сиз бошдан кечирадиган қувонч-ташвишларни бизга илинсангиз…

— Саволингизни тушундим. Мен ҳам очиқ айтаман. Раҳбарият томонидан кўрсатув эфирдан олдин кўрилади, қандайдир ўзгартиришлар киритилади ва буни тўғри тушунишга ҳаракат қиламан. Яширмайман, қаҳрамонларим олдида уялиб қолган вазиятларим ҳам бўлган. Мисол учун, файласуф олим Виктор Алимасов билан бўлган суҳбатим тўлиғича эфир юзини кўрмади.  Сабаби ушбу файласуф шаблон фикрлар билан сўзламайди. Ҳаётга мутлақо бош­қача  нигоҳ ила  қарайди. Интервьюдан кўнглим тўлганди. Мулоҳазалар кучли эди, бироқ, ҳали бунга бир қадар тайёр эмаслигимиз учун бор бўй-басти билан эфирга беролмадик.

— Суҳбатдошингиз хафа бўлгандир?

— Хафа бўлдилар. Гулмира, сизга ишонгандим-ку, ичимдагиларни рўй-рост айтдим. Суҳбатдошларим менга ишонч билдириб, ичидагиларни тўкиб кетса-ю мен эфирга  бера олмасам, уялиб қоламан-да. Лекин начора, бунақа вазиятлар, афсуски, бўлиб туради. Бир пайт­лар кўрсатувни тўхтатаман деган қарорга ҳам келгандим. Телевидение — бу минбар. Аслида, ҳозир шулар — шу ақлли, саводли, савияли, тафаккури кенг  зиёли одамлар гапириши керак! Лекин, бошқа нарса мени кўпроқ ўйлантиряпти — сўзнинг таъсир кучи йўқолгандек… фойдаси бўлмаяпти-да. Нега ток-шоулардан кўнглим қолган? Чунки  ҳамма йиғилади, бир соатми, икки соатми гапиради, кейин тарқалади. Тамом. Гапнинг амалдаги натижаси кўринмаяпти. Одамлар ўзгаряптими бу гаплар, кўрсатувлардан кейин? Тўғри хулосалар чиқариб,  хатти-ҳаракатларидаги қусурлардан халос бўляптими? ТВдан туриб айтилган гап­лар кор қиляптими? Мана масала қаерда. Оддий мисол: раҳбарлар келаётганда об-ҳаво қандай бўлишига қарамай, юпун кийинган қизларнинг уларга  нон билан пешвоз чиқишини йўқ қи­линглар, бизда келган одамни кўчага чиқиб, нон билан сийлаш одати йўқ,  ўзбекчиликда меҳмон уйга таклиф қилинади, кейин нон-чой берилади, деб ОАВда қанча айтиляпти! Бу ҳақда бизнинг кўрсатувимизда  Аҳмаджон ака Мелибоев ҳам гапирганлар, журналистлар, блогерлар қайта-қайта ёзишяпти, аммо  одамларнинг тушунчасида ўзгариш кўряпмизми? Ҳамма гап шунда-да…

— Кўрсатувга чақирадиган меҳмонларингизни қандай мезонлар асосида танлаб оласиз?

— Албатта,  ҳурмат қилган, халқ соғинган, жамият учун нафи теккан инсонларни суҳбатга чақиришга ҳаракат қиламан.  Гоҳида ён-атрофимдагилар “Суҳбатдошинг яхши эмас”, деб ҳам қолишади, лекин кўрсатув “фаришталар ҳақида эмас, бу ҳаётнинг синовларига дош бериб, яшаб келаётган инсонлар ҳақида”, деб жавоб қиламан. Умрида  бир марта бўлсаям хато қилмаган, айби бўлмаган, бекаму кўст бўлган мукаммал инсон борми ўзи?! Кўрсатинг, дейман.

