Нонингни туя қилмоқчими, фермер?

ёки Олий суд қарори ижроси нега пайсалга солинмоқда?

Қуйи Чирчиқ тумани Гулистон массивидаги “Гулистон Агро Файз” фермер хўжалиги раҳбари Акмалхўжа Турсунхонов қарийб бир йилдан буён туман ҳокимининг 2019 йил апрель ойидаги 1305-сонли қарори юзасидан норизо бўлиб турли идораларга бош суқиб, адолат излаб юрибди.

Тумандаги илғор фермерлардан саналган хўжалик 2015 йилда ташкил этилган бўлиб,143 гектар ер майдонига эга эди. Хўжалик пахтачилик, ғаллачиликдан эришган юқори натижаларни эътиборга олган маҳаллий раҳбарлар 28 ёшли фермер Акмалхўжа Турсунхоновга яна 242 гектар унумсиз ерлардан қўшиб беришади. Жами 387 гектар ерга эгалик қилган фермер жон-жаҳди билан меҳнат қила бошлади. Хўжаликни оёққа турғазди. Соф даромадлари ҳисобидан моддий-техник базасини замонавий, иш унуми юқори техникалар билан мустаҳкамлаб, кенг тармоқли фермер хўжалигига айлантирди. Аммо ҳамма ғалва шундан кейин бошланди…

Фермер хўжалиги ишлаб чиқариш билан бир қаторда ўзининг машина-трактор паркига эга. Хўжалик ўз техникалари билан ён- атрофдаги фермер ва деҳқонларга шартнома асосида доимий хизмат кўрсатиб келмоқда. Шунингдек, дуккакли экинларни саралаш ва қадоқлаш цехи, асаларичилик, полиз ва сабзавот етиштириш ҳамда гўшт ва сут маҳсулотларини қайта ишлаш мини заводини ҳам қуриб, ишга туширди. Бизга қизиқ туюлгани, бугунги кунда фермернинг фаолияти нега қўллаб-қувватланмаяпти? Фермер эришган ютуқ туман учун ҳам обрў эмасми?!

Шу тариқа ёш фермер қишлоқда янги ишчи ўринлари яратиб, кам таъминланган оилалар бюджетини мус­таҳкамлади. Энг муҳими, фермер хўжалиги ташкил этилгандан буён давлатга бошоқли дон, пахта ва пилла хомашёси етказиб бериш шартномавий режасини бажариб, нафақат туманда вилоятда ҳам ўз ўрнига эга бўлди. Бундай натижаларга эришиш ўз-ўзидан бўлмади, албатта.

Унумсиз ерларнинг ҳосилдорлигини ошириш, мелиоратив ҳолатини яхшилаш, ернинг балл бонитетини кўтаришга қаратилган тадбирлар асосида иш олиб борилганлиги сабабли юқори натижаларга эришиш мумкинлигини соҳадан хабари бор мутахассислар яхши билишади. Лекин… тумандаги оқсоқ фермерларнинг ер майдонларини янги ташкил этилган пахта тўқимачилик кластерига бўлиб бериш жараёнида илғор фермерларнинг ҳам ер майдонлари кўз остига олинди.

Туман ҳокимининг “қарори” билан илғор фермерларни сарсон қилиш, ишдан совутиш бошланди. Натижада янги иш ўринлари яратиш баҳонасида ишлаб турганлар ишсиз қолди. Лекин адолат ва ҳақиқат барибир қарор топади. Аммо бунгача қанча оворагарчилик, узоқ чўзиладиган суд жараёнлари, энг ачинарлиси, ер устида талашлар бошланади. Бир инсон тақдири деганда унинг оиласи, фар­занд­лари ҳам тушунилади. Эртани ўйламай чиқарилган “қарор” ортида қандай манфаатлар тўқнаш келар экан…

Энди асосий гапни айтганда, пахта тўқимачилик кластерига бириктирилган ерлардан туманда мўл-ҳосил етиштирилдими, бу тизим туманда ўзини оқладими, деган савол туғилади. Биз туманга бориб ҳосилдан бўшаган ер майдонларига назар солсак, ўт босган дала ва шудгор қилинмаган ерларга дуч келдик. Фермернинг таъкидлашича, кластер тумандаги илғор фермерлар билан рақобатлашишга ботина олмаяпти. Яна бир гап, ижтимоий тармоқларда вилоят масъулларидан бирининг қуйидаги фикрлари одамни ташвишлантиради.

