Янгиланаётган юрт болалари

Айтишларича, бола 7 ёшгача оладиган таълим-тарбия унинг кейинги бутун ҳаёти давомида эришиладиган барча босқичларнинг 70-80 фоизини ташкил этар экан.

Демак, инсон ҳаётининг энг асосий пойдевори ҳар жиҳатдан ана шу вақтда қўйилади. Шунинг учун ҳам юртимизда мактабгача таълим-тарбия масаласига кейинги уч ярим йил давомида алоҳида эътибор қаратилаётгани бежиз эмас.

Яхши биламизки, узоқ йиллар давомида мактабгача таълим муассасалари эътибордан четда қолиб кетган эди. Айниқса, қишлоқ ва маҳаллаларимизда боғчалар бутунлай “унутилган”, ҳатто, туман марказларида битта-иккита қолмаса, боғчалар тугатилиб кетганди.

Шу сабаб ўтган йигирма беш йил давомида неча юзлаб боғчалар жойлашган бинолар бузилиб, борлари ҳам ҳар хил дўконлару турфа корхоналарга айлантирилди.

Натижада, оналаримиз боғча деган атамани деярли эсдан чиқаришгача борганди.

Зеро, янгиланаётган Ўзбекистон йил сайин жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгаллаб, миллий тикланишдан миллий юксалиш сари дадил қадамлаб бормоқда. Юртимизда барча соҳаларда бўлгани каби мактабгача таълим тизимига ҳам алоҳида эътибор қаратилаётгани — келажак авлодни баркамол руҳда тарбиялашга юксак эътибордан далолатдир.

Ҳукуматимиз томонидан  мактабгача таълим тизимини ривожлантириш дастури ҳаётга татбиқ этилди. Ватанимизнинг  эртанги куни ва истиқболини белгиловчи ёш авлодни камолга етказиш борасида биздан ўз соҳамизда ҳалол ва сидқидилдан меҳнат қилишимизни талаб этади. Бугунги кунда болаларни мактабгача таълим муассасаларига қамраб олишни кенгайтириш, тўлақонли таълим-тарбия олишлари учун шарт-шароитлар яратиш олдимизга қўйилган энг муҳим вазифалардан биридир.

Туманимизда 35 та маҳалла фуқаролар йиғини мавжуд бўлиб, уларда мактабгача таълим ёшидаги болалар 12787 нафарни ташкил этади. Ўтган йил якунида мактабгача ёшдаги болаларнинг 50,2 фоизи боғчаларга жалб этилган бўлса, шундан давлат ташкилотига 3894 нафар, хусусий давлат-шерикчилик мактабгача таълим муассасасига 375 нафар, нодавлат боғчаларга 114 нафар ҳамда оилавий боғчаларга 1700 нафар тарбияланувчилар жалб қилинди.

Туман ҳокимлиги саъй-ҳаракатлари билан тизимда қурилиш-бунёдкорлик  ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда. Мактабгача таълим муассасалари “Обод қишлоқ” ва “Инвестиция дас­тур”лари бўйича  лойиҳалаштирилган ва мукаммал таъмирдан чиқарилган муассасаларнинг техник базалари яхшиланиб, тарбиячи-педагогларнинг болаларга етарлича эътибор беришлари учун керакли жиҳозлар ва бошқа барча шароитлар яратилган. Шунингдек, куни кеча Турон маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли Арпа қишлоғида янгидан қурилган яна бир 50 ўринга мўлжалланган хусусий давлат-шерикчилигидаги мактабгача таълим муассаса иш фаолиятини бошлади.

Бугунги кунда туманимизда 27 та давлат боғчаси, 7 та давлат хусусий шерикчилиги асосидаги муассаса, 1 та нодавлат ва 70 та оилавий нодав­лат мактабгача таълим ташкилоти, демак жами бўлиб 105 та муассаса болажонларимизни бағрига олган. Жорий йилда  эса яна 1 та 75 ўринли давлат боғчаси, 2 та 150 ўринли нодавлат боғча, 2 та 200 ўринли давлат хусусий шерикчилиги асосида, 45 та оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари фаолияти йўлга қўйилиши режалаштирилган.

Кадрлар салоҳиятини ошириш, уларнинг замон талаблари даражасида фао­лият юритишига, инновацион ғоя ва технологияларни жорий этган ҳолда, йўналтирилган илмий-амалий семинар-тренинглар мунтазам равишда ўтказиб келинмоқда. Педагог кадрларимизнинг 57 фоизи олий маълумотга эга эканлиги ҳам соҳага бўлган эътибор йил сайин кучайиб бораётганини билдиради.

Тизимни янада барқарорлаштиришда келажакда бажаришимиз лозим бўлган устувор вазифаларни белгилаб олганмиз. Таълим тизимининг яхлит-узлуксиз бўғини сифатида мактабгача таълимни такомиллаштириш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, малакали педагог-кадрлар билан таъминлаш, болаларимизнинг маънавий-эс­тетикасини миллий анъаналар руҳида юксалтириш, замонавий таълим-тарбия жараёнида эса уларнинг мактабга тайёргарлик даражасини тубдан ошириш бош мақсадимиз ҳисобланади.

Бахтигул Асророва,

Оқдарё туман мактабгача таълим бўлими мудири.

Javob qoldiring

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

5 × 1 =