Бу кўрсатувнинг пайдо бўлишига марҳум санъаткор, Ўзбекистон Респуб­ликаси халқ артисти — Ҳусан Шарипов сабабчи бўлган. Отам оламдан ўтганларидан кейин  кайфиятимга қараб орамизда йўқ инсонлар ҳақида «Азиз сиймолар» номли кўрсатувни тайёрлай бошладим. Бир сонини Эргаш Каримов хотирасига бағишладик. Интервью олиш мақсадида Ҳусан аканинг ёнига бордим. Телефон рақамимни бериб келганим учун орадан кўп ўтмай Ҳусан ака  қўнғироқ қилиб, камера билан боришимни, айтадиган иқрорликлари, узр сўролмай қолган инсонлари борлигини айтдилар. Ўша пайтлари “Dunyo bo’ylab”дан “Мadaniyat va ma’rifat” каналига ўтаётган эдим. Ҳусан аканинг  айт­ган гаплари кечагидек қулоғим остида жаранглаб туради: “Гулмира, икки, ҳа, майли, бир кунингни аяма мендан. Камеранг билан кел. Кўп вақтингни олмайман. Айтадиган, айтиб кетишим керак бўлган гапларим бор”, дедилар. — Ҳали кўп яшайсиз,  Ҳусан ака, яқин кунларда бораман, — деб кўнгилларини  кўтардим.  У бўлди бу бўлди  Ҳусан ака ўтиб қолдилар. Вақт топиб етиб боролмадим. Ваъда берилди, аммо бажарилмади… Ниятим бор, Худо хоҳласа, уларнинг хотирасига бағишлаб, албатта, яхши кўрсатув тайёрламоқчиман.

Қолаверса, миллатимизнинг ёрқин гулларидан интервью олиш менга завқ бағишлайди. Ўзим билмаган жавобларни улардан қидираман. Кўрсатувнинг 3 ё 4 сонини филолог Раҳмон Қўчқор билан тайёрладик. Раҳмон ака миллатимиз ҳақида жуда куюнчаклик билан гапирди.

Тўғриси, катта иш қиляпман деб ҳисоб­ламайман, лекин у ижтимоий кучга, таъсирга эга кўрсатув бўлишини жуда истайман. Раҳмон ака ҳам қайсидир  маънода ўзлари билмаган ҳолатда, кўрса­тувнинг йўналишини ўзгартириб, белгилаб  бер­­ди. Теран фикрлайдиган зиёлиларнинг  жамиятда кечаётган  жараёнларга  бўлган муносабати доим қизиқ. Раҳмон ака замонимизнинг энг зиё­­ли инсонларидан. Агар эсингизда бўлса, уларнинг «Ҳайрат» деб номланган муаллифлик кўрсатувлари бўларди. У кўрсатув жуда кўпчиликни ҳайратга сола олган. Шу жумладан, мени ҳам. Яширмайман, Раҳмон акага ҳавасим келади. Уларни нафақат олим, балки истеъдодли телебошловчи сифатидаям ҳурмат қиламан.  20 дақиқа давомида бир ўзи гапириб, томошабиннинг эътиборини «ушлаб туриш» ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди. Ҳозир кўпчилик бошловчиларнинг ақли ва саводи салом-аликни айтиб олишга етади, холос. Раҳмон акадек билимли, тафаккури,  таҳлили кучли  одамлар  телеэкранларимизда кўпми?

— Ўзбек журналистикасининг эртаси ҳақида қандай фикрдасиз?

