Мўъжизага қиёс юрт

Янги Ўзбекистон — янги ислоҳотлар

Навоий шаҳрини ва вилоятини саҳро бағридаги гўзал келинчакка, бетакрор мўъжизага қиёс­лашади. Ҳар иккала ўхшатишда ҳам жон бор. Бир сўз билан айтганда Навоий — Худо ярлақаган юрт. Навоийнинг чўлларидаги шувоқлардан гўё олтин зарралари тўкилади. Майсалар ер ости табиий элементларининг хабарчилари. Саҳролардан англаган одамга улуғ аждодларнинг жасорат ва мардлик нидолари ҳамон янграб туради.

Учқудуқ ва Томдидан таралган қозоқ ўланлари, Нур­ота ва Қизилтепадан бошланган ёронларга, Кармана ва Хатирчидан янграган лапарлар-у, Зарафшон ва Навоийдан таралаётган рус, қорақалпоқ қўшиқларига ҳамоҳанг янг­райди.

Мутахассисларнинг айтиш­ларича, Менделеев жадвалидаги барча химиявий элементлар Навоий заминида топилади. Алишер Навоий асарлари умум­инсоний ва ўлмас ҳикматларга бойлиги, умрбоқийлиги билан дунё адабиётини бо­йитганидек, Навоий вилояти ҳам ноёб ва бебаҳо захираси билан мамлакат хазинасини бо­йитиб туради. Вилоятдаги қудратли саноат корхоналари, янгидан бунёд этилаётган, ишга туширилаётган иншоотлар мамлакатимиз иқтисодининг асосий қон-томирлари ҳисобланади.

Янги йил арафасида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Навоий вилоятига навбатдаги ташрифини ҳар галгидек вилоят аҳли катта қувонч билан кутиб олди. Президентнинг бу ташрифи навоий­ликлар учун янги йилда муносиб ва катта совға бўлди.

Вилоятни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан янада ривожлантириш, амалга оширилаётган бун­ёдкорлик ишлари, қурилиб битказилган янги саноат мажмуалари билан танишиш мақсадида амалга оширилган ушбу ташриф жуда самарали ва мазмунли бўлди.

Мана, уч йилдирки Навоий вилоятида бошқа соҳалар каби, саноат ҳам ҳар томонлама гуркираб ўсмоқда. Президентимизнинг алоҳида таъкидлаб айт­ганларидек, бугунги кунда мамлакатимизда ишлаб чиқариладиган саноат маҳсулотларининг 10 фоизи Навоий вилояти ҳиссасига тўғри келади. Вилоят аҳоли жон бошига тўғри келадиган ялпи маҳсулот, инвес­тиция, саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари бўйича мамлакатда биринчи ўринни эгаллайди. Хизматлар ва чакана савдо бўйича пойтахтимиз Тошкентдан сўнг иккинчи ўринда туради.

Агар рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, вилоятда 2019 йилда умумий қиймати салкам 1,4 миллиард доллар бўлган 7 та давлат аҳамиятига молик ва 360 та ҳудудий инвестиция ло­йиҳалари амалга оширилди. Ишга туширилган ва амалга оширилган йирик лойиҳалар орасида “Навоийазот” акциядорлик жамиятининг 1,7 миллиард долларлик 3 та лойиҳаси ниҳоятда долзарб ҳисобланади. Илгарилари миллион, деб ёзсак, хурсанд бўлардик. Мана энди миллиардларни қаламга олаётирмиз. Бу салобатли рақамлар мамлакатимизнинг жадал ривож­ланаётганидан дарак беради.

“Навоийазот”нинг биринчи лойиҳаларидан — поливинилхлорид, каустик сода ва метанол ишлаб чиқариш маж­муасининг очилиши мамлакатимизда ушбу турдаги маҳсулотларга бўлган эҳтиёжни таъминлашда муҳим қадам бўлди.

Алоҳида таъкидлаш керакки, ушбу мажмуани бун­ёд этиш ва энг замонавий технология ва ускуналар билан жиҳозлашга 500 миллион доллар инвестиция сарфланди. Корхонада йилига 100 минг тонна поливинилхлорид, 75 минг тонна каустик сода, 300 минг тонна метанол ишлаб чиқарилади.

Ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар асосан автомобилсозлик, тўқимачилик, металлургия, кимё, нефть-газ тармоқлари, электр техникаси, қурилиш материаллари корхоналари фао­лиятида муҳим ўрин тутади. Бу маҳсулотлар шу пайтгача катта валюта эвазига импорт қилинар эди. Корхона ишга тушгач, энди ана шу йирик маблағ ўзимизда қолади. Энг муҳими, янги маж­муада 900 дан зиёд янги иш ўринлари яратилди. Ушбу ло­йиҳа Хитойнинг “China CAMC Engineering Co.LTD”, “HQS Shanghai Company” компаниялари консарциуми билан ҳамкорликда амалга оширилди. Буни ташриф чоғида сўзга чиққан инжиниринг корпорацияси вице-президенти Ванг Юханг ҳам мамнуният билан таъкидлади.

“Навоийазот”да қисқа даврда қиймати 217 миллион доллар бўлган янги замонавий азот кислотаси ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш бўйича иккинчи йирик лойиҳа ҳам якунланди.

— Саҳро бағрида Навоий ва Зарафшон каби шаҳарларни, саноат минтақасини барпо этган вилоятнинг меҳнаткаш, мард ва олижаноб аҳолиси янги Ўзбекистон ривожига катта ҳисса қўшишига ишонаман, — деди давлатимиз раҳбари. Ва: — навоийликлар танлаган йўлларидан ортга қайтмайдилар. Аксинча, олға интиладилар. Навоийликлар ҳамиша намуна бўладилар, — деб алоҳида ишонч билдирди.

Президент маросим иштирокчилари гувоҳлигида рамзий тугмани босиб, корхонани ишга туширди. “Навоийазот” акциядорлик жамияти кўп тармоқли саноат корхонаси ҳисоб­ланади. У мамлакатимиз нефть-газ тармоғи, қиш­лоқ хўжалиги, энергетика ва тоғ-кон саноати учун 70 дан ортиқ турдаги зарур маҳсулотларни етказиб беради.

“Навоийазот” корхонаси фаолиятини яқиндан туриб томоша қилиш ҳам ажойиб, ҳам ҳайратли. Турли хил бир-бирига пайвандланган, уланган катта-кичик қувурлар ўзига хос гўзаллик бун­ёд этган. Турфа маҳсулотлардан тайёрланган ушбу қувурлар бир қарашда осиб қўйилган лабиринтларга ўхшайди, бир қарашда эса кубикларни эслатади. Қувурлардан уларнинг ҳажмига қараб маҳсулот оқади. Бу маҳсулотлар қимматбаҳо ҳисобланади, саноат ривожи учун ишлатилади. Халқимизнинг табиий бойлигига айланади. Бошқа бир ноёб маҳсулотни ишлаб чиқаришга сабаб бўлади. Бу маҳсулотлар мамлакат тараққиётига, ривожига беминнат хизмат қилади…

Япониянинг “Mitsubishi Yeavy Industres” ва “Mitsubishi Corporation” компаниялари консарциуми билан ҳамкорликда янгитдан бунёд этилаётган корхонада замонавий технологиялар жалб этилиши туфайли йилига 735 миллион киловатт-соат электр энергияси тежалади. Оқибатда атроф-муҳитга чиқадиган зарарли газлар миқдори ҳам анча камаяди.

Шунингдек, “Навоий­азот”нинг ишлаб чиқариш репертуаридан янгидан қурилаётган кўплаб саноат мажмуалари ўрин олган. Ана шундай яна бир йирик корхона — азот кислотаси мажмуаси ҳисобланади. Қиймати 217 миллион долларга тенг ушбу корхона Швейцариянинг “CASVLE SA” компанияси билан биргаликда бунёд этилмоқда. Корхона йилига 500 минг тонна маҳсулот тайёрлаш қувватига эга. Шу кунларда сўнгги жиҳозлаш ишлари олиб борилмоқда. Уни ишга тушириш шу йилнинг февраль ойига мўлжалланган.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, бундан 55 йил олдин қурилган ҳар жиҳатдан эскирган азот кислотаси цехлари фойдаланишдан чиқарилади. Уларнинг ўрнини юқорида тилга олинган янги мажмуа эгаллайди.

Президентимизнинг ташриф давомида “Навоий” эркин иқтисодий зонаси фаолияти билан танишуви ҳам самарали бўлди. Президентимиз ЭИЗ фаолияти билан танишар экан, ютуқларни янада мус­таҳкамлаш, янги иннова­цияларни жорий этиш ҳақида аниқ кўрсатмалар берди.

Шубҳасиз, Президентимизнинг ҳар бир ташрифи замирида улкан мақсадлар, сарҳисоб ва катта-катта режалар ётади. Шунинг­дек, ушбу ташрифлар мазмун-моҳиятида улуғ ҳикматлар бор.

Ашурали Жўраев.

Javob qoldiring

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

four × 5 =