— Қуйи Чирчиқ туманидаги пахта тўқимачилик кластери 2019 йилда иш бошлади. Мазкур кластер фермер хўжаликлари билан пахта сотиш бўйича тўғридан-тўғри фъючерс шартномалари асосида фаолият кўрсатди. Пахта тўқимачилик кластери низомида фермер хўжаликларига пахта етиштириш учун талаб этилган барча моддий ресурслар етказиб бериш билан бир қаторда, техника хизматларини ҳам кўрсатиб, пахта етиштиришда амалий ёрдам беради, де­йилган. Аслида унумсиз ерларда тузилиши назарда тутилган кластер нега ўзи билан рақобатлаша оладиган фермерларнинг ерига босим остида кўз олайтирмоқда?

Муҳтарам Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев куни кеча Олий Мажлисга Мурожаатномасида: “…Пахта ва ғалла етиштиришга давлат буюрт­масини бекор қилиб, ушбу маҳсулотларни бозор тамойиллари асосида харид қилиш тизимига босқичма-босқич ўтамиз. Агар бу йўлдан бормасак, фермер ва деҳқонларимиз маҳсулот етиштиришда эркин бўлмайди, улар ўзлари кутганларидек манфаат кўрмайди, ҳокимларнинг эса иш услуби ўзгармайди”, дея таъкидладилар.

Ҳақ гап. Қуйи Чирчиқ тумани ҳокими Акмал Холмуродов томонидан чиқарилган 1305-сонли қарор одил судловнинг барча босқичларини босиб ўтди. Ҳатто, вилоят маъмурий суди инстанцияларида кўрилиб, “Гулистон Агро Файз” фермер хўжалиги манфаатларига путур етказди. Фермер хўжалигининг узоқ муддатли ижарага олиш шарт­номасини муддатидан олдин бекор қилиш тўғрисидаги туман ҳокимининг қарори ўтган йили 8 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий судида назорат тартибида кўриб чиқилди. Ишни назорат тартибида кўрган судьялар қуйи судлар мавжуд ишнинг асл моҳиятига адолат билан ёндашмаганликлари, ҳар иккала инстанция суди қонунбузилишларни билатуриб, унга нохолис ва бирёқлама қараганликлари назорат тартибидаги суд жараёнида кўриниб қолди. Ишни адолат тамойилида кўрган Олий суднинг назорат ҳайъати Қуйи Чирчиқ туман ҳокимининг 1305-сонли қарорини ҳақиқий эмас, деб топди. Халқимизнинг “Ҳақиқат эгилади, букилади, лекин синмайди”, деган нақ­ли нақадар рост.

— Менинг ҳақлигим ишда тўпланган ҳужжатларда тасдиқланди, лекин ҳозирга қадар маҳаллий раҳбарлар Олий суд чиқарган қарорни инкор этишиб, бажаришни пайсалга солиб келишмоқда. Ҳақиқат сунъий тарзда букилмоқда, — дейди фермер А.Турсунхонов.

Фермернинг мурожаати бўйича туман ҳокимиятида бўлдик. Бизни туман ҳокимининг қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Зикрилло Набиев қарши олди.

— Ҳақиқатан ҳам Олий суд назорат ҳайъати томонидан туман ҳокимининг қарори бекор бўлди. Мен шахсан “Гулистон Агро Файз” фермер хўжалиги фаолиятидан мамнунман. У бугунги давр фермери. Олий суд қарори ижроси юзасидан айтадиган бўлсам, бизга ҳам босим бўляпти… (Ким томонидан эканини сир тутди). Агар ижрони таъминлайдиган бўлсак, туманимизда яна бир қанча фермерларнинг ҳокимнинг қароридан норозилиги бор, улар норозилик билдиришидан ҳайиқяпмиз, — деди.

Мана сизга асл ҳақиқат. Туманда ҳокимликка кучи етадиган, ноқонуний қарорни ёқлаб чиқадиган, Олий суд чиқарган қарорни ижро этилмаслигидан манфаатдорлар ҳам бор экан-да. Туман ҳокимлигининг ҳуқуқшуноси Олий судда ҳоким қарори бекор бўлгандан сўнг вазифасидан озод қилинибди. (Эҳтимол ютиб чиқмагани учун Ҳ.Қ).

Мамлакатимиз раҳбари судлар мустақиллигини таъминлаш, юртимизда адолат устуворлигига эришиш лозимлиги юзасидан нечоғли куюнчаклик билан сўз юритмоқда. Минг афсуски, жойларда ҳатто Олий суд қарорлари ижроси ҳам пайсалга солинса, бу қанақаси бўлди?!

Ҳикматулло Қодиров,

“Hurriyat” мухбири.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

18 + 13 =