— Бугун шу жамиятда биз киммиз? Ўрнимиз қандай? Нималар билан машғулмиз? Асл мақсадимиз нима? Ким ва нима учун шу иш билан шуғулланяпмиз? Қандайдир майда манфаатларимизми ёки халқ манфаати биз учун муҳимми, деган саволларга рўй-рост жавоб беришимиз керак. Аввало ўз виж­донимиз олдида.  Ҳақиқий фожиа — кўз ожизлигида эмас, қалб сўқирлигида, дейишади.  Айрим журналистларнинг холис эмаслигини кўриб, хафа бўлиб кетаман. Наҳотки уялишмаса? Журналистнинг вазифаси — воқеа-ҳодиса ҳақида тўғри,  ҳаққоний хабар бериш, муаммони имкон қадар атроф­лича ёритиш, таҳлил қилиш, одамларнинг эътиборини қаратиш эмасми?  Шу журналистлар қаерда яшаркан, жамоат транспортида юрадими? Мет­рога тушадими? Қишлоқларда халқ қандай шароитда яшаётганини билармикан? Билишни истармикан?  Яқиндагина таъмирланганига қарамай, яна аввалги аҳволга келиб қолган йўллардан ўтармикан?  Болалар касалхонасига бир борганмикан? — деб ўзимга савол бераман.  Касбим борасида шу нарсани тушуниб етдимки  журналистлар, айниқса раҳбарлар, умуман ҳар бир касб эгаси эл-юртини яхши кўриши керак. Шунда ҳамма ўз ишига виждонан ёндошади, инсоф билан бажаради. Афсуски, бундайлар кам. Журналистларни қўрқоққа айлантириб қў­йишди. Ошкор ёзса  жазоланди. Бунақа шароитда журналист қандай ҳақиқатни ёзсин эди. Журналистни қўрқитиб бўлмайди, бу мумкин эмас. Сўз эркинлиги сал берилганида вазият аслида қандай бўлганини кўрдик. Айрим журналистлар касбимиз олдида турган вазифаларни ҳамон тўлиқ тушунмайди.  Тушунсак ҳам ишимиз талаб даражасидами?   Мен ўзимни чала-­ярим журналист деб биламан. Энди тасаввур қилинг — агар шифокор ўз ишини шундай чала бажарса? Танқидга қарши бўлган ҳар қандай одам ҳам шифокорлар ишини бундай чала-ярим  қилишга чидаб туролмайди. Айниқса, гап бевосита ўша одамнинг ўзи ёки яқинларининг саломатлиги ҳақида кетса.  Демак, журналист ўз вазифасини тўлиқ адо этиш имконига эга бўлиши керак.

Айрим журналистлар бор ҳақиқатни айтолмасам, ҳеч бўлмаганда ёлғон гапирмайман, деган йўлни тутяпти. Бир томондан  бу тўғридир, агар журналист ҳақиқатни айта олмаса, ҳеч бўлмаса ёлғон гапирмаслиги, ёлғоннинг кўпайишига хизмат қилмаслиги керак. Лекин, у ҳақиқатни айтмаса, ёзмаса — уни журналист деб аташга ҳақлимизми? Эркин матбуот — жамиятнинг соғлом ривожланишини таъминлайдиган му­ҳим омиллардан бири, деб ҳисоблайман. Журналист ишини ҳалол ва холис бажарса, ишдан кетиши мумкинлигига ҳам тайёр бўлиб яшаётгани бор ҳақиқат.

— Бугунги кунда айрим блогерлар журналистлар ёза олмаган мавзуларга қўл урмоқда. Обрўи ҳам  про­­фессионал журналистларникидан бошқачароқ бўлаяптими дейман… Ёки фақат менга шунақа тую­л­яптими?

