Биллур ликопча

Нақадар яхши! Бугун Азиза анчадан буён интиқлик билан кутаётган соғломлаштириш оромгоҳига кетади. У ерда стол тенниси гуруҳидаги дўстлари билан ўн кун дам олиб қайтади. Бир ой сабрсизлик билан кутди-я, бу дамни.

Барвақт уйқудан турган Азиза оромгоҳга олиб кетадиган буюмларини яна бир бора кўздан кечирди.

Тахт қилинган рюкзаги билан уй ичидан ҳовлига чиқаётганида иккинчи синфда ўқийдиган синглиси — Дилсўз ёвқараш қилди. Азиза ташқарига чиқишга улгурмасидан қўшни Холида холанинг онасига айтаётган гаплари қулоғига чалинди.

— Азиза қизингиз бирам пишиғ-эй, тегирмонга тушса бутун чиқиш у ёқда турсин, бир қоп ун орқалаб чиқади бу қиз. Сувга тушса қуруқ чиқиши тайин. Кеча…

Йиғлаб юборишдан баъ­зўр ўзини тийиб турган Азиза, шошиб чиқиб кетди. Бекатда оромгоҳга элтувчи автобусни кутди. Виждон азоби ич-ичидан кемирар, бағрини ловуллатиб куйдирарди. Гўёки ҳозир ичидаги олов таш­қарига отилиб чиқиб кета­ди-ю, атрофни куйдириб юборадигандек эди. Бу ҳолатнинг сабаби ўзига аён, туғилган кунида йўл қўйган хатоси…

— Бекор қўрқоқлиқ қилдим… Барчасига ўзим айбдорман. Агар у кун бошқатдан келгандами, асло ундай қилмаган бўлар эдим, — дерди у ўзига ўзи…

Одатда олдида ҳамсуҳбати бўлмаса ўзига ўзи гапиришдан ийманадиган Азиза ҳозир у ҳақида ўйлаб ҳам ўтирмасди.

Ҳаш-паш дегунча усти очиқ бекатдаги ўтиргичга қуёш нурлари тушди. Азиза эринчоқлик билан қўл соатига қаради. Оромгоҳга олиб кетадиган автобусдан дарак йўқ эди. Демак, ҳаяжон билан уйидан жуда эрта чиқибди.

Ўйлаб-ўйлаб, дўкон ёнидаги салқин жойга борди. Тахтадан ясалган қўлбола ўриндиққа бориб ўтирди. Бир зум хаёл сурмай деди-ю, лекин уни тинч қўймаётган ўша кунги ёқимсиз воқеа, кўз олдидан нари кетмади…

Ўшанда эрта тонгдан бошланган ташвиш, кун қизигунча давом этди…

Туғилган кунига синфдошларини таклиф қилиши керак, аммо ёзги таътил бошланган, уларни топиш қийин, у ўзларига қўшни турадиганларни айтди, холос. Тўғриси, айни ёзнинг жазирама иссиғида кўчада юргиси ҳам келмади.

Барибир кечга бориб Азизани йўқлаб қариндошлари келди. Онаси дастурхонни ширинликлар, бир-биридан мазали таомлар билан безатди.

Тантана сабабчиси Азиза эса тенгдошлари йўқлигидан бироз ранжиган бўлди. Кутилмаганда хаёлига яқин ўртоғи Мадина келди. “Нега у йўқ?” — атрофга олазарак боқди. Ахир, унга айтганди-да! Йўқ, чидолмади. Ўзи бориб бошлаб келди…

Азиза унга тортиқ қилинган совғаларни кўриб, кўнгли яйраб ўтирарди. Совғалар кимга ҳам ёқмайди дейсиз?

Ва ниҳоят дастурхонга тортилган таомлардан сўнг, нав­бат тортга келди. Азиза учун вақт жуда тез ўтгандек эди. Ўйин-кулгу авжига чиққанди, онаси ўзи тайёрлаган пишириқ ёнига қизини чорлади. Азиза ўзида йўқ шод эди.

Ликопча ва санчқилар орасидан пичоқни олди-да, катта пишириқни бўлаклашга киришди. Меҳмонларнинг бир овоздан: “Туғилган кунинг билан”, дея қўшиқ куйлаши базмга ўзгача кайфият олиб кирди.

