Ҳар киши “Алпомиш”ни ўқиса…

— Ҳар бир ўзбек “Алпомиш”ни ўқиши керак, чунки бу китоб Ватан ҳақида бебаҳо қасида, — деган инсоннинг болалари 80-йилларда бош эгиб яшар эди, — дейди қишлоқ оқсоқоли Раҳмонқул ота.

— Бу кунларнинг қадрига етинглар, мен урушга кетиб, жон олиб-жон бериб қайтганимда кўнгил қўйган қизимни отасидан катта одамга узатиб юборишган экан. Оҳ дедим, воҳ дедим, дардимни англагувчи бир зот топилмади. Алам қилгани “куёв” юз таниш эди-да, — деган эди кураша-кураша охир муродига етишган севишганларнинг тўйида ўтирган бир отахон. — Ким нима деса десин, Истиқлол бизга тинчлик, бахт-саодат берди, муҳаббат берди, юзимиз ёруғлигини берди деб қадрланглар, — дея даврани тарк этувди ўша одам…

Ватан деганда биз, аввало, уйимизни, остонамизни тушунамиз. Сал эс киргач, кўча-кўйга чиққанимизда қишлоғимиз қиёфасида она Ватанни тасаввур қиламиз. Ўзимизча ҳайратланиб, қизиқиб, ардоқлаб юрамиз. Бу туйғу болалигимизнинг кунора ўзига хос ишлари. Менимча, Ватанни ардоқлаш, севиш, ҳимоя қилиш, ҳув ўша олис, катталар, бизни “ҳа энди бола-да”, деб юрган кунлардан бошлаб куртак ёзган бўлади. Ҳар ҳолда мен шундай деб тушунаман. Дунёда бола тасаввуридан буюк нарса йўқ.

Саксонинчи йилларнинг охирида деворлари нурай бошлаган бинолар, қора меҳнатдан эзилган халқ, тонгда уйғонганига ишониб-ишонмай қўйган одамлар ва қадриятидан айрилган эл-улус қолганди. Ватан Мустақил бўлди. Биз ўша эски бинони буткул бузиб ташламадик, ўз навбатида шунчаки оққа бўяб ҳам қўймадик. Аксинча, унинг ёнида гўзал Ватан тикладик. Ғуруримизни, унутилишга маҳкум этилган қадриятларимизни тикладик. Бугун қад ростлаётган ҳар бир бинога боқиб, худди ғуруримиз ҳам шу қадар муҳташам бўлиб бораётганини ҳис қиламан.

Ҳозир оламнинг ҳар гўшасида хатар, ҳар пучмоғида таҳлика. Дунё денгизда бўронга дуч келган кемадай чайқалиб турибди. Четдан, ташқаридан кўриниши сипо, кўзни қувонтирадиган, ўзини дўст деб таништирадиган ёшлар кўп китоб ўқиши керак. Билимдон, ақл-заковати мўл, тафаккури кенг кишини даҳанаки ўйинлар асло чалғитмайди, ўзи танлаган йўлидан қатъий боришга замин яратади. Адабиёт пайдо бўлибдики, китоб инсоннинг энг яқин дўсти эканлиги ҳар бир асрнинг гапи бўлган. Бундан кейин ҳам шундай бўлиши, шубҳасиз. Турли “изм”ларнинг макрига учиб, ёлғон ваъдаларга ишонмаслигимиз жоиз. Бошимизни силаб, қаноти остига олиб, келажакка дадил қадам бос, сен бизнинг ишончимизсан, деб юрагимизга қувват берувчи ўз эл-юртимиз бор.

Санжар Турсунов

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

10 + 14 =