— Блогерлар биздан кўра эркин ижод қилади. Чунки улар давлат идорасида ишламайди.  Қолаверса, ҳамма блогерларни тўлақонли ОАВ вакили, деб айтолмаймиз. Улар турли касб эгалари, аммо жамиятда кечаётган воқеа-ҳодисаларга бефарқ эмаслиги  ва баъзида  биздан-да тезроқ уларга ўз  муносабатини билдириши билан асосли равишда ҳурмат қозонганлари ҳам бор.  Ҳозир улоқ уларда. Буни тан олиш керак.  Бизда расман цензура йўқ, лекин, ички цензурамиз кучли.  Ана шу нарса бизга  ҳалақит беради. Лекин гап яхши маънодаги цензура ҳақида кетмаяпти — инсон шаъни, қадриятларимизни поймол қиладиган, ахлоқ-одобимизга зид бўлган, зулм-зўравонликни тарғиб қилувчи нарсаларни эфирга мутлақо бериб бўлмайди! Яхши маънодаги цензура — фаросат, эс-ҳуш шу учун керак. Айтмоқчиманки, қайчилаш — кўрсатувдан рост гапларни олиб ташлаш эмас, уни ортиқча нарсалардан тозалаш, дегани бўлиши керак. Айрим пайт­ларда эса ҳайиқиш, кимдандир ёки нимадандир чўчиш бор гапни айтишимизга тўсқинлик қилади. Нега шундай бўлди? Энди бунинг илдизи чуқур… Токи ичимиздаги шу ҳадикдан қутулмас эканмиз, блогерлардан бир қадам орқада юраверамиз. Ваҳоланки, зеҳни ўткир, ҳур фикрли, масаланинг моҳиятини тушунадиган ва уни атрофлича таҳлил қилиб берадиган журналистлар талайгина.  Ортиқ қўрқиб яшаб бўлмаслигини ҳозир нафақат ОАВ вакиллари, жамият тушуна бошлаяпти.  Блогерларнинг борлиги яхши. Лекин, бир-икки йил ўтсин,  ғалвир сувдан кўтарилади.  Ўшанда ҳам улар худди бугунгидек журъат билан дадил бўлишса  — бундан фақат хурсанд бўлиш керак.

— “Оддий ҳақиқатлар”  бир неча йиллар эфирга  узатилмадими? Ижодингизда танаффус эълон қилганмидингиз?

— Бунинг ўзига яраша тарихи бор. 2009 йилда хўжайиним билан суҳбатлашиб ўтиргандик. Улар: “Гулмира, қара қирққа қараб кетяпмиз. Алоҳида уй қилиб чиқишимиз керак. Бу ёқда фар­зандлар катта бўлмоқда. Бу ёғига нима қиламиз”, дедилар. Иккимиз ҳам давлат ишида ишлардик. Топган маошимизни ойликдан-ойликка улаб ишлатардик. “Иқтисод соҳасида мутахассиссиз, тилни биласиз. Бирор хорижий давлатга ҳужжатларингизни  жўнатинг. Бирга ишлаб келамиз”, деб таклиф бердим. Шу билан 2010 йилда телевидениедан бўшаб, оиламиз билан Грузияга кетдик. Ҳа, ҳаёт мажбур қилиб бир қанча вақт соҳамдан  йироқлашдим. Лекин, у ерда ўз касбим бўйича ишлаш имконига эга бўлмадим. Афсус, рус тилидан бошқа биронта чет тилини билмайман. Аммо уйда бўлганим зое кетмади.

Раҳматли қайнонам ҳам, раҳматли отам ҳам “уйли-жойли бўлинглар”, деб кўп айтишарди. Мусофирчиликда юрган дамларимиз икки азиз инсонимиздан айрилдик. Отам 79 ёшларида, қайнонам эса  64 ёшларида вафот этишди. Олган уйимизни кўриш уларга насиб қилмади. Ниятимизга етдик, аммо ҳозир ота-онам, қайнонам ҳақида кўп ўйлайман. Уларнинг ёнида бўлишимиз керак эди. 1999 йилда онамдан айрилганман, лекин шундаям энди отамни ёлғиз ташлаб кетиб бўлмаслигини тушунмаган эканман… Энди кеч… Тушуниш — ҳамма нарсани вақтида тушуниш, англаб етиш — муҳим экан.

— Суҳбатингиз учун миннатдорман, катта  раҳмат!

— Ташаккур!

Феруза Раҳимова 

суҳбатлашди.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

eighteen − eleven =