Азиза тортнинг биринчи бўлагини кесиб олиб, бобоси томон юрди. Онаси эса ёрдамга чаққонгина Мадинани чақириб олди. Ҳовлининг ўртаси стол-стуллар билан тўлганлиги сабаб, ҳовлининг озгина қисми очиқ эди. Қўлида торт бўлагини кўтарган Мадина Азизага рўбару келиб қолди. Йўлак тор, бир киши бемалол юрса бўларди, аммо икки киши сиғмасди. Улар бир-бирига йўл бергиси келмади. Аввалига серрайиб туриб қолишди. Сўнг бир амаллаб ўтиб олишди. Буни четдан кузатиб турган синглиси ниманидир режалаштирди. Юзида айёрона табассум пайдо бўлди.

Гўёки синглиси кутган воқеа юз берадигандек эди. У ҳаракатга тушди. Аслида Дилсўзга туғилган кун тинч ўтаётгани ёқмаётганди. Одатда оилавий базмларда ҳар доим Азиза бирон жанжалнинг сабабчиси бўлиб қоларди. Ўзи ҳам бирор ишкални бошламаса тинч ўтиролмасди-да. Лекин бугун туғилган куни. Азиза эса ўзининг туғилган кунида саранжомланиб ўтирарди. Тўполон қилгиси йўқ эди. Бу Дилсўзнинг кўнглида шумликни уйғотди…

Дилсўз шартта ўрнидан турди-да Мадинанинг йўлини тўсди. Балки хаёлида: “Базм бусиз “файзсиз” бўлиб қолади”, деб ўйлагандир… Қўлидаги ликопчада торт кўтариб олган Мадина тор йўлакка келиб қолганди. Атай қилгандай, Азизанинг синглиси Мадинага урилиб кетди. У буни кутмаганди, ўзини тутиб қололмади, ор­қасида турган столга урилиб, йиқилиб тушди…

Бир зумда хонани бақир-чақир тутиб кетди. Кимдир Мадинани юпатган, яна кимдир эрка сингилчани койиган бўлди.

Азизанинг синглиси қилган ишидан пушаймон бўлмади ҳисоб. Фақат айёрона кулиб: “Ана энди томоша бошланди”, деди ўзига-ўзи, буни ўзидан бошқа ҳеч ким эшитмади.

Қўрқув ва ҳаяжонда қолган Азизанинг қўллари қалтиради, торт солинган биллур ликопчани ушлаб қололмади, у ерга тушиб, чил-чил синди. Азиза ҳамма кўзлар унга йўналтирилганлигини кўриб, Мадина туппа-тузуклигини англади. Дарров ваҳм аралаш нигоҳини бобосига қаратди. Бирпас саросимада қолди. Шу пайт бошининг чап томонини чап қўли билан ушлаб олган Мадинага кўзи тушди:

— Мадина, кўзингга қараб юрсанг бўлмайдими? Қара, нима қилиб қўйдинг? Бу ликопчани бобом Дубайдан олиб келганлар, тилло суви юритилган, қанча туришини биласанми? Мен билмайман, ҳаммасига сен айбдорсан! — деди айбини оқлаш учун.

Мадина хангу-манг бўлиб қолди. Энди даҳшатли тус олган кўзлар “ҳақиқий айбдор”дек, Мадинага қаратилди. Кимдир: “Вой, бефаросат-эй, кап-катта қиз, қилиб ўтирган ишини!” — деди. Мадина атрофга алангларди, нажот кутди, аммо ҳеч ким ҳеч нарса демасди.

—      Қўявер, унақа дема қизим, ҳаммаси яхшиликка. Синган буюмга асло ачинмаслик керак.

—      Онасининг бу гапи ҳам унинг назарида негадир киноя­дек эшитилди.

“Нега қўрқоқлик қилдим? Бобом туғилган кунимда балки мени кечирарди… Тўғрисини айтсам, Мадина билан яна ўртоқ бўлиб юрардим. Йўқ, барибир мен қўрқоқлик қилдим…” Бу ўй Азизага тинч­лик бермади. У оромгоҳини ҳам унутиб, Мадинанинг уйлари томон йўл олди…

Муқаддас Мамарасулова

Муаллиф ҳақида: Жиззах вилояти, Зарбдор туманида туғилган. 2019 йилда Тошкентдаги “Ҳилол-медия” нашриётида “Нишона сатрлар” китоби чоп этилган. Жиззах давлат педагогика институтининг хорижий тиллар ва адабиёти факультети 2-босқич талабаси.

Javob qoldiring

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

3 × three =